Ўқитувчи, устоз, муаллим деган сўзларини эшитганимизда ёшимизу, касбу коримиздан қатъий назар дилимиздан илиқ фикрлар, болалик, ўсмирлик ва балоғат остонасидаги ёрқин ўйлар ўтади. Айниқса, қўлимизга илк бор қалам тутқазиб ёзишни ўргатган, ҳарф танитган бизни илм оламига етаклаган биринчи устозимизни умр бўйи миннатдорчилик ҳислари билан эслаймиз.
Умида Омонова мана қарийб, 30 йилдирки жажжи қалбларни илм нури билан мунаввар этадиган, кичкинтой ўғил-қизларни камолот манзиллари сари элтадиган, билимнинг сеҳрли оламига етаклаган устоз - муаллим!. Туманимиздаги 3 - мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси. Унинг таржимаи ҳоли билан танишар экансиз, ўқитувчиликка тасодифан келиб қолмаганлигини пайқаш мумкин.
Асли каттақўрғонлик Умиданинг онаси болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаган. Болалигида онасининг ёнига болалар боғчасига тез-тез борганини бу ерда ўтказилаётган машғулотлардан олам-олам таассуротлар билан қайтганини ширин энтикиш билан эслайди. Ўзи ҳам укаларига қўни-қўшниларнинг болаларига “боғча опа” бўлиб, онасидан кўрган-билган машғулотларини ўргатар эди. Улғайгани сайин онасидаги боладиллик унинг ҳам қалбига кўчиб борди.
6 нафар фарзанд камолга етган аҳил оилада опаси ва Умида устозликни танлади. 1996 йилда Навоий давлат педагогика институтининг бошланғич таълим йўналишида тамомлади. Меҳнат фаолиятини 7-мактабда бошлаган Умида Омонова ўқувчиларга дарс ўтиш таълим-тарбия бериш болалар боғчасида кўрган машғулотлари сингари осон эмаслигини тушунди. Фаолиятининг биринчи куниданоқ, ўқитиш, икки карра ўқиш, эканлигини билиб, ёш педагог ўз устида тинмай ишлади. Ўқувчилари билан тажрибаси ҳам соҳага доир билимлари ҳам ўсиб борди.
Ҳозирда 3-мактабнинг ўзбек синфларида бошланғич таълим фанидан дарс бераётган Умида Омонова Нодира Қодировани таълимдаги устози, деб билади. Ҳаётдаги устози эса биринчи рақамли танқидчиси қайнотаси Исмат Сатторов эканлигини яширмади.
–Эндигина олийгоҳни тугаллаб, 7-мактабда иш бошлаган пайтларимда директоримиз “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Гуласар Пардаева, “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ, Нодира опа Қодировани устозликка бириктирган эди. Заҳматкаш устозимдан болалар билан ишлашнинг таълим - тарбиянинг энг нозик сирларини ўргандим, - деди суҳбатимиз асносида Умида Омонова.
Ҳозирда биринчи тоифали устоз дарсда болаларга фақат билим берибгина қолмасдан, балки жамоа бўлиб ишлашга, мулоқотга киришиш қоидаларига шунингдек, ҳар бир ўргатилаётган мавзуга муносабат билдиришга хуллас эркин фикрлашга ҳам ўргатаётганлиги таҳсинга лойиқ.
Умида Омонова бир қиз ва икки ўғлининг ардоғидаги она!. Шу билан бирга ундаги ўз ишига жонкуярлик, болажонлигию боладиллиги, ҳофизасининг кенглиги билан у дунёнинг қалбини тинглаётгандай гўё!. Зеро, инсон меҳнати билан дунёни гўзаллаштиради.