Республикамизнинг 3-секторларида яшовчи оилалар ўртасида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувларини ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Туризм ва спорт вазирликларининг қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида Учқудуқ тумани 3-сектори ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувлари ўтказилди.
Жорий йилнинг 12-13 декабрь кунлари туманимиздаги 3-сектор таркибига кирувчи маҳаллаларда истиқомат қилувчи барча оилалар фаол иштирок қилган спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашуви биринчи босқичи ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.
Хусусан, “КЕLАJАК” ёшлар марказида “Энг яхши маънавий етук оила” номинациясида йигирмага яқин оила вакиллари ўзаро беллашдилар. Ўзларининг билим ва салоҳиятларини амалда намойиш этган Жасур Камолов ва Мўътарам Идиева оиласи ғолибликни қўлга киритди.
Шунингдек, танлов доирасида “Энг яхши соғлом ва баркамол оила” мавзусида ўтказилган спорт беллашувларида Ғофуржон Ўразбаев ва Рўзигул Қурбонова оиласи совриндор бўлди.
Икки кун давом этган мазкур беллашувларда Учқудуқ туман ички ишлар бўлими бошлиғи, майор А.Райханов иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширди.
Ҳар иккала йўналишда ғолиблик бўлган оилалар “Энг яхши соғлом ва баркамол оила” шиори остида вилоятда бўлиб ўтадиган беллашувларда Учқудуқ тумани шарафини ҳимоя қиладилар.
Илҳом БЎРОНОВ,
туман ИИБ ҲПБ СФМГ катта инспектори, подполковник.