“Соғлиғи учун нима фойдали эканини одамнинг ўзидан яхшироқ биладиган шифокорни топиш қийин”.
Ксенофон
Бутунжаҳон саломатлик куни — сайёрамизнинг ҳар бир аҳолиси эътиборини соғлиқни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга, саломатлик, фаровонлик билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган кундир.
Шу боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти - ЖССТ фаолият бошлаган 7 апрель ҳар йили Жаҳон соғлиқни сақлаш куни сифатида нишонлаб келинади.
1948 йил тузилган ЖССТ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасига ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, тузилма таркибида 194 давлат бор.
Ўзбекистон ЖССТга 1992 йил 25 майда аъзо бўлган. Ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 1993 йилдан фаолият олиб боради.
Саломатлик кунини нишонлаш 1950 йилдан анъанага айланган. “Жаҳон соғлиқни сақлаш куни” аҳолига саломатлик инсон ҳаётида жуда муҳимлигини англатиш мақсадида кўплаб тарғибот дастурлари ишлаб чиқилади. Тадбирлар “Фаоллик — узоқ умр кўриш йўли”, “Иқлим ўзгаришидан саломатликни асранг”, “1000 шаҳар – 1000 ҳаёт”, “Урбанизация ва саломатлик” каби айни йўналишдаги глобал муаммоларга бағишланган турли шиорлар остида ўтади.
Ўтган йил учун коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга доир “Адолатли, соғлом дунёни қуриш” шиори танланган эди. Бу гал масъуллар дунё ҳамжамияти эътиборини ҳануз тўлиқ чекинмаган пандемия, борган сари долзарблик касб этаётган глобал экологик инқироз, саратон, астма касалликлари, юрак билан боғлиқ муаммолар авж олиши асносида энг зарур шошилинч чораларга қаратишга қарор қилди. Шу тариқа ЖССТ 2022 йилни “Сайёрамиз, бизнинг соғлиғимиз”, дея номлади.
ЖССТ ҳисоб-китобига кўра, олдини олиш мумкин бўлган экологик сабаб туфайли ҳар йили ер юзида, тахминан, 13 миллион киши нобуд бўлади. Улар орасида инсон саломатлиги учун жиддий хавф соладиган иқлим инқирози асоратида оламдан кўз юмадиганлар ҳам кўп.
Маълумки, ер куррасида 90 фоиздан зиёд аҳоли қазиб олинадиган ёнилғи моддалари ёниши натижасида ҳосил бўладиган носоғлом ҳаводан нафас олади. Глобал ҳарорат ошиши билан чивин орқали юқадиган касалликлар тезроқ ва кўпроқ тарқалади.
Экстремал об-ҳаво ҳодисалари, ер деградацияси ва сув танқислиги инсонларнинг мажбурий кўчирилишига, соғлиғи ёмонлашишига олиб келади.
Бундан ташқари, бутун дунё бўйлаб атмосферага чиқаётган иссиқ газ миқдорининг учдан бир қисмига тенг носоғлом, юқори даражада қайта ишланган озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотлари оммавий семиришни келтириб чиқаради, шунингдек, саратон ва юрак-қон томир касалликларини кўпайтиради.
Жаҳон саломатлик куни барча мамлакатлар учун соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг муҳим муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ҳаракат қилиш имконини яратади.
Бугунги кунда ЖССТ экспертлари 2,5 миллион шифокор, 9 миллион ҳамшира ҳамда доя ва бошқа тиббий мутахассисликлар бўйича 6 миллион тиббий ходим етишмаслиги билан боғлиқ глобал масала ҳақида бонг урмоқда.
Муаммо фақат энг қашшоқ юртларда эмас, балки ривожланган мамлакатларда ҳам учрайди. Зеро, кўплаб давлатларда тиббиёт ходимлари, асосан, шаҳарларда тўпланганлиги боис қишлоқлар ва чекка ҳудудларда тиббий хизмат сифати пастлигича қолмоқда.
Жаҳон саломатлик кунида ЖССТ барча ҳукуматлар секторларини тенгсизликнинг асосий омилларини аниқлаш ва бартараф этиш, бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантиришга йўналтирилган маблағ миқдорини ошириш бўйича чоралар кўришга чақиради