Тошкент вилоятидаги Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатида 11 август куни бўлиб ўтган пресс-тур мобайнида «Қалмоқир» тоғ-кон ишлаб чиқариш техника бўлим бошлиғи Аъзам Асқаров 2028 йилга бориб ҳудудда дунёдаги энг катта очиқ конлардан бири яратилиши ҳақида маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2021 йилда Омалиқдаги «Қалмоқир» конидан 33 ярим миллион тонна руда олиниши режалаштирилган бўлиб, бу рақамлар 2028 йилга бориб 45 миллион тоннагача чиқарилади. Шу билан бирга, 2028 йилгача «Қалмоқир» кони ва унинг яқинида жойлашган 2017 йилда очилган «Ёшлик-1» кони бирлаштирилиб, йилига 150 миллион тонна рудани қайта ишлайдиган дунёдаги энг катта очиқ конлардан бири яратилиши айтиб ўтилди.
«Қалмоқир кони 2017 йилда очилган 'Ёшлик I' кони билан бирлашиб, ягона «Олий Зиё» номли дунёдаги энг катта конлардан бирига айланади. Қазиб олинадиган руда ҳажми 150 миллион тоннага етади. Бу ҳажмнинг беш баробарга ошиши дегани. Бу 400 минг тонна мисни англатади», — деди Аъзам Асқаров.
Шунингдек, кондаги фойдали қазилмаларнинг (олтин, мис, молибден ва бошқа) захираси 70 йилга етиши ҳисоблаб чиқилгани маълум қилинди.