LOTIN-КИРИЛЛ

АҚШ федерал ҳукумати 68 йил ичида биринчи марта аёл кишини қатл этди. У ҳомиладор аёлни ўлдириб, унинг боласини ўзиники қилиб кўрсатган

АҚШнинг Индиaна штати Терре-Хот шаҳри қамоқхонасида ҳомиладор аёлни ўлдириб, унинг боласини ўғирлаганлик учун ҳукм қилинган 52 ёшли Лиза Монтгомери қатл қилинди, деб ёзади Meduza. Унга ўлимга олиб келувчи инъекция қилинди. Қатлдан аввал Монтгомерига сўнгги гапини айтиш имконияти берилди. У бундан бош тортди.

 

Лиза Монтгомери — 1900 йилдан буён АҚШ федерал ҳукумати томонидан қатл қилинган учинчи аёл. Федерал даражадаги аввалги қатллар 1953 йилдаёқ амалга оширилган. Ўшанда бирйўла икки аёл — Бонни Браун Хеди (автомобиль магнатининг ўғлини ўғирлаганлик ва ўлдирганлик учун) ва Этел Розенберг (Собиқ иттифоқ фойдасига жосуслик учун) қатл этилган. Аёлларнинг штатлар даражасида қатл қилиниши 1953 йилдан кейин ҳам юз берган. Уларнинг сўнггиси 2015 йилда амалга оширилган; эрининг ўлдириб кетилишини уюштирганлиги учун ўлимга маҳкум қилинган Келли Гиссенданер қатл этилган эди. Федерал даражадаги ўлим жазолари 2020 йилнинг июлида 17 йиллик танаффусдан кейин қайта бошланди.

Лиза Монтгомери ҳомиладор аёлнинг боласини унинг қорнидан чиқариб олган. Ва уни ўз боласи деб кўрсатган

2004 йилда канзаслик Лиза Монтгомери интернет орқали 23 ёшли миссурилик Бобби Жо Стиннетт билан боғланган. Улар итсеварлар форуми орқали таниш бўлиб, у ерда Стиннетт фарзанд кутаётгани ҳақида ёзганди. Лиза Бобби Жога ўзини бошқа исм билан таништириб, кучукча сотиб олиш баҳонасида унинг уйига келган. У ўша пайтда 8 ойлик ҳомиладор бўлган Бобби Жони бўға бошлаган. Сўнг Монтгомери унинг қорнини пичоқ билан кесиб, болани чиқариб олган. Орадан бир неча соат ўтиб, уйига онаси келган вақтда Бобби Жо ҳали тирик бўлган, аммо у касалхонада вафот этган.

Лиза Канзасга қайтиб келиб, эри Кевинга қиз фарзанд туғганини айтган. Бундан аввал у турмуш ўртоғига ҳомиладорлигини айтгани учун эркак чақалоқнинг ўз фарзандлари эканлигига ишонган. Лиза қизчани қўшниларига ҳам кўрсатган, уларни ҳам ҳомиладорлигига ишонтирган эди. Аёл жиноятдан кейин бир сутка ўтиб қўлга олинган. Ўғирланган қизча тирик қолган. Уни отасига қайтаришган. Виктория Жо ҳозир 16 ёшда. У онасининг ўлими ҳақида омма олдида ҳеч қачон гапирмаган.

Монтгомери бир неча марта ўзини ёлғондан ҳомиладор қилиб кўрсатган. Собиқ эри ундан фарзандларини олиб қўйиш учун шуни далил қилиб келтирмоқчи бўлган

Судда Кевин Монтгомери аввалги турмушидан тўрт фарзандни дунёга келтирган хотини уч марта унга ҳомиладор эканлигини айтган (биринчи икки ҳолатда гўёки саломатлиги туфайли аборт қилдиришига тўғри келган). Аммо Лизанинг собиқ эри Карл Боман аслида у фарзанд кўра олмаслигини маълум қилган: тўртинчи туғруқдан кейин у стерилизация қилинган.

Карлнинг сўзларига кўра, Лиза нафақат Кевин билан турмуши даврида, балки у билан никоҳда бўлган пайтда ҳам ўзини ҳомиладор қилиб кўрсатган, аммо у Кевиндан фарқли равишда стерилизациядан хабардор бўлган. Ажрашганидан кейин Карл тўрт фарзандининг иккиси устидан васийликни қўлга киритмоқчи бўлган ва шу мақсадда судда унга қарши далил сифатида собиқ хотинининг сохта ҳомиладорликларидан фойдаланмоқчи бўлган. Лиза бу режалар ҳақида билган. Карлнинг сўзларига кўра, қотилликдан бироз аввал Лиза унга қўнғироқ қилиб, «унинг ноҳақлигини исботлашга» ваъда берган.

Айблов томони Лиза ақли расо ҳолда жиноятни режалаштирганини, хусусан, интернетда кесарча кесишни қандай амалга ошириш ҳақида маълумот қидирганини таъкидлаб, у учун ўлим жазосини талаб қилди. Ҳимоя томони эса судланувчи болалигидан зўравонлик қурбони бўлгани, шу сабабли унда сохта ҳомиладорлик синдроми (псевдоциез) ривожланганини қайд этиб, умрбод қамоқ жазосини сўради. Уларнинг далиллари суд маслаҳатчиларини ишонтира олмади ва улар ўлим жазосини қўллаб-қувватлади.

