Учқудуқ туман ҳокими Соли Хамроевнинг 3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ўтказилган тадбирдаги нутқи
Ассалому алайкум азиз тумандошлар!
Қадрли тадбир иштирокчилари!
“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14-октябрдаги қарорига асосан ҳар йили “3 декабр – Халқаро ногиронлар куни” сифатида республикамизда кенг нишонланиши ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсатининг яққол исботидир.
Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичида тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласига алоҳида аҳамият бермоқда. Уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатишга қаратилган қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомиллар қабул қилмоқда.
Жумладан, ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқи Асосий қонунимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ҳурматли Президентимиз томонидан имзоланган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар, алоҳида жойлар билан, бекатлар ва маршрутларни эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар билан жиҳозлаш, улардан эркин фойдаланишни босқичма-босқич таъминлаш бўйича жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини оширишга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Учқудуқ туманида ҳам бу йўналишда амалий ҳаракатлар бошланиб, ҳар бир давлат идораларига киришда мустақил ҳаракатланишга қийналадиган ногиронлиги бўлган фуқароларнинг кириб-чиқишлари учун пандусли йўлаклар ташкил қилинган.
Шунингдек, ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси ва турли реаблитация воситалари ногиронлиги бўлган Учқудуқ фуқароларига манзилли етказиб берилмоқда. Уларнинг соғлигини тиклашда реаблитация қилишда кўмак кўрсатилиб, сиҳатгоҳларга махсус шифохоналарга йўлланмалар берилмоқда. Юксак давлат мукофотларига муносиб кўрилмоқда.
Халтуринский Александр Анатольевич Шимолий кон бошқармасида меҳнат қилиб келади. Ногиронлиги бўлган Александрни иродаси ҳаёт синовларида синмади аксинча тобланди. Пўлатдек метин иродали бу инсон ахборот технологиялари соҳасида кўплаб янгиликлар яратмоқда, дастурлар ишлаб чиқмоқда. Унинг кўп йиллик самарали меҳнатлари бугун муносиб рағбатини топди. “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирланган Александр Анатольевичга ўтган 2019 йилда “Жасорат” медали топширилди.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ногиронлар куни”ни кенг байрам қилиш ногиронлиги бўлган фуқароларнинг бошқа кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, уларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча учун очиқ ва дўстона жамият қуриш йўлидаги амалий саъй ҳаракатларнинг бир кўринишидир!.
Зеро, миллатимиз азал-азалдан бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан.
Сизларни байрам куни билан самимий табриклайман!
Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат!