Гуноҳнинг катта кичиги бўлмаганидек, ўғрилик ҳам худди шундай. Уни оғири енгили бўлмайди. Бировнинг хонадонидан оласанми ё ўзингникиданми у барибир ўғрилик ҳисобланади.
Учқудуқлик Р.Х. жиноятга қўл ураётган пайт бу ҳақда ўйламагани, фикр қилмагани аниқ. У 2012 йилдан буён Шимолий кон бошқармасида чилангар вазифасида ишлаб юриб, шу жараёнда ўз ишхонасига тегишли омборхонада нима бор, нима йўқлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади. Ҳар қараганида кўзига мис симлар катта бойлик кўрингани аниқ-ки, у ўзига шерик сифатида қишлоқдоши Х.М.ни танлаб олади.
Икки йигит худди кинофильмдагидек овлоқ чўл ҳудудида жойлашган ШКБга қарашли бўлинманинг омборхонасига кечки соат 01.00да бориб омбор атрофидаги девор остини ковлаб, у ерга ғайриқонуний кириб, мис электр кабелларини ўғирлашади. Ва ундаги мис бўлакларини 800 минг сўм эвазига пуллашади.
Эртаси куни ишга борган Р.Х. атрофга олазарак қараса-да, унинг “тунги операцияси” ҳақида ҳеч ким билмайди.
“Гадой бир эшикдан ўтгун-ча”, дегандек яна жиноий шеригини ёллаб, кечки 03.00да омборхонага ўғрилик учун келишади. Аммо бу гал “Кўза кунда эмас кунида синади” деганларидек, унинг қинғир ишидан ишхонасидагилар хабар топиши,б тегишли идораларга қўнғироқ қилишади.
Ўз корхонасида 10 йилга яқин вақт оралиғида ишлаган, дўсти-ёр орттирган Р.Х.нинг биргина қинғир иши уни суд залига ўз ишчилари олдига боши эгик ҳолда етаклади. У қилган ишидан пушаймонлигини айтса-да, “ўғри” деган доғни кетқизолмади. Чунки, у ўғрилаб сотган нарса гарчи унинг наздида омборхонада ўралиб ётган сим бўлаклари бўлса-да, кўпнинг насибаси эди.
Феруз ОТАМУРОДОВ,
2-сонли ИИБ жиноят –қидирув бўлими катта тезкор вакили, майор.