Монтгомери болалигидан зўравонлик қурбони бўлган. Ўгай отаси уни зўрлаган, онаси эса фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган

Адвокатларнинг сўзларига кўра, Лизанинг онаси Жуди Шонесси ҳомиладорлик пайтида спиртли ичимликлар ичган. Қиз уч ёшлигида отаси уларни ташлаб кетган. У тўртга тўлганида саккиз ёшли опаси Дианани васийлик органлари олиб кетган: у Жудининг дўстларидан бири томонидан жинсий зўравонликка учраган. Лиза онаси билан қолган, у қизчага шафқатсиз муносабатда бўлган — масалан, у ётоғини ҳўллаб қўйса, совуқ сувда чўмилишга мажбур қилган, овозини ўчириш учун эса унинг оғзини скотч билан елимлаб ташлаган.

13 ёшларида Лизани пиёниста ўгай отаси Жек Клейнер зўрлашни бошлаган. Шунингдек, уни ўгай отасининг дўстлари ҳам зўрлаган. Клейнер Лизани унга бўйсунмаса, синглиси Петтини зўрлаш билан; агар кимгадир айтиб берса, бутун оиласини ўлдириш билан қўрқитган. Лиза 15 ёшлигида онаси электрик ва сантехникларнинг хизмат ҳақи ўрнига уларга Лизани жинсий мақсадларда таклиф қиладиган бўлган.

Бошланғич мактабда Лиза аъло баҳоларга ўқирди, аммо кейинроқ у алоҳида эҳтиёжли болалар синфига ўтказилди. Мактабни битирганидан кейин у армияга кетмоқчи эди, бироқ 18 ёшида 25 ёшли Карл Боманга турмушга чиқди. У Лизанинг онасининг тўртинчи эрининг ўғли бўлиб, унга ўгай ака ҳисобланарди. Карлга турмушга чиқишга уни ўз онаси ундаган, кейин эса Карл уни дўппослаб, зўравонлик қила бошлаган. 23-ёшга тўлгунича Лиза тўрт марта фарзанд кўрди. 1990 йилда у стерилизация қилинди (ҳимоя томонига кўра, онаси ва эрининг ундови билан).

Кейинроқ Карл ва Лиза ажрашди ва у иккинчи марта турмуш қурди. Иккинчи эри Кевин Монтгомери биринчиси каби шафқатсиз бўлмаса-да, барибир унга жисмоний ва жинсий зўравонлик ўтказган. Лиза болалари туғилганидан кейин кўп ичишни бошлаган ва уларга ғамхўрлик қила олмаган. Ўзи ҳақида ҳам қайғурмаган ва битлаб кетган.

Ўлим жазоси ҳукми чиқарилганидан кейин Лиза билан ишлашни бошлаган адвокатларнинг таъкидлашича, доимий зўравонлик ортидан унда руҳий ва асабий бузилишлар юзага келган. У нима ўнгида, нима тушида бўлаётганини қийинчилик билан фаҳмларди, ўз танасини ҳис қилолмасди, ўз импулсларини назорат қила олмасди. Қотиллик унинг руҳий бузилишидаги кулминацион нуқта бўлди. Адвокатларнинг қатъий қайд этишича, унинг опасини олиб кетган васийлик органлари ҳам, кир-чир ва йиртиқ кийимда борган мактаб ҳам, ўгай отаси томонидан зўрлангани ҳақида гапириб берган полициячи қариндоши ҳам Лизани ҳимоя қила олмаган. Бундан ташқари, адвокатлар бошидан Лиза амалга оширган жиноятдаги унинг травмалари ролига етарлича баҳо бермаган ҳамкасбларини қаттиқ танқид қилди. Ҳимоя томони, шунингдек қайд этишича, АҚШда сўнгги ўн йилликлар мобайнида чақалоқларни ўғирлаганлик учун судланган аёлларнинг ҳеч бири шу пайтгача ўлимга ҳукм қилинмаган эди.

Монтгомерининг ҳимояси судланувчи ўзининг қатл қилинишини англамаслигини таъкидлаган ҳолда ўлим жазосининг бекор қилинишига эришмоқчи эди

Сўнгги вақтларда Лизанинг адвокатлари у бошидан кечирган зўравонликлар туфайли руҳий хаста эканлиги ва уни қатл қилишларини англашга қодир эмаслигида туриб олиб, қатл жазосини бекор қилишга уринаётган эди. Адвокатлар ва мингдан ортиқ фаоллар амалдаги АҚШ президенти Дональд Трампдан Лизага нисбатан жазони юмшатишни сўради, Инсон ҳуқуқлари бўйича америкалараро комиссия эса қатлни кейинга қолдиришни таклиф қилди. Аммо комиссия қарорлари юридик кучга эга эмас, Трамп эса мурожаатга жавоб бермади.

Лизанинг қатли декабрга белгиланган эди, бироқ судланувчининг икки адвокати коронавирусга чалингани учун у кечиктирилди. Ҳукм ижро қилинишидан олдинги кунларда Лизанинг ҳимояси бир нечта судларда қатл кечиктирилишига эришди. Лекин АҚШ Олий суди бу кечиктиришни бекор қилди. Судланувчининг адвокати Келли Генри ўз мижозининг қатлини шармандалик деб атади: «Конституциямиз қатлни фаҳмлашга қодир бўлмаган одамни қатл қилишни тақиқлайди».

O'qilgan: 734 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: