LOTIN-КИРИЛЛ

БУНЧАЛАР БАХТЛИСИЗ, ОНАСИ БОРЛАР...

 

   Ушбуни... меҳрибон волидасини соғинган, унинг ёруғ ва азиз хотираси билан яшаётган фарзандлар номидан ёздим.

   Онажон! Сизга айтмоқчи бўлган гапларим шунчалик кўпки, қай биридан бошлашни ва қаерида тугатишни ҳам билмайман. Фақат тилимнинг учида айланиб қолган армоним юрагимни тобора ўйиб бораётган бир сўз бор: СОҒИНДИМ... Сизни жудаям соғиниб кетдим, Онажон!

    Нур балқиб турган фаришта чеҳрангизни, меҳрга лиммо-лим кўзларингизни, етмиш икки томиримга сингиб кетган қадрдон овозингизни иссиқ қучоғингизни, қўлларингизни...

***

  -Журнал олиб келдингми?

Олис йўл юриб борганимда кўришиб, ҳол-аҳволимни сўраб улгурмай ҳар сафар менга берадиган биринчи саволингиз шу бўларди. У пайтлар газета журнал кўринишида чиққани учунми негадир газета эмас, журнал деб атардингиз.

-Э-э, яна эсимдан чиқибди.

-Оббо-е, нимага эсингдан чиқади. Сен чиқарган газетани қўшнимиз Турсуной ҳам сўраётганди.

-Кейинги сафар ҳар бир сонини йиғиб олиб келаман...

-Бу сафар ҳам эсингдан чиқади.

   Онажоним! Болажонимни кўз нури, қалб қўри тўкилган дея, “Достиқ-Дружба” (олдинлари “Учқудуқ” газетаси шу ном билан чоп этилган) газетасини илҳақ бўлиб кутганингиз учун мени кечиринг!

   Бугун уйимда “Учқудуқ” газетаси тахланиб ётибди. Уларни ҳеч ким сўрамайди...

   Икки қатор бўлса ҳам газетада ёзганларим чиқса қайта-қайта ўқийдиган, “бу сонда шунча мақоланг чиқибди”, дея тайёрлаган саҳифаларимни ҳисоблаб юрадиган, ён-верига 4-5 киши йиғилса, “Қизим журналист, район газетасида ишлайди, турли мавзуларда мақолалар ёзади” дея мақтаниб гапирадиган чин “мухлисим” Сиз эдингиз.

   Айтинг... Энди менинг газетада ишлашим, журналист эканим билан сизчалик ким ҳам фахрланади?!

   Кечалари, чироқ ўчиб қолганида пилта фонус ёруғида газетани юзингизга яқин келтирганча мутолаа қилиб ўтиришларингизни эсласам, томоғимга аччиқ тошлар тиқилиб қолади.

   “Журналимиз”да нимаики қизиқ ҳикоя, мақола, янгилик чоп этилган бўлса битта қолдирмай ўқиб, мазмунини гапириб берардингиз. Эҳ, соддагинам-а! Бу газета тайёр бўлгунча ҳар саҳифаси менга нечоғлик ёд бўлиб кетишини сиз қаердан ҳам билардингиз.

-Редактир бўлдинг, энди сенинг мақолаларинг чиқмайди-да, а? Муҳаррирлар бошқаларнинг ёзганларини тўғирлайди-ку. Лекин барибирам ёзиб тур-да...

   Оҳ, онажон! Тириклигингизда ёзилажак мақолаю лавҳаларимни қаҳрамонларини излаб топиб, улар ҳақида бот-бот саҳифалар тўлдириб, сиз ҳақингизда такрор ва такрор ёзмаганим, эсламаганим учун мени кечиринг.   

***

  Меҳрибонгинам...

  Қаранг, уч-тўрт кундан кейин байрам, 8 март!

  Кеча бозорга тушгандим. Кўнглим бузилиб қайтдим. Ҳеч нарса олмадим.

  У ерда онасига совға олаётганларни кўрдим.

  Уларга жуда ҳавасим келди. Оз-моз ғайирлигим келгани ҳам рост.

  Беихтиёр оёғим рўмоллар сотиладиган расталар олдига бошлади.

-Илтимос, арзонроқ қилиб беринг, пулим кам-да. Онамга олмоқчи эдим.

Сотувчи билан ялингудай савдолашарди ёшгина йигит. Талаба бўлса керак, ҳойнаҳой.

