Ҳаёт Шониёзов ҳам ёшлигидан тарих фанига бўлган қизиқиши ва тоғасининг шу касбда фаолият олиб боришига бўлган ҳаваси ортидан бугун устоз, деган шарафли ном эгасига айланган.
У 1996 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Оилада 3 фарзанднинг барчасини олий маълумот олишига имкон яратиб берган ота-она уларнинг етук мутахассис бўлиб етишишлари йўлида тинмай меҳнат қилишди.
Ёш, изланувчан Ҳаёт Шониёзов ҳозирда тумандаги касб-ҳунар мактабида тарих фанидан сабоқ бериш билан бир қаторда тарих ва ҳуқуқ фанларидан тайёрлов курси фаолиятини ҳам йўлга қўйган. – Бугун ўқувчиларим учун устоз бўлсам-да, ҳали ўқиб-ўрганишдан изланишдан тўхтаганим йўқ. Устозим Лазиз Темировдан ўрганадиган билимларим ҳали етарли, деб ўйлайман. Касб-ҳунар мактабида эса устозларим Шохида Рахимова, Бекзод Қодиров ва Бекзод Алимовлардан чексиз миннатдорман – дейди қаҳрамонимиз.
Унинг педагог сифатида иш бошлаганига ҳали кўп бўлмади, лекин шу қисқа даврда 50 нафар ўқувчиси турли олий таълим даргоҳига талабаликка қабул қилинган.
Ҳаёт Шониёзов тарих фанига бўлган қизиқишини янада орттирган қатъият билан педагогикага кириб келишида мактабдаги устози Гулноза Самандарова, НДПИ даги устозлари Шуҳрат Тоштуров ва Жонибек Мустафоевларни алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб суҳбатига якун ясади.
Балки, ёш ўқитувчини бутун туман таълимига намуна қилиб кўрсатаётганимиз қанчалик тўғри бўлар?! Нима бўлганда ҳам ёшлар интилишларига қанот бўлишни мақсад қилиб тайёрлаган мақоламиз сўнгида қаҳрамонимиз сингари ўз олдига улкан мақсадларни қўяётган ёш педагогларнинг таълим соҳасида ўрни мустаҳкамланиб бораверсин!. Ўзи каби билимли ва салоҳиятли ёшлар элу юрт равнақига муносиб улуш қўшаверсин, дея эзгу тилаклар билдирамиз!