Молия вазирлиги пенсия ишлари бўйича буйруқ лойиҳасини ишлаб чиқди
Ўзбекистонда пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартибини ўзгартириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Молия вазирлиги томонидан «Пенсия ишларини расмийлаштириш ва юритиш тартиби ҳамда пенсия ҳужжатларининг шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги буйруқ лойиҳаси ишлаб чиқилган. Таъкидланишича, лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Хусусан, пенсия йиғмажилди, пенсия ва бошқа тўловларни тайинлашга тааллуқли ҳужжатларни расмийлаштириш, шунингдек аризаларни рўйхатга олиш учун Пенсия жамғармаси бўлими томонидан рўйхатга олиш китоблари ахборот тизимида электрон шаклда юритилади. Пенсионерларга берилган гувоҳномаларни рўйхатга олиш китоби бундан мустасно.
Қайд этилишича, пенсия йиғмажилдининг тўғри расмийлаштирилиши пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш (қайта ҳисоблаш) ва бошқа тўловларни ташкил қилиш шўъбасига юкланади. Пенсия йиғмажилдини расмийлаштириш ва юритиш ягона тартибига амал қилиниши устидан назоратни олиб бориш шўъба мудирига, умумий назорат эса Пенсия жамғармаси бўлимининг бошлиғига юкланади.
Шунингдек, лойиҳа билан пенсия, уй-жой–коммунал хизматлари учун компенсация пул тўловларини тайинлаш, пенсия ва ижтимоий нафақаларни қайта ҳисоблаш, тўловни тиклаш ва бошқалар тўғрисидаги аризаларнинг янги шакллари таклиф қилинмоқда.