ДАНИЛ АКРАМОВ Сейфуллин номидаги қозоқ агротехника университети, иқтисодиёт факултети талабаси, “35 Аwардс” халқаро фототанловида "мобил фотосурат" номинациясида ғолиб бўлган дунёдаги энг яхши 100 фотосуратчидан бири.
СИЗГА ТАЪЗИМ, СИЗГА ТАШАККУР!
Учқудуқ туманидаги 3-мактабда таҳсил олганман. Ўқувчилик йилларимни ўзгача бир энтикиш билан эслайман, чунки ҳар бир устознинг билим олишим ва шахс сифатида шаклланишимда ўзига хос ҳиссаси бор. Ҳар бир фанни яхши ўзлаштиришга интилдим ва улар мени ҳар доим рағбатлантириб, кўзланган мақсад сари олға интилишга ундаб келишди. Шу боис, бугунги ютуқларимнинг асоси 3-мактабда олган сабоқларим туфайли, дея баралла айта оламан.
Дарвоқе, 16 ёшимда фотографияга бўлган қизиқишим ортидан Шимолий кон бошқармаси ахборот хизмати ходимлари Лайло опа Каримова ва Меҳриддин ака Тоғаев билан танишдим. Шогирд тушдим. Лаҳзаларни фотовидеога муҳрлаш санъатининг сир-асрорларини эринмай ўргатган устозларимдан умрбод миннатдорман. Мени ҳам муҳим тадбирларга олиб чиқар, фотокамерани ишониб топширар, бу эса ўзимга бўлган ишончимни янада орттирарди. Монтаж ишларини эса Меҳриддин акадан ўргандим.
Бугун фотосуратларим билан турли танловларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритаяпман. Ана шу қизиқишим, интилишим менга ҳам машҳурлик ҳам даромад олиб келди, десам муболаға бўлмайди.
Мен ўқиган 3-мактаб устозлари ҳамда ШКБ ахборот хизмати ходимлари ижодий қобилиятимни юзага чиқаришда ва ривожлантиришда кўмакдош, елкадош бўлишди. Улар нафақат билим беришди, йўл-йўриқ кўрсатишди, балки орзуларимга ишонишга уларнинг рўёбини кўриш учун тинмай изланишда бўлишимни ўргатишди.
Азиз устозлар! Менинг истеъдод ва изланишимга қанот, орзуларимга саодат бердингиз, барча-барчаси учун ташаккур!