Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позилов иштирокида брифинг ташкил этилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда уй-жой-коммунал хизматлари харажатларини қисман қоплаш учун 5 турдаги имтиёзли тоифадаги шахсларга, яъни салкам 70 минг кишига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорини табақалаштирган ҳолда 72 минг сўмдан 144 минг сўмгача бўлган миқдорларда компенсация пуллари тўланиб келинмоқда.
Белгиланган тартибга мувофиқ, компенсация пул тўлови 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, уруш ногирони ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар (жумладан, байналмилалчи, тинчлик ўрнатувчи харбий хизматчилар), ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз пенсионерлар, концлагер маҳбуслари, Чернобиль атом электро станцияси ҳалокатини бартараф этишда қатнашиб жабрланганлар, ядро ва радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлар ва 1941-1945 йиллардаги урушнинг меҳнат фронти қатнашчилари учун тўлаб берилади.
Ушбу компенсация пул тўлови фақат меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи ёки пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга тўланиши белгиланиб, компенсация пул тўловлари бериладиган шахсларнинг имтиёзли тоифага кирувчи меҳнат фаолияти билан шуғулланмайдиган ҳамда пенсия ва нафақа олмайдиган шахсларга компенсация пули тўланмас эди. Яъни, Чернорбиль атом электро станцияси ҳалокатини бартараф этишда қатнашган, Афғонистон Республикасида байналмилал бурчини бажариб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган, меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган ҳамда пенсия ва нафақа олмаётган шахсларга, шунингдек ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга жами бўлиб 30 мингга яқин шахсларга компенсация пули тўланмаган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги фармонига асосан жорий йил 1 мартдан бошлаб, барча имтиёзли тоифага кирувчи (қўшимча равишда 30 минг нафар) шахсларга, уларнинг пенсия (нафақа) олиши ёки меҳнат фаолиятини олиб боришидан қатъий назар пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 45 фоизи миқдорида яъни 130 минг сўм миқдорда компенсация пулини олиш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз нафақа олувчи шахсларга 130 минг сўм компенсация тўлови жорий этилади. Ёши 100 га тўлган ва ундан ошган нафақа олувчи шахсларга ҳар ойда пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорида яъни 289 минг сўм миқдорда қўшимча тўлов тўлаб борилади.
Белгиланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида барча имтиёзли тоифадаги шахслар қўшимча 30 мингдан зиёд киши компенсация ва қўшимча тўловлар билан қамраб олиниб уларнинг сони жами 100 мингдан ошади. Ушбу компенсация пул тўловларини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган фуқаролар доимий ёки вақтинча турган жойи бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, ёши 100 га тўлган ва ундан ошган пенсия ёки нафақа олувчи шахсларга тўланадиган кўшимча тўлов Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 100 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқароларнинг ҳеч қандай мурожаатларисиз автоматик тарзда ахборот тизими орқали тайинланади.
Мазкур тўловларни молиялаштириш учун жорий йилда республика бюджетидан қўшимча 36,4 миллиард сўм миқдорда маблағ ажратилади.