LOTIN-КИРИЛЛ

Ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатганларга жазо борми?

    Адлия вазирлигига аҳоли турли мавзуларда мурожаатлар йўллайди. Уларга оммавий жавоб бериш орқали ҳам аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда. Навбатдаги саволларга Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева жавоб берди:

   - Хориждаги олий ўқув юртларидан ўқишни Ўзбекистонга кўчириш мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди. Лекин бу асоссиз хабар бўлиб чиқди. Ижтимоий тармоқларда ёлғон хабар тарқатганларга жазо борми?

    - Албатта, нафақат ижтимоий тармоқлар, балки бошқа воситалар орқали ёлғон хабар тарқатганлик учун жазо бор. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВ, телекоммуникация тармоқлари ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш БҲМнинг 50 баравари (13 млн 500 минг сўм)дан 100 баравари (27 млн. Сўм) гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

   Шунингдек, ёлғон хабар тарқатганлик учун фуқаровий жавобгарлик ҳам мавжуд. Хусусан, Фуқаролик кодексига кўра шахснинг ор-номуси, шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ишчанлик обрўсини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли маънавий зарар етказилган бўлса, етказувчининг айбидан қатъий назар, қопланиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.

    Бундан ташқари, Жиноят кодексига мувофиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам ушбу хатти-ҳаракатлар такрор содир этилса, БҲМнинг 200 бараваригача (54 млн сўм) миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

- Ҳозирги кунда контрафакт маҳсулотлар сони ошиб бормоқда. Умуман қонунчиликда шундай маҳсулотлар сотганлик ёки тарқатганлик учун жавобгарлик борми?

- Ҳақиқатдан ҳам сўнги вақтларда контрафакт маҳсулотлар сони ошмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан “Контрафактсиз маҳсулотлар ойлиги” ўтказиб келинмоқда.

   Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки адаштириб юбориш даражасида улар билан ўхшаш бўлган белгилардан шу турдаги товарларга (хизматларга) нисбатан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ёхуд ўзганинг фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш - фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

- Фарзандим учун собиқ турмуш ўртоғимдан алимент оламан. У Россия давлатида ишлайди. Тўлаётган пули жуда кам. Шуни кўпайтириш мумкинми?  

- Оила кодекси 99-моддасига асосан агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ундириб берилади. 

   Бунда ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг: бир бола учун — тўртдан бир қисми; икки бола учун — учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун — ярмиси миқдорида ундирилади.  

    Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.  

   Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

   Сиз алимент миқдорини кўпайтириш тўғрисида даъво аризаси билан судга мурожаат қилишингиз мумкин.

 

 

O'qilgan: 495 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: