LOTIN-КИРИЛЛ

Тарихда бугун: Мирзо Улуғбек ўлдирилди

Давлат арбоби ва олим Мирзо Улуғбек 1449 йилнинг 27 октябрида тож-тахт илинжидаги ўғли Абдуллатифнинг буйруғига биноан Самарқанд яқинида ўлдирилган эди. 

     Улуғбек 1394 йилнинг март ойида Эрон ғарбидаги Султония шаҳрида, бобоси Темурнинг ҳарбий юриши пайтида туғилди. У Шоҳрух Мирзонинг тўнғич ўғли бўлиб, унга Муҳаммад Тарағай исми берилган, лекин болалигидаёқ у Улуғбек деб атала бошлаб, бу исм кейинчалик унинг асосий исми бўлиб қолди.

     У йигирма ёшларида ўз даврининг йирик олимларидан бўлиб, унинг ҳокимлиги давридаги муҳим янгиликлар бутун ўрта аср маданияти тарихида улкан аҳамият касб этди. Улуғбекнинг ходими бўлмиш Ғиёсиддин Жамшид Коший 1417 йили Самарқанддан Кошонга отасига ёзган мактубида Улуғбекнинг фаолияти ва билимдонлигини қуйидагича таърифлайди: «Аллоҳга ва унинг неъматларига шукроналар бўлсунким, етти иқлимнинг фармонбардори, Ислом подшоҳи (яъни Улуғбек) донишманд кишидирлар. Мен бу нарсани одоб расми юзасидан айтаётганим йўқ. Ҳақиқат шуки, аввало у киши Қуръони Каримнинг аксарият қисмини ёддан биладилар. Тафсирларни ва муфассирларнинг ҳар бир оят ҳақидаги сўзларини ақлда сақлайдилар ва ёддан биладилар ва арабчада ғоят яхши ёзадилар. Шунингдек, у киши фиқҳдан анча хабардорлар, мантиқ маъноларининг баёни ва усулларидан ҳам хабардорлар».

      Улуғбекнинг илмга қизиққанлиги ва мамлакатнинг равнақини кўзлаганлиги туфайли янги усуддаги билим юрти – мактаб ва мадрасалар барпо қилишга қарор қилиб, деярли бир вақтнинг ўзида Самарқанд, Бухоро ва Ғиждувонда учта мадраса барпо этади.

     У барпо этган Самарқанд мадрасаси ва илмий тўгараги Шарқ маданияти ва фани тарихида улкан аҳамият касб этди, мамлакат равнақига, шунингдек, кўп халқларнинг маданий ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Бу ерда кўплаб буюк сиймолар шаклланди. Жумладан, Хуросоннинг Жом шаҳрида 1414 йили туғилган бўлажак улкан шоир Жомий Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида таҳсил кўрди. Бу ерда у Қозизода, Улуғбек ва Али Қушчи каби улкан олимларнинг маърузаларини эшитди ва уларнинг тарбиясида бўлди.

     Улуғбек атрофида тўпланган Самарқанд олимлари катта аҳамият берган энг муҳим илмий йўналишлардан бири астрономия фани эди. Исломдаги энг аввалги астрономик асарлар «Зиж» деб аталиб, улар асосан жадваллардан иборат бўлган. Улуғбекдан аввал ёзилган энг мукаммал «зиж»лар Берунийнинг «Қонуни Масъудий»си ва Насриддин Тусийнинг 1256 йили ёзиб, Хулашхонга тақдим этган «Зижи Элхоний» асари эди. XV аср бошларида ёзилиб, Шоҳрухга аталган Жамшид Кошийнинг «Зижи Хоқоний» асари асосан хитой ва мўғул анъаналарига асосланган бўлиб, ислом мамлакатлари учун деярли аҳамиятта эга эмас ва илмий жиҳатдан ҳам анча саёз эди. Мовароуннаҳрда эса мўғул истилосидан кейин бирорта «зиж» ёзилмаган эди. Ана шу сабабларга кўра Улуғбек энг аввало астрономик изланишларни йўлга қўйиши, бунинг учун расадхона барпо этиши керак эди. Бу ҳақда Абу Тоҳирхўжа бундай хабар қилади: «Мадрасага асос солинганидан тўрт йил кейин Мирзо Улуғбек Қозизода Румий, Мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ва Мавлоно Муиниддин Кошонийлар билан маслаҳатлашиб, Кўҳак тепалигида Оби Раҳмат ариғининг бўйида расадхона биносини қурдиради. Унинг атрофида эса баланд ҳужралар барпо этади».

     Расадхона қурилиши 1424 йилдан 1429 йилгача давом этади. Расадхона битиши билан астрономик кузатишлар бошланиб кетади. Расадхона билан мадрасанинг биргалиқдаги фаолияти Улуғбек илмий мактабида астрономия ва математикани ўрта асрлар даврида энг юқори поғонага кўтариш имконини берди.

     Давлат ишлари билан боғлиқ бўлган юриш-кўчишлар, расадхонадаги кузатишлар ва мадрасадаги дарслар, ундан ташқари илмий ишларга умумий раҳбарлик қилиш хам Улуғбекнинг кўп вақтини оларди. Шунинг учун бўлса керак, бевосита Улуғбекнинг қаламига мансублиги маълум бўлган илмий асарлар сони жиҳатдан кўп эмас – улар тўртта.

     Улуғбек илмий меросининг энг асосийси, маълум ва машҳури унинг «Зиж»и бўлиб, бу асар «Зижи Улуғбек», «Зижи жадиди Гурагоний» деб ҳам аталади. «Зиж»дан ташқари унинг қаламига мансуб математик асари «Бир даража синусини аниқлаш ҳақида рисола», астрономияга оид «Рисолайи Улуғбек» (ягона нусхаси Ҳиндистонда, Алигарҳ университети кутубхонасида сақланади) ва тарихга доир «Тарихи арбаъ улус» («Тўрт улус тарихи») асаридир

O'qilgan: 528 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: