“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси ҳузуридаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича ШТАБИ МУРОЖААТИ
Маҳалла Ватан ичра кичик ватандир. Зеро, яшаб келаётган уйимиз, ҳар куни юрадиган кўчамиз маҳалланинг бир қисми экан, Ватан остонаси маҳалладан бошланади, десак муболаға бўлмаса керак. Шу боис ҳам маҳаллаларда осойишталик, тозалик ва ободончилик ишларига давлат даражасида алоҳида эътибор қаратилиб келинади.
Хонадонимиз ва унинг атрофини, кўчамиз, жамоат жойлари ободонлиги, тозалиги ва кўркамлигини сақлаш, шу эзгу мақсад йўлида яқинларимизга ёрдам бериш ва жамоавий ҳашарлар ўтказиш бу бизнинг азалий қадриятларимиздан биридир.
Жамоат ва давлат ташкилотлари таклифи ҳамда ташаббуслари инобатга олиниб, 2021 йил 12 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 455Ф-сонли Фармойиши қабул қилинди. Фармойишга асосан давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини нишонлашга муносиб тайёргарлик кўриш муносабати билан август ойини “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги ҳамда 21 август куни “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашарини ўтказиш белгиланди.
Фармойишга биноан, ободонлаштириш ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашари доирасида:
- маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли уйлар, бинолар ҳамда ҳовлилар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар, ариқлар, кўча ва йўлакларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш, дарахтларни оқлаш ва уларга шакл бериш, ҳудудларда санитария-гигиеник дезинфекция ишларини амалга ошириш, шу билан бирга, ойлик даврида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойларини яхшилашга кўмаклашиш борасида чоралар кўрилиши лозим бўлади;
- Умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш муносабати билан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ўтказилиб, умумхалқ хайрия ҳашаридан тушган маблағларни кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, пенсионер ва ёлғиз қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, “Нуроний” жамғармаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Обод ва хавфсиз маҳалла” жамғармаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, тегишли йўналишлар бўйича харажатларини қоплаш ва ходимларини бир марталик рағбатлантириш, ички туризм ҳамда аҳолига қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш каби тадбирларга сарфлаш кўзда тутилган.
Азиз УЧҚУДУҚЛИКЛАР, азиз юртдошлар! Сизларни, мамлакатимизда (туманимизнинг барча маҳаллаларида ва меҳнат жамоаларида) 2021 йил 21 август куни “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида ўтказиладиган умумхалқ ободонлаштириш хайрия ҳашарида ва “Маҳаллаларни ободонлаштирайлик” ойигида фаол иштирок этишга даъват қиламиз!
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Учқудуқ туман бўлинмаси ҳузуридаги “Маҳаллаларни ободонлаштириш” ойлиги ҳамда умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш бўйича ШТАБИ