Дунё халқлари орасида чойхўрлар кўп экан. Чой ичганда ҳам уни санъат даражасига етказадиганлар ҳам бор экан. Ҳа, бу борада биз ҳам бошқа кўпгина халқларни ортда қолдирамиз, десак ишонаверинг!
Қозоқ халқида хонадонга келган янги келинчакнинг қўлидан чой ичиш маросими ҳақида эшитгандирсиз. Лекин эшитиш, кўриш ўз йўлигаю айнан шу антиқа ва хушбўй ҳидли чойни ичиб кўриш бошқача бўлади.
Куни-кеча қўшнимизни уйига келин келди. Бўй-басти келишган бошларида оппоқ ҳарир рўмол ўраган келинчакка миллий нақшлар билан безатилган алвон рангли камзули янаям ярашган. Навниҳол келинчакнинг бир ҳуснига ўн ҳусн қўшиб турган миллий кимларига маҳлиё бўлиб, чой ичиш учун келганим ёдимдан кўтарилаёзди. Дастурхон атрофи чой ичиш истагида бўлган ёши улуғ отахону-онахонлар билан тўла.
Чой тайёрлаш эса юқорида қайд этилганидек, санъат даражасига кўтарилган. Ўчоқ бошини зимдан кузатаман, ёши каттароқ келинлар чой ҳозирлаш сирларини ёш келинчакка ўргатишаяпти. Дарвоқе, қизлар жуда ёшлигиданоқ оналаридан чой дамлаш ҳадисини олишади. Шундай бўлса-да, янги келин учун янги уйда чой дамлаш алоҳида бир имтиҳон вазифасини ўтайди.
Боиси, ҳар бир чой ичувчининг таъбига кўра суюқ, қуюқ, сут билан сутсиз чой қуйиб уни одоб билан узатиши керак. Оқ ҳарир рўмол ўраган келинчак бошини хиёл эгиб ўтириб, чой қуяди. Узатилаётган ҳар бир пиёланинг ўз эгасига етиб бориши ҳам маросимнинг муҳим жиҳатларидан саналади.
Назаримда, чой қуйиш санъати ўзида пазандаликни орасталикни зеҳнлиликни ўзини тутиш одобини уйғун равишда мужассамлаштирган. Чойнинг иссиққина қайноқ бўлиши рангининг чиройли кўриниши ҳидининг хушбўйлиги... Буларнинг барчаси чой узатувчи келинчакнинг орасталигига пазандалигига бериладиган баҳо, десак муболаға бўлмайди.
Ҳа, айтмоқчи мен ҳам чой ичгани келувдим-а?! Давра айланиб бир пиёла чой менга ҳам узатилди. Чойнинг кўринишини таърифлайдиган бўлсам, чой қайноқ,хушбўй ҳиди анқиган очжигарранг тусли.
Урф-одат ва бой маданияти узоқ йиллар қаъридан бошланадиган меҳмондўст қозоқ халқининг навниҳол келинлари чойни шунчаки эмас балки меҳрини қўшиб дамлайдилар. Шундан-ми, улар тайёрлаган пиёлага қуйиб ўзгача нозиклик ва дид билан узатган чой жуда мазали бўлиб, таъми узоқ вақт эсда қолади.
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист