Қариндошга қиз берманг!
Онамнинг исми Руқия эди. Маҳаллада Руқия янга, дея ҳурмат билан тилга олишарди. Отам раҳматли саккиз ўғил-қизни ўқитувчилик яна боғдорчиликнинг орқасидан ҳалол ризқ бериб боқди. Асли касби биология фани ўқитувчиси эмасми турли вилоятлардан келтирилган кўчатларни парваришлар, камига дарахтларни бир-бирига чатиштириб, янги – янги мевалар кашф қиларди.
Ҳар якшанба тонгда кўк рангли “Жигули” юкхонасига сарҳил меваларни тўлдириб, халқ тилида “критий бозор” деб аталадиган ёпиқ бозорга борардик. У пайтларда ҳовли этагигача пахтазор бўлганидан кўпчилик кафтдекгина томорқасидан орттириб бозорга мева-чева олиб чиқолмасди. Машинамиз юкхонасини бирпасда бўшатиб, кабобхўрлик қилиб кейин уйга қайтардик.
Биз яшаб турган ҳудуд ота-онам томонидан чўлдан ўзлаштирилган бўлиб, ер майдонимиз жуда катта эди. Саккиз ака-ука томорқадаги полиз ва сабзавот маҳсулотларини парвариши билан шуғулланардик. Айниқса, боғимизни айтмайсизми?! Меҳмонга келган бор-ки, соатлаб айланиб ҳам чиққиси келмасди, бу ердан. Отам сурхондарёлик курсдош дўстиникидан олиб келган ширин гилос, хурмо, наманганлик ҳамкасбидан олган писта-бодом кўчатлари нафақат қишлоғимизда балки Бухоро вилоятида ҳам камдан-кам учрарди. Хуллас, жуда ёшлигимдан боғдорчиликнинг машаққатини кўриб улғайдим.
Ана шундай машаққатли меҳнат орқасидан жуда яхши яшардик. Уйимиз дабдабали бўлмаса-да, ўша даврнинг мезонлари билан ўлчаб айтадиган бўлсак, қўша-қўша айвонли уйларимиз бўлгучи эди. Ҳаммамиз ҳам олий маълумотли бўлдик, ҳунар ҳам эгалладик.
Амаким билан девормаён қўшни турардик. Гуласал янгам касалманд бўлгани учун уйига кунда-кунора бориб қарашиб турардим. Тўрт ўғли бўлгани билан супур-сидирига доим мен асқатардим. Ҳали университетнинг 4 курсидаёқ, мени амакимнинг ўғлига узатишди. Оғзимни тўлдириб ака деганимга никоҳ ўқилган кун менга бахт кечаси эмас, бахтсизлик кечаси бўлди.
Тўй куни юрагим музлади, ариққа кулча ташласам югуриб олиб келиб берадиган, мактабда ўғил болаларнинг қарашидан ҳам ҳимоя қилиб, тергаб юрадиган Элбек акам куёвлик чопонини кийиб ёнимда турганида катталар хатосини англадим. Гуласал янгам: “Мени энди янга дема, ойижон ё аяжон, дегин. Эрни ака деб бўлмайди”, деган пайт юрагим қинидан чиққудек уриб, бўғзимга нимадир қадалди. Авваллари бу хонадонга келиб юрганимда: “Кўзи мунчоғим”, деб эркалайдиган қайнота бўлмиш амаким ҳам энди совуққина қилиб: “келин” деб чақирарди.
Ҳаёт экан, йўқ ҳаёт эмас чоҳ экан! Тушиб кетдим. Зорлансам ҳам қўл узатадиган одам йўқ. Бир гал хафа бўлиб борсам онам: “Ўша уйдан ўлигинг чиқса ҳам аразлаб келмайсан. Ахир, отангни укаси билан ораси бузилади”, деб ҳаЙдаб солди. Уйга борсам қайнонам: “Ўзингники ўзагингни узади. Битта бегонани келин қилиб, қайноналик қилсам бўлмасмиди”, дея ҳоли-жонимга қўймайди.
Хуллас, шундай дилсиёҳликлар билан фарзандим дунёга келди. Қиз экан, ҳаётимга мазмун файз киргандек бўлди. Чақалоғим ювошгина экан бешикка эрталаб боғласам, куни билан миқ этмай ухлайди, деб чопқиллаб юмушимни қилиб юраверибман. Ёшига етганда билдикки, болам гунг, соқов экан. Орадан уч йил ўтиб туққан иккинчи болам ҳам юрагида нуқсон билан туғилди. Таъна, дашномлар юрагимни қиймалаб турган паллада уни ерга бердик. Уч ойгина яшади, холос. Ҳар куни жанжал ва ур-сурлардан чарчадим.
Турмушга чиқиб, бир йил яшамай ажрашган синфдош дугонам Ситорани яширинча никоҳига олган эрим уйга келмай қўйди.
Мустақилликнинг илк оғир йиллари. Баъзилар ишлаш учун хорижга чиқиб кетиб, кўпчилиги ўша юртларда қолиб кетишган. Бир куни оиласи билан хорижда ишлайдиган синфдош дугонам беш йилда юртга қайтгани учун меҳмонга чақирди. Оиласига, меҳрибон эрига, болаларига бахтига ҳавасим келди. Мени ҳам олиб кет, чарчадим, деб зорландим.
Зебу зийнатларимни сотиб, беш ёшли тилсиз боламни бағримга босиб хорижга кетдим. Ота-онамга ҳам келинлик уйимдагиларга ҳам айтмадим. Аслида у хонадонда менинг ўрним ҳам керагим ҳам йўқ эди. Эрим ичиб келиб: “Уйни бўшат Ситор билан яшайман”, деб калтаклаган кунлар жонимдан ўтганди.
Қизимни дарди бедаво бўлса ҳам ўзига ўхшаган тенгдошлари билан махсус мактабда ўқиди, ҳунар ўрганди. Секин-аста ҳаётим изга тушди.
Отам оламдан ўтди, бордик. Топган пулимдан онамга жўнатиб тураман. Ҳар йили Мустақиллик, Наврўз байрамларида кўнглим ўксийди, Ўзбекистонга боргим келади. Одамларни соғинаман. Ҳайит арафасида қўшинисига ош, ширинлик илинадиган одамларимизни, қадриятларимизни соғинаман. Отам боғида парваришланган ширин гилос, хурмою писта-бодомларни соғинаман! Бу ерда ҳам бор улар. Лекин отам қўли теккан, онам меҳридан бўз чўзган, акам парваришидан ғиж-ғиж ҳосил туккан меваларнинг таъми барибир бошқача!
Умр йўлларимни газета саҳифаларига олиб чиқишдан мақсадим қариндошга қиз берманглар, дегим келади. Ўз холаси ёки аммасига, тоғаси ёки амакисига келин бўлган қизлар мендек бахтсиз бўлмасин. Ер юзида менинг болам каби ногирон болалар кўпаймасин.
30 йилдирки қизим тилидан: “Она”, деган сўзни эшитишни орзу қиламан. Истагим ҳеч қачон рўё бўлмасада умид қилишдан бир зум тўхтаганим йўқ. Фарзанднинг “Она”, деган бир оғир сўзини эшитиш нафақар улуғ бахт эканини сиз мендан сўранг!?.
Райҳон ҚОДИРОВА