Учқудуқ халқининг кўпгина миллатлар ҳавас қилса арзийдиган гўзал урф-одатлари бисёр. Ана шундай азалий анъаналаримизнинг баъзилари ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз!
БЎСАҒАДАН ЎНГ ОЁҚ БИЛАН КИРИЛАДИ
...Энди марҳамат ўтов ичига разм соламиз. Ҳамма буюм ва жиҳозлар ички бир тартиб билан жойлаштирилган. Ўтовнинг энг азиз жойи бу уйнинг тўри ҳисобланади. Уй эгаси меҳмонни “тўрга чиқинг”, “юқорига ўтинг”, дея мулозамат билан қаршилайди. Шуни унутмангки, чап томонга аёллар ўнг томонга эса эркаклар ўрин олишади. Ўртада қозон ва ўчоқ жойлаштирилади.
Олис отарларда кўчиб-қўниб юрган қозоқ халқи жуда меҳмондўст бўлишади. Улар энг яхши нарсаларини меҳмонга атаб сақлаб қўйишади. Агар олис отарларга меҳмон бўлиб боргудек бўлсангиз улар ҳали ҳануз амал қилладиган ноёб ўзига хос удумларни билиб қўйсангиз яхши бўлади.
Бунда уй соҳибининг муносабати сизнинг бўсағадан уйга қандай қадам қўйишингизга боғлиқ, десам ишонаверинг!. Бордию сиз уйга бошингизни бироз эгиб, ўнг оёғингиз билан кирсангиз сиз ҳурмат ва эҳтиромга лойиқсиз. Агарда қаддингизни ғоз тутиб, чап оёқ билан кирсангиз хонадон эгаларининг шаънини ҳақоратлаган бўласиз! Шу боис, ўтовнинг бўсағаси сал баландроқ қилиб қурилади.
Ҳа, ўтов – муқаддас қўрғон, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар давомийлигини таъминловчи қадриятлар бешигидир. Истагимиз ўтов – қора уй чинакам бахт қасри, фароғат қўрғони бўлсин! Қизилқумда ўтовда яшовчи бахтли оилалар сони, бахтиёр оила эгалари кўпайсин, деймиз!
Райҳон ҚОДИРОВА, журналист