Давлат божи қайта кўриб чиқилади, иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари ҳам кескин камаяди.
14 ноябрь куни ҳукумат томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2022 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси ва Бюджетнома киритилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар қилмоқда.
Ушбу ҳужжатларга кўра, фуқароларга мулкий муносабатларни амалга оширишда давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнларини енгиллаштириш ва мулк ҳуқуқини тўлақонли тасарруф этишга қулай шароитларни яратиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун йиғим тўлиқ бекор қилинади.
Депутат Молия вазирлигидаги манбаларга асосланиб ёзишича, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга киритилиши кутилаётган ўзгартиришга асосан автомобил олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ундириладиган давлат божи, транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан қатъи назар, БҲМнинг 3 баробари (810 минг сўм) этиб белгиланади (солиштириш учун амалдаги тўлов миқдори БҲМнинг 2 баробари (540 минг)дан 10 баробаригача (2 млн. 700 минг).
«Демак, «2022 йил учун давлат бюджети тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартириш киритиш ортидан иккиламчи бозордан сотиб олинган автомобилни расмийлаштириш харажатлари кескин камаяди.
Мисол учун, амалдаги тартибга асосан от кучи 105 бўлган ва ишлаб чиқарилган санаси 3 йилдан кўп бўлмаган «Нексия» автомобилининг олди-сотди шартномасини нотариал расмийлаштириш учун ҳозир ўртача 5 млн 535 минг сўм харажат талаб қилинаётган бўлса, қонунчиликка юқоридаги ўзгартиришлар киритилгандан сўнг (2022 йил 1 январдан) бу харажатлар тахминан 4 млн сўмга камайиб, 1 млн 600 минг атрофида бўлади.
Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда бир йилда 300 мингдан ортиқ (ишончномалар билан ҳисоблаганда аслида 700 мингдан ошади) автомобил олди-сотди шартномалари амалга оширилишини инобатга олсак, кўзда тутилаётган бу ижобий ўзгаришлар натижасида фуқаролар ихтиёрида қўшимча 1,2 трлн сўмдан ортиқ маблағ қолдирилади», дея ёзади депутат.
У 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун 3 фоизлик йиғим автомашиналар нархига киритилгани ва шу кунгача фуқаролар UzAuto Motors автомашиналарини 3 фоиз ортиқ нарх билан харид қилиб келаётганини эслатиб, энди ушбу йиғим бекор қилиниши ортидан UzAuto Motors автомобил нархларини 3 фоизга тушириши кераклигига ишора қилган.
«Лекин компания харидорлардан автомашина нархи ичида олинган 3 фоизлик йиғимни (биргина 2020 йилнинг 9 ойида 582,6 млрд сўмни ташкил этган) шундоқ ҳам давлат бюджетига тўламай келганини инобатга олсак, булар нархни оширса-оширадики, асло камайтирмайди», дея қўшимча қилади у.
• Аввалроқ, Kun.uz сайтида одамларни кўпдан бери қийнаётган масала — эски автомашиналарни расмийлаштиришдаги божлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги, иккиламчи бозордаги автомобилни харидор номига расмийлаштириш ҳаддан зиёд қимматлиги, шунингдек, яширин харид сифатида нотариал тасдиқланадиган ва нисбатан арзонроқ бош ишончнома келтириб чиқараётган хатарлар ҳақида мақолалар эълон қилинган эди.
• Мазкур мақолаларга асосан депутат Дониёр Ғаниев иккиламчи бозордан харид қилинган автотранспортни расмийлаштиришдаги тўловлар қайта кўриб чиқилиши лозимлиги бўйича молия вазирига сўров юборганини ва 2022 йилги давлат бюджети муҳокамасида бу масалани кўтариб чиқишини маълум қилганди.
• Кейинроқ, депутат ўз сўровига жавоб олганини, унда сотиб олинган автотранспорт воситасини ДЙҲХХда рўйхатдан ўтказиш учун транспорт воситасининг от кучи ва ишлаб чиқарилган санасидан келиб чиққан ҳолда фуқаролардан ундириладиган йиғимни бекор қилиш, шунингдек нотариал идорада ундириладиган давлат божини пасайтириш назарда тутилаётгани маълум қилинганини билдирганди.