Ҳомид Жумаев бу ном каръерда ишловчи ҳар бир ҳайдовчига таниш. Чунки, Ҳомид устоз томонидан қўйилган “5” баҳо катта-катта кон техникаларини бошқаришга ҳуқуқ бериш билан бирга уларга ишонч ҳам беради.
Шимолий кон бошкармаси автомобил транспорт бошқармаси фойдаланиш бўлимининг 5-сонли автоколонна ҳайдовчи-устози Ҳомид Жумаев ҳарбий хизматни ўтаб келгандан сўнг, барча турдаги юк ташувчи автомобил ҳайдовчиси сифатида иш бошлади. Корхонадаги меҳнат фаолияти давомида у турли техникаларни бошқарди. Бировни устоз билди, бировга шогирд сифатида ҳайдовчилик шунчалик ҳавас эмас касб эканлигини уқтирди.
АТБ га Австралияда ишлаб чиқарилган “PRO-4” русумли замонавий симулятор олиб келинганида раҳбарият техникани кимга бириктириш ҳақида муҳим қарорни қабул қилиш керак эди. Негаки, катта маблағ ҳисобига олинган транспортларни ҳар хил таъсирлардан сақлаш, эҳтиёт қилиш муҳим ҳисобланади. Бу вазифани эса кўплаб маҳоратли ҳайдовчиларга ҳам устозлик қилган биринчи классли ҳайдовчи Ҳомид ака Жумаевга ишониб топширилди.
- Ишлаб чиқаришда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, маҳорат ва кўникмаларни ошириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Бўлажак ҳайдовчиларга улкан кон техникаларни бошқаришни ўргатиш, ҳайдовчиларнинг билим ва кўникмаларини тажриба-синовдан ўтказиш учун ўқув машқхонасида барча шароитлар яратилган. Эътиборлиси, ҳар бир дарс ва синов ҳайдовчи-мураббийлар бошчилигида ахборот-коммуникация технологияларига асосланган, - дейди ҳайдовчи-устоз Ҳомид ака Жумаев.
Ҳомид ака дарс ўтадиган дарсхонада икки босқичли машғулотларда асосан янги ишга кираётган ёшлар ва иш жараёнида камчиликлари кузатилган ходимлар ўқитилиб, малакаси оширилмоқда. Ҳар ойда назарий ва ҳам амалий машғулотларда 600 нафардан ортиқ тингловчилар техникани бошқариш сир-асрорларини пухта ўзлаштирмоқда.
Нима ҳам дердик, шогирдингиз муҳим масалаларда сиздан маслаҳат сўраяптими, демак устоз даражасига етибсиз, муборак бўлсин!. Ана шундай тажрибали устоз-мураббий Ҳомид ака Жумаев шогирдлар ва ҳамкасблар ардоғида бўлинг!.