  Ранг-баранг, бир-биридан чиройли рўмоллар ичидан биттасини танладим. Сизга ярашадиган мовинг ранг, жаннат туслисини...

-Шуни оласизми? Онангизгами? Неча ёшдалар? – пули етмаётган мижозга парво қилмай, менга юзланди сотувчи.

  Ногоҳ қалқиб кетдим. Бир сотувчига, бир қўлимдаги рўмолга, бир йигитга қарадим.

  Қўлларим қалтирар, нигоҳларим бесаранжом эди. Атрофга безовта тикилганча нима дейишни билмасдим.

-Опа, соғлигингиз жойидами? Ёки бирор нимангизни йўқотдингизми? – сўради ҳалиги йигитча.

  Бўғзим куйиб кетгудай бўлди. “Ҳа... йўқотдим. Жуда катта нарсамни бошимдаги тожимни йўқотдим.”

  Шоша-пиша сумкамдан пул чиқариб сотувчига узатдим. Сўнг қўлимдаги рўмолни менга ҳайрат билан тикилиб турган йигитга тутдим.

-Онангизга совға! Олинг. Фақат “йўқ” деманг!

   Йигитча мени тушунгандек индамади.

“Сиз жудаям бахтлисиз, жудаям...”

  Ўзимга ўзим гапирганча, бисотидаги энг қимматбаҳо нарсасини йўқотган ва энди уни тополмаслигини билсада, умидини узолмай кўзлари нажот истаб ҳар тарафга, ҳар кимга жавдираб қараётган ночор кимсадек йўлимда давом этдим...

***

-Сенга зарилми, жони болам, пулингни ўзингга ишлатсанг бўлмайдими-а? – дедингиз 2 метр кўйлаклик мато олиб борганимда.

   Бор - йўғи бир мартагина ўзимдан орттириб олиб борган матони оларкансиз узундан – узоқ дуо қилдингиз.

-Илоҳим, тани-жонинг соғ, бахтинг бутун бўлсин, мартабанг баланд бўлсин, болам...

   Оҳ, дуогўйим-а!

  Арзимаган эътибордан тоғдек кўтарилган хокисор кўнглингизни, энди олтину зарларга-да топа олмайдиган – ана шундай табаррук дуоларингизни ҳамиша ҳам ололмаганим учун мени кечиринг!

***

  -Наврўз байрамига келгин, майли-ми? Орзигул момо буғдой ундиряпти, биргалашиб сумалак ковлагани чиқамиз.

Лекин мен боролмасдим. Ё болам касал бўларди, ёки йўл кирага пул тополмасдим.

  Муштипаргинам, чорлаган пайтларингизда, олдингизга учиб бормаганим, дийдоримга маҳтал қилган сон-саноқсиз кунларим ҳаққи менинг кечиринг?

***

  “Тинчмисан? Наврўзда хўп кутдим, келмадинг-а”, кўзим ер чизарди. Жавобсиз қолдирган чорловларингиз ҳаққи, сизни хавотирга солиб, ташвишга қўйганларим ҳаққи кечиринг!

***

   ФАРИШТАСИФАТИМ!

  Биламан, энди бу дунёда йўқсиз. Азиз дийдорингиз қиёматга қолгани рост. Аммо... Онажоним, сизнинг қалбингиз ҳамиша биз билан!

  Мен шуни англадим: Яратган онанинг фарзандига бўлган меҳр-муҳаббатига шу қадар буюк куч бағишлаган экан-ки, унга ўлим ҳам тўсиқ бўлолмаскан.

  ҒАМХЎРГИНАМ! Тушларимга тез-тез кирасиз. Ҳамроҳсиз – танҳолигимни билдирмай дейсизми? Йўқлигингизни сездирмай дейсизми? Бизни ўйлаб, у дунёда ҳам безовта бўлиб, оромингизни бузасизми?

  Оҳ, Меҳрибоним! Йўқ, сиз ўлмагансиз? Тоабад қалбимизда, хотирамизда ва тушларимизда биз билан бирга яшайсиз!

   ИЛОҲИМ, Тангрим сизни, шу қаторида фарзандларининг дуо ва савобларидан умидвор бўлган барча ўтган азиз волидайи муҳтарамаларимизни ўз раҳматига олсин, Омин!

Райҳон ҚОДИРОВА, журналист.

 

O'qilgan: 577 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: