ДИЛНОЗА КАМОЛОВА: кураш ва дзюдо бўйича спорт устаси, уч карра Осиё очиқ кубоги чемпиони, Ўзбекистон Республикаси миллий терма жамоа аъзоси, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибаси. Учқудуқ тумани ИИБ ЖХХ ҲПБ ХҚМБ катта лейтенанти.
УСТОЗИМ, СИЗДАН МИННАТДОРМАН
Азиз устозларим! Ҳаётимнинг ҳар бир лаҳзасида ҳар бир онида сизнинг берган ўгитингиз таълимингиз асқотади. Кўрсатганган йўл-йўриғингиздан ҳар кун ҳар соатда фойдаланаман. Бугунги кунда эришган барча ютуқларим ҳеч шубҳасиз, сизларнинг фидойилигингиз ва меҳнатингиз туфайли амалга ошди, десам тўғри бўлади.
7-мактабда ўқиб юрган кезларимда спорт билан фаол шуғулланганим кўплаб мусобақаларда иштирок этганим сабабли дарсларни ўзлаштиришда ортда қолганимни яхши биламан. Ана шундай кезларда устозларим ёрдамга ошиқар, қўшимча машғулотлар ўтган вақтлари кўп бўлган.
Мактабимни эслаганимда биринчи навбатда директоримиз ва устозим Адиба Ибрагимовна ёдимга келади. Иш юзасидан ҳозир ҳам кўришиб турамиз, ўқувчилигимда қандай бўлса ҳозир ҳам шундай - ўз онамдай меҳрибон!. Синф раҳбаримиз Муборак Халилованинг ҳар бир ютуғимдан худди яқинимдай қувонгани мени яна ва яна ғалабага ундаган бўлса, ажабмас!.
“Лочин” спорт - соғломлаштириш мажмуаси дзюдо спорт секцияси мураббийи “Шуҳрат” медали соҳиби Алишер Шодмоновнинг ҳаётимдаги ўрнини ҳеч нима билан ўлчаб ҳам таққослаб ҳам бўлмайди. Мураббийнинг қаттиққўллиги ва қатъиятлилиги менга шижоат ва ишонч берди. Унинг машғулотларида тобландим ўгитларидан иродам мустаҳкамланди. Айтиш жоизки, эришган барча ғалаба ва ютуқларимда устознинг ҳиссаси беқиёс.
Азиз устозларим! Ҳар куни ҳар бир дарсда бераётган таълим-тарбиянгиз ортидан минглаб ёшлар мустақил ҳаётда ўз ўрнини топмоқда. Улар сафида мен ҳам борлигимдан фахрланаман. Байрамингиз муборак бўлсин!