LOTIN-КИРИЛЛ

Меъёрий очлик танани филтрлайди — мутахассислар

   Жарроҳ Озод Шукруллаевнинг сўзларига кўра, 1 кунлик қисқа муддатли очликнинг фойдалари илм-фанда исботланган.

   “2016 йилда, – дейди у – 1 кунлик очликка асосланган илмий иши учун япон олими Ёшинори Оҳсуми Нобел мукофотини олган. У 1 кунлик очлик вақтида ҳужайралар ўзида тўплайдиган қолдиқ моддаларни парчалашини исботлаган. Бу нарса аутофагия деб номланади. Ва бир кунлик очликда ҳужайрадаги эскирган қисмлар ва кичкина лизосомалар деб аталадиган кичик фермент сақлайдиган қисмлар парчаланади”, дейди у “Пульс 1141” кўрсатувида.

   Озод Шукруллаев қисқа муддатли очликнинг организмнинг турли қисмларига ижобий таъсирини санаб берди. Унга кўра, қисқа вақт давом этадиган очлик организм захирасини фаоллаштиради.  

   Қариш жараёни. Қисқа муддатли очликда қариш жараёнида терида йиғиладиган пигментлар, эскирган ҳужайралар парчаланишни бошлайди. Парчаланган қисмларнинг оқсил заррачаларидан янги ҳужайралар пайдо бўлади.

   Теридаги тошмалар. Очлик даврида организмда яллиғланишни фаоллаштирадиган медиаторлар камаяди. Юздаги ҳуснбузар, псориаз каби касалликлар, ички ва ташқи яллиғланиш, аллергия касалликлари кескин қисқаради.

   Саратон ҳужайралари. Онкологик ҳужайралар одам организмида доим мавжуд. Улар кун давомида пайдо бўлади ва йўқолади. Бундай ҳужайраларнинг парчаланиши очлик давомида жадаллашади. 

   Нерв ҳужайралари. Очлик даврида нерв тўқималарининг ўсиш фактори ажралади. Нерв ҳужайралари тармоқланишни бошлайди. Яъни нерв тўқималари ўсади. Невр ҳужайрасининг бошқа ҳужайралар билан алоқалари кўпаяди. Бундан ташқари, нерв ҳужайраларини озиқлантирадиган глиал ҳужайралар очликда кўпайиши ва атрофидаги ҳужайралар билан тармоқланиши ортади.

Қисқа муддатли очликнинг ички аъзоларга таъсири  

Диетолог Осиё Исмоилованинг қўшимча қилишича, қисқа муддатли очликда тананинг ички аъзолари ҳам дам олади. Айниқса, жигар фаолияти яхшиланади.

“Жигар 500дан зиёд вазифани бажарди. 5-10 йил олдин еган маҳсулотларимизнинг токсинлари ҳам жигарда сақланади. Биз филтр идишларини ҳар 4-6 ойда алмаштириб турамиз, лекин жигарни бундай алмаштиришнинг иложи йўқ. Қисқа муддатли очлик бизга шундай имкониятни беради.

Инсоннинг 10 килограммдан кўп ортиқча вазни бўлиши ёғли гепатознинг биринчи босқичи ҳисобланади. Инсон ортиқча ва кўп нарса еганда биринчи жигарни ёғ босади. Бунинг олди олинмаса, ўт қопи ҳам ишдан чиқиши мумкин. Ўт қопидаги сафро эса маҳсулотлардаги энг керакли, ёғда эрийдиган витаминларни ўз жойига юбориб туради”, – дейди диетолог.

Шунингдек, инсон доимий ва ҳаддан ташқари кўп овқат еганда инсулин даражаси ортади ва одам семиришни бошлайди. Чунки бу гормоннинг вазифаси биз еяётган маҳсулотлардаги углеводларни ҳужайраларга жойлашдан иборат. Ҳужайралар эса кенгайиш хусусиятига эга. Қанча кўп овқат есак, инсулин кўпайган сари унинг вазифаси ҳам ортаверади ва инсулин ҳар хил ўсимталар, киста миомалар, папилломалар пайдо қилишга сабаб бўлади. Овқатланишни қисқа муддатли тўхтатиш орқали инсулинни тушириш мумкин.

Очлик меъёрида бўлиши лозим

Алтернатив тиббиётда очлик билан даволаниш усуллари ҳам қўлланилади. Бироқ очлик меъёрида бўлиши зарур. Бу меъёрнинг умумий чегараси йўқ, у ҳар бир кишининг ўз организмига қараб ўта индивидиуал бўлади.

Тошкент тиббиёт академияси овқатланиш гигиенаси кафедраси профессори, тиббиёт фанлари доктори Гули Шайхованинг сўзларига кўра, узоқ давом этган очликда (бир неча ҳафтагача ҳеч нарса емаслик ва/ёки фақат суюқлик ичиш) тўқималарнинг функционал фаол оқсиллари парчаланиши ва йўқотилиши, витаминлар, минерал моддалар камайиб кетиши, қонда пешоб кислотаси, ёғлар ва оқсилларнинг тўлиқ оксидланмаган маҳсулотлари тўпланиши, организмнинг кислотали-асосий ҳолати метаболик асидоз томонга сурилиши содир бўлади.

Клиник жиҳатдан, бу ҳолат кескин артериал гипертензия, гипогликемик ҳолатлар (қондаги глюкоза миқдори пасайиши), психоэмоционал бузилишлардан тортиб то руҳий бузилишларгача, полиневритлар кўринишлари ҳамроҳлик қиладиган гиповитаминозлар, тери ва сочлар шикастланиши, темиртанқис анемиялар билан бирга кечиши мумкин.

Юрак мушаклари оқсиллари парчаланишидаги ўзгаришлар туфайли юрак етишмовчилигидан, миокард инфарктидан, ошқозондан қон кетишидан, шунингдек, очликдан кейин ўта қуюқ овқат истеъмол қилинганлигидан ошқозон ўткир шишиши туфайли вафот этиш ҳолатлари тасвирланган

“Узоқ вақт оч қолиш асоратларини, – дейди Шайхова, – индивидуал тарзда ўрганмай олдиндан айтиб бўлмайди. Айнан шу сабабли ҳам парҳез овқатланиш фақатгина анъанавий даволаш усуллари клиник самара бермаган ҳолатда танланадиган услуб сифатида кўрсатиб ўтилган. Жуда кўп касалликларда узоқ вақт тугул, ҳатто қисқа вақт давомида оч қолиш ҳам мумкин эмас”.

Қандай ҳолатда оч қолишга рухсат этилмайди?

   Гули Шайховага кўра, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, ошқозон, ўн икки бармоқ ичак касалликлари, сурункали холецистит касалликлари, буйракларда тош касалликларида оч қолиш мумкин эмас.

   Семизликда ва ўткир панкреатит, ўткир холецистит, қон кетиши билан оғирлашган ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси каби баъзи бир касалликларда, шифокор назорати остида бир кеча-кундуз овқат ейилмайдиган озиш кунларида баъзи парҳез схемаларига йўл қўйилади.

   Узоқ ёки қисқа муддатли – 7-10 кун очликни соғлом одамларни “соғломлаштириш” учун тавсия этишга ҳеч қандай асос йўқ, беморларнинг эса ўз-ўзини очлик билан даволаши ўта хавфлидир.

 

O'qilgan: 466 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: