Устоз – бу билим ва доноликни авлодларга улашувчи, инсон қалбини маърифат нури билан ёритувчи улуғ зот. Унинг юрагидан чиққан ҳар бир сўз ўқувчиларининг қалбига ўрнашиб, келажакда уларга йўл кўрсатувчи чироқ бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, устозлик ҳамма ҳам эплолмайдиган нозик шу билан бирга шарафли касб!. Ҳар бир ўқувчига меҳр билан билим беришнинг нозик санъатини ўзига хос маҳорат билан намоён эта олишнинг ўзи катта жасорат. Туманимизда ҳам шундай шарафли номга сазовор бўлиб, самарали меҳнат қилаётган устозларимиз талайгина. Улардан бири 10-мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мўтарам Идиева!.
У 1982 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туғилган. Ўқитувчилик касбини танлашида бобосининг шогирдлари ардоғидаги севимли устоз бўлганлиги ўз ижобий таъсирини кўрсатган бўлса, ажаб эмас. Ҳа, ёшликдаги ҳавас унинг мақсадларини мустаҳкамлади, қатъият ва ишончини орттирди. Мўтарам 1999 йилда Навоий давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва филологияси йўналишига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Олий таълим даргоҳидаги ўқиш йиллари, филолог устозларининг адабий давралари уни адабиётнинг сирли оламига сеҳрлаб қўйди, гўё! Ҳар бир дарс, ҳар билан машғулот билимига билим, кўникмаларига қанот берди, десак тўғри бўлади.
Ана шундай таассуротларга тўла талабалик йиллари ҳам ортда қолиб, олий таълим даргоҳини муваффақиятли тугатди. Илк меҳнат фаолиятини ўзи ўқиган Ғиждувон туманидаги 40-мактабда бошлади. Ёш эндигина олий таълим даргоҳини тамомлаган Мўтарам Идиеванинг илк дарслари, ўқувчиларга бераётган сабоқлари бошқа ҳамкасблари қаторида устози Сожида Ахмедова томонидан ҳам эътироф этилди. Бу эса ёш педагогга саодат йўлларини кўрсатди, ўзига нисбатан ишончини мустаҳкамлади. Тинимсиз меҳнат, билимини замонавий педагогик методлар билан уйғунлаштириш кераклигини тушунди ва шунга амал қила бошлади.
Турмуш ўртоғининг иш фаолияти сабаб, Учқудуққа кўчиб келган Мўтарам фаолиятини 10-мактабда давом эттираркан, дастлабки йилларда янги муҳит, бегона жой унга анчайин қийин бўлганини яширмади. Вақт ўтди, таълим тизимининг ислоҳ қилиниши ва мактаб маъмуриятнинг қўллаб - қувватлаши ортидан жамоага меҳр қўйди. Бор билим ва салоҳиятини ишга солиб, ўзи таълим-тарбия бераётган ўқувчи-ёшлар ҳурматига сазовор бўлди.
Бугун ардоқли устоз Мўтарам Идиева нафақат олий тоифали ўқитувчи балки туманда вазир жамғармаси маблағлари ҳисобидан устама оладиган 4 та ўқитувчидан бири. Яна денг, ўз фанидан миллий сертификатни қўлга киритиб, устама олаётган саноқли устозлардан.
–Учқудуқдаги фаолиятим тинимсиз ўз устимда ишлаб билим ва салоҳиятимни янада оширишимда катта имкониятларни тақдим этди, десам муболаға бўлмайди. Таълимдаги соғлом муҳит, устоз меҳнатига бўлган муносабат ва ҳурматдан кўнглим тоғдек юксалиб, ўқитувчи эканлигимдан фахрланаман, - деди 10-мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Мўтарам Идиева.
Ҳақиқатдан ҳам устознинг меҳри шундайки, у таълим-тарбия берган ўқувчиларининг муваффақиятлари билан фахрланиб, уларнинг ҳар бир ютуғини ўзининг ютуғи сифатида қабул қилади. Ўз ўрнида Мўтарам Идиева нафақат шогирдлари балки ўзининг ҳам ютуқлари билан фахрланса арзийдиган устоз!.