Ўттиз миллион гектар майдонни эгаллаб ётган Қизилқум кенгликлари ўрнида бундан бир неча миллион йиллар илгари Тетис океани мавжланиб турган, деган тахминлар мавжуд. Негаки, ҳозир ҳам Мингбулоқ овули атрофида тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган суякларини ҳам учратиш мумкин.
Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган «Жирақудуқ (ўзбек тилида “жира” – “жилға” маъносини билдиради) дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган “Тошўрмон”, деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилиб келмоқда. Бундан бир неча йил аввал Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд раҳбарлиги даги Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган (УРБАК) Халқаро экспедиция саъй-ҳаракатлари билан Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.
Бу сафар бир гуруҳ Словакия олимлари Мингбулоқдаги Жирақудуқ дарасида бўлиб туришибди. Ўзбекистон ва Словакия мамлакатлари ўртасида имзоланган меморандумга асосан экспедиция таркибида Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети доктори Мартин Кундрат, Дионисия Штура номидаги геология давлат институти доктори Марио Ольшавский, Словакия давлат музейи илмий ходими Габриэль Лешинский, Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети магистр-докторанти франциялик Дэмиен Мартен, Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети магистр-доктаранти перулик Джоселин Мендоза Йенгле бор.
-Бундан 100 миллион йиллар илгари Қизилқум ўрнида океан бўлган деган тахминлар бор. Океан қирғоқлари ва унга келиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Музлик давридан кейинги иқлим ўзгариши, глобал исиш даври бошланиб, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада-чанг ва тўзон гирдобида қолади. Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб океан атрофидаги ўрмонзорлар сувда ва қуриқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга кириб тошга айланган бўлиши мумкин, - дейди биз билан суҳбатда экспедиция раҳбари Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети доктори Мартин Кундрат.
-Ўзбекистон Республикаси давлат геология қўмитаси стратеграфия партияси Ўрта Осиё бўйича ягона ҳисобланади, - деди стратеграфия партияси етакчи геологи Юрий Фёдоров. – Икки мамлакат ўртасида қабул қилинган меморандумга биноан, биз томонимиздан экспедиция аъзоларининг тўлақонли фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. 8-10 кун давом этадиган илмий изланиш ишлари бугунданоқ ўз самарасини бериб, Жирақудуқ дарасидан бироз ноёб геологик, полеонтологик қазилмалар топилди.
Икки мамлакат Ўзбекистон Словакия ўртасида имзоланган меморандумга кўра Жирақудуқ дарасидаги илмий изланишлар 5 йил давомида олиб борилади. Экспециядан кўзланган мақсад шу пайтгача олимлар томонидан фақатгина тахмин қилинаётган юқорида қайд этилган воқеа-ҳодисаларга аниқлик киритиш орқали Қизилқум кенгликлари ўрнида океан бўлганлигини илмий жиҳатдан асослаб беришдан иборат.
Ҳакикатдан ҳам Жирақудуқ дараси ва унинг атрофида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва скелети суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки, ўрдак бурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди качонлардир океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.
Қолаверса, “Бохантау” дарасидаги қоятошларга битилган расмлар, “Жирақудуқ” дарасидаги тошга айланган дарахтлар, тош қотган ўрдакбурун диназаврлари болдир суяклари, акула тишлари ҳам мозийдан садо бериб турибди.
Буюк адиб Абдулла Қодирийнинг “Мозийга қараб иш кўрмак хайрлидир” деган сўзларида улкан ҳаёт ҳақиқати бор!
Райҳон ҚОДИРОВА, махсус мухбиримиз.
Учқудуқ-Жирақудуқ-Учқудуқ.