Маълум қилинишича, мазкур ҳашарат таркибида оқсил миқдори кўп бўлгани боис бутун дунёда чигиртка унига талаб жуда юқори.
Шу сабабли қашқадарёлик тадбиркор Музаффар Ҳамзаев вилоят инновацион ривожланиш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда Нишон туманида чигирткадан парҳезбоп ун тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳа қиймати 4,1 млрд сўм бўлиб, йиллик қуввати 80 тонна чигиртка уни ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва ҳар килоси 3,7 АҚШ доллардан сотилади.
Шунингдек, 10 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда чигиртка унини экспортга чиқариш учун тадбиркор М. Ҳамзаев раҳбарлик қиладиган Merry-Cricket МЧЖ ва Саудия Арабистонидаги ҳамкорлар ўртасида шартнома имзоланди.
Қайд этилишича, бу лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 1,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда.