Аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, кўмакка муҳтож фуқароларга ва ёлғиз кексаларга пул ёрдами кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнига ойликкомпенсация пул тўловлари жорий этилганди.
Жорий йил 28 январдаги Президент Фармонига кўра, 1 мартдан эътиборан ушбу имтиёзли тоифадаги шахслар сони яна ортди. Компенсация тўлови, уни олиш ҳуқуқига эга бўлган барча имтиёзли тоифадаги шахсларга, ушбу шахсларнинг пенсия (ижтимоий нафақа) олиши ёки олмаслиги ҳамда меҳнат фаолиятини олиб бориши ёки олиб бормаслигидан қатъи назар тўлаб борилади. Ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахсларга компенсация тўлови жорий этилди.
Бунда, ижтимоий нафақа олувчи ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз шахслар учун ҳар ойлик компенсация тўлови — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида тўланади.
Шунингдек ушбу фармон билан ёши 100 га тўлган ва ундан ошган ижтимоий нафақа олувчи шахслар учун ҳар ойда — пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 100 фоизи миқдорида қўшимча тўлов белгиланди. Яъни, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар нафақасига ҳар ойда тўланадиган қўшимча тўлов пенсия ва нафақа тайинланган ташкилот орқали республика бюджети ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Маълумот учун, имтиёзли шахслар тоифасига қуйидагилар киради:
*1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар.
*Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсия ва нафақа олувчилар;
*Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари, Социалистик Меҳнат Қаҳрамонлари ва «Слава» орденининг учала даражаси билан мукофотланган шахслар;
*Фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбуслари;
*Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқаролар;
* Кўриш қобилияти бўйича I - гуруҳ ногиронлари;
*Чернобил ҳалокати оқибатида жабрланган фуқаролар;
*Ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар.
*1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари.
Отабек ХОЛМУРОДОВ,
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Учқудуқ туман бўлими бошлиғи.