“Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан кўплаб соҳа ходимлари ҳақида очерклар, ҳикоялар тайёрладик ва газетамиз саҳифаларига олиб чиқдик. Галдаги қаҳрамонимиз ҳам узоқ йиллар давомида ҳалол меҳнат қилиб, корхона ривожига муносиб улуш қўшаётган шунинг баробарида кўплаб ёшларга устозлик қилаётган Бекмаханов Бердибек Манатович бўлади.
У 32 йилдан буён 3-гидрометаллургия заводи технологик жиҳозларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш бўйича участкаси таъмирловчи-чилангари вазифасида ишлаб келаётган тажрибали ишчи. 1992 йил 1 май куни меҳнат дафтарчасидаги илк бетлар варақлана бошланган кун. Контай овулида 8 нафар ўғил-қиз вояга етган катта оилада туғилган Бердибек ўрта мактабни тугатгандан сўнг, 1989-1990 – йилларда Учқудуқ кончилик ўқув юртида санитар-техник тизимлар электргазпайвандчиси ва монтажчиси мутахассислиги бўйича ўқиди.
Фаолиятини заводнинг қурилиш – монтаж ишларидан бошлаган қаҳрамонимизнинг кўз ўнгида завод қад ростлади. 10 йил давомида қурилиш - монтаж участкасида ишлаб, 2001 йилдан технологик жиҳозларни таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш участкасида иш фаолиятини давом эттирмоқда.
-Заводга келган илк кунимда Хужамуратов Амриддин Қудратовични устоз сифатида бириктиришди. Устоздан нафақат касбнинг сир-асрорларини балки ҳаёт дарсини ҳам олганман, десам муболаға бўлмайди. Олтин одамлар ишлайдиган олтин заводимизда қурилиш-таъмирлаш, кенгайтириш, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ишлари бир зумга бўлса-да, тўхтатагани йўқ. Шу боисдан ҳозир ҳам устозим билан кўришиб тураман, - дейди Бердибек Бекмаханов.
Дарвоқе, Бердибек Манатович бугун ўзи ҳам устоз. 10 нафардан ортиқ ёш мутахассисларга иш ўргатган устозлик қилган. Қайсидир маънода Бердибек Бекмахановни нафақат корхонада балки оилада ҳам устоз, десак тўғри бўлади. Сабаби катта ўғли заводда электромонтёр, кичиги сульфат кислота ишлаб чиқариш цехида электромонтёр, қизи технологик назорат бўлимида назоратчи, келини эса завод марказий лабораториясида лаборант бўлиб ишлайди. Улар ҳар бир масалада отасидан йўл-йўриқ маслаҳат олади, албатта!
Ҳа, Бердибек Бекмаханов ўзига берилган умрнинг, имконларнинг, неъматларнинг қадрига етади. Ўзи учун севимли бўлган Ватанга хизмат қилишни бахт, омонлик тилашни эса фарзандлик бурчи, деб билади. Шогирдларидан, фарзандларидан ҳам сўрайдигани шу аслида. Фидокорона меҳнат ортидан корхона ривожлансин, Ватан тараққий этсин!.