Дунёда инсон саломатлиги учун масъул бўлган, улар умрининг бардавом бўлиши учун жон куйдиришга тайёр турган Абу Али ибн Синодек буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлган тиббиёт ходимлари ўзларининг касб байрамини кенг нишонладилар.
Дарҳақиқат, шифокорлар ҳар даврнинг қаҳрамони ҳисобланади. Дунё яралибдики, инсонларнинг дардига дармон бўлгувчи ушбу шарафли касб эгалари ўз қадри ва аҳамиятини йўқотмаган. Мақолада Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси фаолияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.
Туман марказий шифохонаси Бухоро вилояти ижроия комитетининг 1982 йил 1 майдаги буйруғига асосан ташкил этилган. Биринчи бош шифокор қилиб Балсариев Шарапбек Жумадиллаевич тайинланган. Қарийб 40 йил давомида Умирзах Узахбаев, Эргаш Ойдинов, Алмахан Нурмаханов, Айдос Ерманов, Қартбай Тишқанбаев, Копжасар Молдабаев, Айсулу Умиралиева, Жамалиддин Қоржинбаев, Эргаш Аҳмедов, Азизжон Авазов, Умар Шодиев, Зафар Расулов, Фозил Ризаев сингари билимли ва фидойи шифокорлар бош врач лавозимида ишлаганлар.
Бугунги кунда ёш, иқтидорли ва ташаббускор врач Нурали Сафоев жамоага етакчилик қилиб келмоқда.
Тумандаги 37 254 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт бирлашмасининг таркибий тузилмасида 80 ўринга мўлжалланган марказий касалхона, 125 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, тез ёрдам бўлими, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўлими, ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими, 25 қатновга мўлжалланган 7 та оила шифокорлик пунктлари ва 1 та оилавий поликлиника фаолият олиб боради.
Ҳудуд аҳолисининг барча қатлами патронаж хизмати билан қамраб олинган. Кўп тармоқли поликлиникада 142 нафар ўрта тиббий ходимдан 43 нафари умумий амалиёт ҳамширалари ҳисобланади.
Шунингдек, оилавий шифокорлик поликлиникасида 29 нафар ҳамширанинг 10 нафари патронаж ҳамшираси вазифасини бажариб келмоқда.
Ўтган даврда патронаж хизмати мутлақо янгича асосда ташкил этилди. Ҳамшираларнинг уйма-уй юриб, ҳар бир фуқаро саломатлигини назорат қилиб бораётгани касалликларнинг олдини олиш ва аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Туманда жами 55 нафар ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронлар рўйхатга олинган бўлиб, ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими томонидан тиббий ижтимоий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунга келиб ўз натижаларини бераётир. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ҳаракатини тартибга солишга доир қабул қилинган ҳужжатига мувофиқ, 66 хил турдаги дори-дармонлар аҳолига биринчи ёрдам ва даво курси сифатида бепул берилмоқда.
Шунингдек, СОVID - 19 касаллигини олдини олиш мақсадида 91 % аҳоли эмлаш билан қамраб олинди. Мактаб, мактабгача таълим муассасалари ва тиббиёт ходимлари гриппга қарши вакцина билан бепул эмланди. Ҳозирги кунда мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари ва 1-синф ўқувчилари гриппга қарши вакцина билан бепул эмлаш ишлари олиб борилмоқда.
Туманда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ишлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Хусусан, ҳомиладор аёллар саломатлигини доимий назорат қилиш тизими йўлга қўйилгани оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олишда муҳим омил бўлмоқда.
Тиббиёт бирлашмасида самарали меҳнат қилиб келаётган билимли ва жонкуяр тиббиёт ходимларидан акушер-гинеколог врач Гулбаҳор Нурназарова, невропатолог Зафар Қўзиев, врач-терапевт Раъно Аҳмедова, оила шифокори Марҳабо Аслонова, педиатр врач Барно Артикова, лор врачи Актам Шералиев, “Авангард” ОШП врачи Азизбек Бўронов, бош ҳамшира Ирода Пўлатова, кўп тармоқли поликлиника врачи Маҳфуза Юсуповалар инсонлар соғлигию, саломатлиги учун курашда доимо олдинги сафларда бўлиб, зиммаларига юклатилган масъулиятни сидқидилдан бажармоқдалар.
Эл-юртимиз дардига ҳамиша дармон бўлиб келаётган сиз, азизлар, бор куч-ғайратингиз, билим ва малакангизни аямасдан меҳнат қилаётган экансизлар, қўлларингиз асло дард кўрмасин, деймиз!. Халқимизнинг бахтига доимо соғ-саломат бўлиб юринглар!
Райҳон ҚОДИРОВА,
махсус мухбиримиз.