Қуйидаги ҳолларда тегишли ижтимоий нафақани ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:
а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг Вақтинчалик низомнинг 7-бандида кўрсатилган белгиланган мезонлардан ортиқлиги;
б) ариза берувчида ёки унинг оила аъзоларида кўчмас мулк мавжудлиги (ариза берувчининг прописка қилинган жойида жойлашган кўчмас мулк бундан мустасно);
в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида икки ва ундан ортиқ автотранспорт мавжудлиги;
г) аризада тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга номувофиқлиги аниқланиши;
д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва меҳнат бўйича органларда ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги сабабли рад этилади.
Жорий йилнинг 10 сентябрь кунида Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Н. 14 ёшгача болали оилаларга нафақа тайинлаш масаласида яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган. Фуқаронинг аризаси Пенсия жамғармаси мутахассиси томонидан белгиланган тартибда «Ягона реестр» АТ дастурига киритилган. Дастур томонидан автоматлаштирилган тарзда реал вақт режимида давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашилган.
Шунга асосан, фуқаронинг расмий даромад манбаларига эга бўлмаганлиги ва охирги олти ой мобайнида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилмаганлиги сабабли, «Ягона реестр» АТ дастури орқали оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд деб ҳисобланиб, нафақа тайинлаш рад этилган.
Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ қўллашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади ва бу орқали нафақа ва моддий ёрдамлар инсон иштирокисиз тайинланиши ва тўланишини таъминлайди. Бу эса, халқимизга хизмат қилишда шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаб беради.
Учқудуқ туман адлия бўлими.