ЖОРИЙ ЙИЛ БОШИДАН “ИФТИХОР” МАҲАЛЛАСИ ЯНГИДАН ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Шаҳарлар, пасёлкалар, қишлоқлар ва овулларнинг маҳаллаларини тузиш, бириктириш, бўлиш ва тугатиш шунингдек, уларнинг чегарларини белгилаш ва ўзгартириш, уларга ном бериш ва уларнинг номини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 48-сонли қарорига асосан Учқудуқ туманидаги "Йўлчилар" овул фуқаролар йиғини ҳамда "Дўстлик", Мустақиллик" ва "Абай" маҳалла фуқаролар йиғинларининг айрим аҳоли пунктларини ўз қамровига олган 116,1 га тенг ер майдонига янги "Ифтихор" маҳалла фуқаролар йиғини ташкил қилинди ва Халқ депутатлари ҳудудий Кенгашининг 2021 йил 2 июлдаги №o VI-31-13-5-76-к/21-сонли қарори билан тасдиқланган.
Янги ташкил этилган "Ифтихор" МФЙ га, "Йўлчилар" ОФИ ҳудудидан “Истиқлол” кўчаси (бунда 317 хонадон, 348 та оила ва 1187 та ахоли), "Мустақиллик" МФИ ҳудудидан “Кончилар” кўчаси (Бохантау аҳоли пунктидаги 105 та хонадон, 112 та оила ва 610 та аҳоли). "Абай" МФЙ ҳудудидан (“Қурувчилар” 4 кўчасидаги 98 та хонадон, 132 та оила в 420 та аҳоли) ҳамда "Дўстлик" МФЙга қарашли А.Темур кўчасидаги 2 та хонадон 5 та оила, 17 та аҳоли қамраб олинди ва "Ифтихор" МФЙнинг бугунги кундаги аҳолиси сони 2234 тани, хонадонлар сони 522 тани ҳамда оилалар сони 597 тани ташкил қилади.
“Ифтихор” маҳалласига раисликка Анвар Махмудов, ҳоким ёрдамчилиги вазифасига Акмал Каримов, хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис вазифасига Лариса Бозорова ҳамда маҳалла ёшлар етакчиси вазифасига Марҳабо Нурманова тайинланди.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: «Маҳалла» атамаси арабча бўлиб, «ўрин-жой» деган маънони англатган. У турли минтақаларда маҳаллот (жой), гузар, жамоа, элат, элод номларда аталиб келинган. Адабиётларда маҳаллаларнинг кўп минг йиллик тарихга эга эканлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида Бухорода бундан 1100 йил илгари бир қанча маҳаллалар бўлганини қайд этиб ўтган. Алишер Навоий ўзининг «Ҳайрат ул аброр» асарида маҳаллани «маҳалла шаҳар ичидаги шаҳарча» дир дея таърифлайди. Ҳирот шаҳри юз шаҳарча аҳамиятига эга бўлган маҳаллалардан ташкил топганлигини айтиб ўтади.
Маҳаллалар, айниқса, Амир Темур даврида равнақ топган. Маҳаллалар фуқароларнинг касб кори асосида шаклланган ва шунга қараб номланган. Мис, заргарлик, мисгарлик, пичоқчилик, қошиқчилик, темирчи, эгарчи, тақачи ва ҳ. к.
Маҳалла қадимда маҳаллий ҳокимиятнинг ўзига хос бир шакли, кўриниши тарзида фаолият кўрсатган. Маҳаллани бошқариш жамоатчилик асосида олиб борилиб, ўзининг ёзилмаган ички тартиб қоидаларига эга бўлиб, у ҳамма учун бирдек қонуний ҳисобланган.