“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси томонидан аҳолининг кам таъминланган, ўзгалар кўмагига муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағларидан оқилона фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги фармойиши билан Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоятлардаги бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилиниб, Низоми тасдиқланган эди.
Жамғарма Низомига асосан маҳаллалардаги ҳар бир оила, фуқаронинг моддий аҳволи ўрганилган ҳолда ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳажми шакллантирилади. Секторлар раҳбарлари томонидан йиғилган маълумотлар Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари сессиясида муҳокама этилиб, сессия қарорига асосан жамғарма маблағлари аниқ кўрсатилган мақсадларга йўналтирилади.
Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида фонд туман бўлими қошида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармасига 656,2 миллион сўм келиб тушган.
Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгашининг тегишли қарорларига кўра, “Обод қишлоқ” дастури доираси “Кокаяз” ва “Узунқудуқ” ОФЙ Бузаубай овулида яшовчи 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг уй жойини таъмирлаш учун 127,5 миллион сўм маблағ ажратилган бўлса, олий таълим муассасаларида шартнома асосида ўқиётган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 4 нафар талаба қизларнинг контаракт тўловлари учун 16,9 миллион сўм тўлаб берилди
Шунингдек, 6 нафар “Темир дафтар” га, 3 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган фуқароларнинг ҳар бирига 20 тадан парранда учун 10,8 миллион сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга дори-дармон олиш, соғлигини тиклаш, оилавий шароитини яхшилаш ҳамда асбоб-ускуналар ва чорва моллари сотиб олиш учун 66,2 миллион сўм ажратилди.
Туманда амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам хайрия маблағларидан унумли фойдаланилмоқда. Жумладан, маҳаллалардаги ижтимоий шароити оғир бўлган оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш ишларига 15 тонна оҳақ маҳсулоти харид қилинди ва оилаларга тарқатилди.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан ёшларнинг ижодий-интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун шароитлар яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш асослари ва робототехника, компьютер ўйинлари ва киберспортни ёшлар ўртасида янада оммалаштириш, бу соҳада мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Бугунги кунда туманда ташкил этилган “Рақамли технологиялар ўқув маркази”да учқудуқлик ёшлар ахборот технологияларидан фойдаланиш бўйича ўз билимларини мустаҳкамламоқдалар. Айни пайтда марказда ўқитилаётган 10 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг ўқитиш харажатлари жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди.
Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Шалхар” ОФЙда ташкил этилаётган тикув цехи фаолиятини ташкил этиш ҳамда 6 дона тикув машинкаси ва жиҳозлари сотиб олиш учун “Smart Market Uchquduq” масъулияти чекланган жамиятига 35 миллион сўм ажратилди.
Фонднинг туман бўлими томонидан юртимизда нишонланадиган байрамлар арафасида турли маърифий тадбирлар ташкиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, “Ватан ҳимоячилари куни”, буюк аждодларимизнинг таваллуд саналари, “Наврўз” умумхалқ байрами, 22 март – Маҳалла ходимлари куни, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан маҳаллаларда карантин қоидаларига риоя этган ҳолда маънавий-маърифий ва хайрия тадбирлари ташкил этилди.
Икром Рахимов,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси раиси.