Навоий вилоятида 2021 йилнинг 1 январ кунидан ичимлик суви нархи кескин ошади. Бу борада халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг XII сессиясига киритилган кенгаш қарори депутатлар томонидан тасдиқланган.
Kun.uz мухбирининг аниқлашича, қарорда 1 м³ ичимлик суви нархи аҳоли учун 3 000 сўм (ҳозирги нарх 1 080 сўм), бюджет ташкилотлари ва улгуржи истеъмолчилар учун эса 7 000 сўм (ҳозирги нарх 3 300 сўм) қилиб белгиланган. Нархнинг бундай кескин ўсишини «Навоий сув таъминот» МЧЖ масъуллари вилоятдаги сув иншоотлари ва қувурларнинг таъмирталаб ҳолга келиб қолгани билан изоҳлаган.
«Навоий сув таъминот» МЧЖ ахборот хизмати раҳбари Бакитбек Кизилбаевнинг маълум қилишича, вилоятда жами 647 минг нафардан ортиқ аҳоли марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлиб, бу вилоят аҳолисининг 64 фоизи дегани. «Навоий сув таъминоти» МЧЖ балансидаги 199 та сув тарқатиш иншоотининг 28 таси (14 фоизи), шунингдек, вилоятдаги жами 2 784,8 км ичимлик сув тармоқларининг 17 фоизи таъмирталаб.
«Сув қувурларининг асосий қисми 50 йил олдин ётқизилган бўлиб, ҳозирда эскирган. Оқибатда тизимда оғир иқтисодий аҳвол юзага келган», дейди Кизилбаев.
Қизиғи, Самарқандда ҳам депутатлар ичимлик суви нархининг ошиши бўйича қарорни тасдиқлашди. Аммо, иккала вилоят нархида катта фарқ борлигини кўриш мумкин. Самарқандда аҳоли учун 1 м³ ичимлик сувининг ошган нархи 1 850 сўм, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун 3 500 сўм қилиб белгиланган. Яъни, Навоийдаги 1 м³ ичимлик суви пулига Самарқандда 2 м³ сув сотиб олиш мумкин.