LOTIN-КИРИЛЛ

СИЗСИЗ ҚУЁШ ЧИҚМАСА КЕРАК!

 

"Устоз-отангдан улуғ" деган пурмаъно ҳикмат ёшлигимиздан онгимизга сингдирилган бўлсада бу гапнинг асл маъноси ва моҳиятига ёшликда эмас, сал кейинроқ тушуниб етаркансан киши. Ўқитувчилик ва мураббийлик-фидойиликни талаб этадиган, ўта масъулиятли ва шарафли касб. Элнинг боласига билим бериш ва тарбиялашдан ҳам шарафлироқ касб бўлмаса керак дунёда. 

Тумандаги 20-сонли мактаб. Бугунги кунда бу ўқув масканини нафақат вилоятдагилар балки бутун мамлакатимиз аҳли яхши билади. Чунки, бу мактабда ўзига ишонган, зиммасидаги масъулиятни юракдан ҳис этадиган, фидойи инсонлар фаолият юритади. Шу боис ҳам бу мактаб жамоаси тилдан тушмайди. Умида Очилова ушбу мактабнинг энг кўзга кўринган илғор ва олий тоифали ўқитувчиларидан бири ҳисобланади. У қатор йиллардан буён ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келмоқда. 

Ҳа, азизлар, мабодо йўлингиз тушиб мазкур мактабга бориб қолгудек бўлсангиз албатта Умидахон дарс ўтаётган синфга ҳам бир киринг. Сиз у ерда Нодирабегим ёки Увайсий, Зулфияхониму Тўмарисларни кўргандек бўласиз. Қаҳрамонимиз ҳар бир дарсини ана шундай кўринишда ташкиллаштиради. 

Дарҳақиқат, устоз бўлиб, ўқувчилар қалбига йўл топиш игна билан қудуқ қазишдек машаққат. Лекин Умидахон эса бунинг уддасидан чиқди. 

-Мактабда аъло баҳоларга ўқиганлигим боис НДПИнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетини ҳам 2000 йилда аъло баҳоларга тугатганман,-дейди қаҳрамонимиз биз билан бўлган суҳбатда. -Даставвал Шофиркондаги 27-умумтаълим мактабида фаолият юритдим. У ерда менга Нодира Рамазонова ҳамда Марҳабо Хўжаевалар устозлик қилишди. Рости, устозлардан яхши ўқитувчи бўлиш сир-асрорларини ўргандим. Тағин касбимиз фидойиликни тақоза этишни юракдан ҳис этдим. Оллоҳга шукрки, устозларимнинг панд-насиҳатларига амал қилиб кам бўлмадим... 

  Тақдир тақозасига кўра Умидахон 2009 йилдан буён Учқудуқдаги 20-мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келмоқда.

Ҳа, иш одамни эмас, балки одам ишни безайди деганларидай, Умидахон бу мактабда ҳам ўзининг салоҳияти, болажонлиги ва ҳар бир топшириқни сидқидилдан бажариши билан ҳурмат қозонди. Қаҳрамонимиз меҳнати ўзи тарбиялаётган ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари қолаверса жамоада ҳам эътиборга сазовор бўлаётганлиги билим даргоҳида ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар, мактаб маъмуриятининг ишончи, деб билади.

Севимли икки ўғилу бир қизнинг меҳрибон онаси бўлган Умида Очилованинг оилада ҳам ўз ўрни бор. Биз қисқа суҳбат асносида шундай хулосага келдик. Яъни Умидахон ва унга ўхшаш хотин-қизлар бор экан, жонажон мамлакатимиз янада юксалаверади. 

Умида Очилова! Саноқли кунлардан сўнг сиз ва сиз каби меҳридарё устозларнинг байрами. Шоирнинг ушбу тўртлиги сизга ва сизнинг тимсолингизда Учқудуқ туманидаги минглаб устоз-мураббийларга атаб ёзилган бўлса керак, деб билдик. 

Юзингиздан уялади ой, 

Оёғингиз ўпади йўлак. 

Сиз билан бу оламда чирой, 

Сизсиз қуёш чиқмаса керак.

O'qilgan: 96 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: