Ҳамма гап шундаки, қор доналари музнинг кичик кристаллчаларидан таркиб топган ва ёруғлик унинг беҳисоб қирраларидан қайтгани учун ҳам қор доналари шаффоф эмас, оқ бўлиб кўринади. Қор атмосферадаги сув буғларининг музлашидан ҳосил бўлади. Дастлаб майда тоза ва шаффоф кристаллчалар пайдо бўлади. Ҳаво оқимлари гирдобига тушиб қолган бундай кристаллчалар ҳавода турли томонга кўчиб юради. Бундай кристаллчалар аста-секин бир-бирига “ёпишади”, шу тариқа юзлаб кристаллчалар ўзаро бирикади. Бир-бирига ёпишган музчалар ҳажми катталашиб, маълум бир нуқтага етгач, ерга туша бошлайди. Музчаларнинг бундай бирикуви қор доналари деб аталади. Айрим муз кристаллчалари игнасимон шаклга эга, бошқалари ясси кўринишда, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам уларнинг ҳар бири 6 қирралидир.
Қизиғи шундаки, қор доналари тузилиши ҳамиша бир хил бўлади. Шу билан биргаликда, иккита айнан бир хил қор донасини топиш қийин.
Қор ҳамиша ҳам оқ рангда бўлавермаслигини ҳеч эшитганмисиз? Дунёнинг кўпгина минтақаларида қизил, яшил, зангори ва ҳатто қора қор ёққан вақтлар ҳам бўлган. Қорнинг бундай турфа рангда бўлиши сабаби шундаки, қор доналари ерга тушаётганда, ҳавода мавжуд майда бактериялар, замбуруғлар ва чангни ютади. Қор ўз доналари орасида кўплаб ҳаво бўшлиғи бўлгани учун ҳам иссиқликни ёмон ўтказади. Қор кўрпасининг ўсимликлар томирини совуқ уришидан асраши сабаби ҳам шунда. Қорнинг бу хусусиятидан эскимослар ҳам усталик билан фойдаланишади. Улар қордан ўзларига бошпана — иглу қуриб олишади.
* * *
Қор кўп ёғса, жамият ҳаёти маромини бузиши мумкинлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо у, масалан, бошоқли экинларга фойда ҳам келтириши мумкин. Ғалла ўсиши учун, албатта, сув керак.
Ариқлардаги сув қаердан пайдо бўлади? Ер ости сувлари борлигини ҳам биласизми? Сув (маълум бир қисмини истисно қилганда) ёмғир ва эриётган қордан пайдо бўлади. У Ернинг устки қатламидан сизиб ўтиб, ариқ ва дарёларга тушади. Сув ҳамиша кўринмас газ-сув буғи тарзида ҳавода мавжуддир. Зарур шарт-шароит бўлганда, ушбу буғдан муз кристаллчалари ҳосил бўлади. Улар дастлаб булутга, сўнгра ёмғир ёки қорга айланади. Дунёнинг кўпгина минтақаларида асосий ёғингарчилик тури, шунинг баробарида сув манбаи ёмғирдир. Аммо қор совуқ зоналар ва тоғ каби баландликларда асосий ёғингарчилик тури ҳисобланади. Қурғоқчил минтақаларнинг тоғларида йиғиладиган қор одам қўли билан яратиладиган ҳар қандай резервуардан катта сув захиралари тўпланадиган жойдир. Бундай қор баҳор ва ёз ойларида эриб, экинларни суғориш учун зарур бўлган сувга айланади. Баъзи минтақаларда дон экинлари фақат қор сувидан ичади. Америка Қўшма Штатларининг ғарбий қисмида жойлашган тоғларда ёзнинг қурғоқчилик пайтида экинларга қанча сув кераклигини аниқлаш мақсадида тадқиқотлар олиб борилади.