Хатирчида ҳокимни судга берган фермер сирли ўлим топгани айтилмоқда
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида маҳаллий фермерлардан бири сирли ўлим топгани айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, фермер туман ҳокимининг унга берилган ер майдонига оид ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори устидан судга мурожаат қилган. Бироқ суд мажлиси белгиланган санага етмай фермернинг жасади туманнинг Полвонота МФЙ ҳудудидан ўтган ариқдан топилган.
Воқелик бўйича «Xabar.uz» сўровига жавоб бераркан, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов фермернинг жасади жорий йилнинг 5 ноябрь куни ариқдан (тан жароҳатларисиз) топилганини тасдиқлади. Шунингдек, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганини ҳам билдирди.
Суд-тиббий экспертизаси фермернинг ўлими юрак нафас йўлларининг сув билан беркилишидан келиб чиққан механик асфекциядан келиб чиққанлиги ҳақида хулоса берган.
Маҳкама матбуот хизмати раҳбарининг алоҳида қайд этишича, марҳумнинг қариндошларида турли шубҳалар туғилаётгани, уларнинг важларини тўлақонли текширилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинди. Ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.