Учқудуқ халқининг кўпгина миллатлар ҳавас қилса арзийдиган гўзал урф-одатлари бисёр. Ана шундай азалий анъаналаримизнинг баъзилари ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз!
БАТАМЕН – ЭЛ КЎКАРАР!
Қозоқ халқида: “Бата яъни фотиҳа билан эл кўкаради” - тараққий этади маъносида ишладиладиган ҳикматли сўзларни учратиш мумкин. Ёши улуғ инсонларнинг, ҳурматли кишиларнинг, меҳмон бўлиб келган қуда-анда қариндош-уруғнинг катталарининг ёшларга эзгу-ниятлари - тилаклари жам бўлган дуоларидан биридир. Дастурхонга, таомга, сафарга отланмоқчи бўлган йўловчига, турмушга узатилаётган қизга, бир ишни бошлаётган талабгорга ота-онаси ёки авлоднинг ҳурматли кишилари томонидан айтилади. Ёшлар эса қўлларини дуога очиб: “Омин! Омин!” дея бата -фотиҳани қабул қилади.
Эътибор бериладиган жиҳат, овулда яшайдиган қозоқлар узоқ-яқиндан меҳмон бўлиб келган ҳурматли кишилар шарафига албатта қўй сўйишади, бешбармоқ пиширишади. Қўйни “калла”си алоҳида қозонда пиширилиб, азиз меҳмон олдига бешбармоқ билан қўйилади.
Таомланишдан олдин ёш болалардан бири қумғон ва кичик тоғорача эгнида сочиғи билан меҳмоннинг ёши каттасидан бошлаб, қўлларига сув қуйиб чиқади. Улар бўлса: “Барака топгин!”, “Бахтли бўлгин!”, “Кўп яша!”, “Умр ёшинг узоқ бўлсин!”, дея миннатдорчилик билдиришади - дуо қилишади.
Дастурҳонда ҳар қандай таом бўлишидан қатъий назар албатта бир жуфт нон қўйилади. Қозоқ халқида: “Ас атаси – нан”, ўзбек халқида эса: “Ноннинг ушоғи ҳам нон” каби мақоллар билан бир қаторда: “Нонни дастурхонга текари қўйма!”, “Нонни бир қўллаб синдирма!” “Нонни ерга ташлама!” каби тарбиявий аҳамиятга эга сўзлар ҳам бор-ки, ноннинг азиз ва улуғлигини ифодалайди.
Юқорида таъкидланганидек, ҳурматли меҳмонлар ташрифи муносабати билан қўй сўйилиб, “калла” пиширилади ва бешбармоқ билан биргаликда дастурхонга қўйилади, дедик. Пиширилган “калла”га ёшлар, отаси ҳаёт кишилар умуман қўл теккизишмайди. Ҳурматли меҳмон олдига қўйилган “калла” ни аввал ўзи пичоқ билан кесиб тановул қилади, кейин бошқаларга кичик бўлакларга бўлиб узатади. Олганлар эса: “Қуллуқ, рахмат!” дейиши одоб саналади.
Таомланиб бўлингандан сўнг, давранинг тўрида ўтирган ёши улуғ ҳурматли меҳмон уй эгаларига бата – фотиҳа беради.
Ўзбек халқида: "Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасми?", "Дуо билан эл кўкарар" деган иборалар бор. Худди шундай қозоқ халқида эса: “Батамен – эл кўкарар” маъносида ишлатиладиган ҳикматли сўзлар талайгина. Бу икки халқнинг томири муштараклигидан далолат беради. Фикримизни маш¬ҳур қозоқ оқини Асқар Тўқмағамбетов давом эттириб, икки халқ биродарлигини тавсифлаб, ўз шеърида «Бир дарахтнинг сояси тушга қадар меники, тушдан кейин сеники», дея лутф этади.
Ҳа, ўзбек ва қозоқ эли орасида жаҳон халқлари ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган теран аҳиллик, тотувлик шаклланган. Шунга яраша урф-одат ва анъаналари ҳам жуда ўхшаш.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.