Навоий вилоятининг Учқудуқ туманида темир қувурларни ўмармоқчи бўлган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент
Маълум қилинишича, Департаментнинг Учқудуқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда фуқаро О.нинг бошқарувидаги MAN русумли юк машинасида «У.Д.» МЧЖ раҳбари М.А. ва бошқалар туман Ободонлаштириш бошқармаси балансида бўлган «Шалхар» ОФЙ ҳудудидаги ичимлик суви тармоғидан кесиб олинган умумий қиймати 87,3 миллион сўмлик темир қувурларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз олиб кетаётгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 28, 25, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.