Ассалому алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Азиз ёшлар!
Ўз мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт байроғининг Бирлашган миллатлар ташкилоти бош қароргоҳи майдонида музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки бу дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга эканининг тасдиғи, мустақиллигининг тан олингани ифодасидир.
Бундан роппа-роса 30 йил муқаддам Ўзбекистон деб аталмиш осойишта, эркин ва фаровон юртнинг она табиатдан андоза олиб ишланган давлат байроғи қабул қилинган эди.
Шу муносабат билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аҳолисини Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий муборакбод этаман!
Ўтган йиллар давомида бу муқаддас туғ энг олий саҳналар, энг юқори марраларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда. Ватандошларимиз қалбида шу юрт, шу ватан фарзанди эканлигидан ифтихор ҳиссини ошириб келмоқда.
Бугун бу байроқ фақатгина Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, у шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни қалбларга яқинлаштирадиган, дилларни дилларга улайдиган воситага айланган. Дунёнинг қайси бурчида бўлманг, бу байроқ она юрт нафасини димоққа уради, қадрдон Ватанни ёдга солади.
Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.
Байроқдаги мовий ранг – унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир.
Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли.
Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди.
Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади.
Туғини жонидан ортиқ асраган Тўмарис, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баланд кўтарайлик!
Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисидаги Қонун қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин!