Telegram асосчиси Павел Дуров янги фойдаланувчилар оқими фонида яна икки давлат раҳбарлари – Бразилия ва Туркия президентлари мессенжерда ўзларининг Telegram-каналларини ишга туширганини айтди, дея хабар қилмоқда Meduza.
Бундан ташқари, Мексика, Франция, Украина, Ўзбекистон, Тайван президентлари, шунингдек, Сингапур, Эфиопия ва Исроил бош вазирлари Telegram’дан фойдаланади. Ушбу каналларнинг барчасида тасдиқловчи – верификация белгиси мавжуд.
Дуров январь ойи бошларида Telegram аудиторияси 500 миллион фойдаланувчига етганини айтган эди.
«Биз инсоният тарихидаги энг катта рақамли миграцияни кўришимиз мумкин», – деди Дуров.
Фойдаланувчиларнинг Telegram’га «кўчиши», дунёдаги энг машҳур мессенжер – WhatsApp хизмат кўрсатиш шартлари ва махфийлик сиёсатини янгилагани билан боғлиқ. Бу ўзгаришлар кўплаб фойдаланувчиларни норози қилди ва улар бошқа мессенжерларда рўйхатдан ўта бошлади.
Трамп тарафдорлари томонидан Капитолийга ҳужум қилингандан сўнг энг йирик ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook, Instagram, Twitter, Snapchat ҳамда Twitch унинг аккаунтларини блоклаб қўйди. Шундан кейин Дональд Трампнинг канали Telegram’да пайдо бўлди. Каналга 500 мингдан ортиқ киши обуна бўлган. Аммо канал номи ёнига фирибгарликни англатувчи Сcам белгиси қўйилган ва бу канал сохта аккаунт эканлигидан огоҳлантирилган.