Ижтимоий тармоқларда ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсовнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузган депутатларга нисбатан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўғридан-тўғри жарима қўллаши мумкин деган фикрини эшитдим.
Тўғри, Ғиёсов бу фикрни билдиришда бироз хиссиётга берилди. Лекин аслида у ноқонуний нарса ҳақида айтмади. Келинг, шу масалага қисқача бўлсада ойдинлик киритишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига асосан “тегишли палатанинг розилигисиз депутат, сенатор жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас”. Шунингдек, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида “тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас” дейилган.
Яъни, биринчи қонунда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари, иккинчи қонунда эса ҳалқ депутутлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатларимизнинг дахлсизлик ҳуқуқи бирдек ва бир хил мазмунда эътироф этилган. Демак, юқоридаги 13 ва 11-моддалар мазмунидан: Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар палаталарнинг, вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари ана шу халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки СУД ТАРТИБИДА БЕРИЛАДИГАН МАЪМУРИЙ ЖАЗОГА тортилиши мумкинмаслигини тушуняпмиз.
Жиноий жавобгарлик масаласида фикр аниқ, ҳар қандай ҳолатда ҳам депутат ва сенаторларни уларнинг палаталари ва кенгашларининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортиб бўлмайди. Бу масалада дахлсизлик ҳуқуқи қатъий белгиланган. Маъмурий жазо масаласида эса, фикр бошқачароқ. Яъни 13 ва 11-моддаларда агар депутат ёки сенаторларга суд тартибида маъмурий жазо бериладиган бўлса, ана шунда уларнинг палаталари ва кенгашининг розилиги шарт эканлиги назарда тутилмоқда. Лекин, судсиз бериладиган маъмурий жазолар борасида палаталар ва кенгашларнинг розилиги ҳақида талаблар мавжуд эмас.
Ҳақиқатдан ҳам, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 245-моддасида суд томонидан маъмурий жазо бериладиган ҳуқуқбузарликлар (моддалар) кўрсатилган. Демак, депутат ва сенаторларга ана шу 245-моддада кўрсатилган ҳуқуқбузарлик учун жазо бериладиган бўлса, уларнинг дахлсизлиги эътиборга олиниши шарт. Бунинг учун аввал тегишли палата ёки халқ депутутлари кенгашининг розилиги талаб қилинади, улар рози бўлмайдиган бўлса, суд томонидан депутат ва сенаторга маъмурий жазо қўллаб бўлмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248-моддасида эса, тўғридан-тўғри ички ишлар органлари (судсиз тартибда) маъмурий жазо қўллаши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари (моддалари) кўрсатилган.
Демак, агар депутатлар ёки сенаторлар ана шу 248-моддада кўрсатилган ва тўғридан-тўғри ИИВ органлари томонидан, судсиз маъмурий жазо қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни содир қилса (масалан, йўл ҳаракати қоидаларини бузса), бундай ҳолатларда депутат ва сенаторларга дахлсизлик талабларисиз, яъни палаталар ёки кенгашларнинг розилигисиз маъмурий жазо қўллаш мумкин бўлади.