LOTIN-КИРИЛЛ

Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотиб қўйилса, дубликатини олишда қайта имтиҳон топшириладими?

   «Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотилса, гувоҳноманинг дубликати қайта имтиҳон топшириб олинадими?» деган савол сўнгги кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда

   Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқотиб қўйилса, гувоҳномани тиклаш учун қайта имтиҳон топшириш талаби мантиқсиз туюлса ҳам, қонунчиликда аслида шундай талаб мавжудлигига гувоҳ бўлиш мумкин.

   Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорида йўқолган миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликати назарий ва амалий имтиҳонлар топширилганидан сўнг берилиши назарда тутилган.

    Шунингдек, қарорга кўра, ўғирланган, ёнғин, табиий офат оқибатида ва бошқа шу каби сабабларга кўра йўқолган ҳамда дахлдор ваколатли идораларнинг ҳужжатлари билан тасдиқланган ҳолатларда қайта имтиҳон топшириш талаб этилмайди.

    Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳайдовчилик гувоҳномасининг узрли сабабларсиз йўқотилиши ҳайдовчилик гувоҳномасини олишдаги назарий ва амалий имтиҳонларни қайтадан топширишга сабаб бўлади. 

   Қизиғи, ушбу қоида 2018 йилгача ҳам мавжуд бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилгача амалда бўлган 1998 йил 19 октябрдаги 445-сон қарорида ҳам «Йўқолиб қолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг «дубликати» «Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари» бўйича назарий имтиҳон топширгандан сўнг берилиши, табиий офатлар: ёнғин, сув тошқини ва шу каби бошқа сабабларга кўра йўқолган ҳамда тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳоллар бундан мустасно эканлиги» белгиланган. 

    Бундай мантиқсиз талаб қонунчиликка қандай мақсадни кўзлаб киритилгани бизга қоронғи. Аммо бундай қоиданинг сақланиб қолиши коррупция учун йўл очиши тайин. Яъни ҳайдовчилик гувоҳномасини йўқотиб қўйган ҳайдовчи имтиҳонни қайта топширишдан қочиб, бунинг «узрли сабаб деб топилиши» учун тегишли ташкилотлар билан коррупцион муносабатларга киришишга ҳаракат қилиши мумкин. Масалан, ҳайдовчи гувоҳнома «ҳамёнга қўшилиб йўқолгани»ни тасдиқлатиш учун ички ишлар ходимига пора таклиф қилиши мумкин. 

Бу эса чуқур ўйламасдан қабул қилинган қоида натижасида фуқароларни жиноят содир этишга ундайди. 

   Шунингдек, мазкур талаб бугунга келиб ўз аҳамиятини йўқотганини ҳам қайд этиш лозим. Яъни 2022 йил 1 мартдан бошлаб ёнида биометрик паспорти ёки ID-картаси билан юрган ҳайдовчидан гувоҳнома талаб қилинмаслиги, ҳайдовчилик гувоҳномасининг мавжудлиги ЙҲХХ ходимининг планшети орқали базадан текширилиши белгиланди. Кечадан кучга кирган ушбу қоида йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномасининг дубликатини олишга эҳтиёж қолдирмайди ва эндиликда ҳайдовчилар ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан ҳам автомобил бошқариши мумкин. 

   Ушбу ҳолат ҳам имтиҳонларни қайта топшириш талабини қонунчиликдан чиқариб ташлашга асос бўлиши керак.

 

O'qilgan: 541 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: