LOTIN-КИРИЛЛ

БУНИ ҲАЁТ ДЕЙДИЛАР

   Қизи Азизага келган совчиларга розилик беришди-ю, Нафисанинг боши қотиб қолди. Қиз чиқаришнинг ўзи бўладими. Мана, икки ойдирки, турмуш ўртоғи Шермирза ишга бормаяпти. Ишхонасида карантин. Эркак киши ишламаса, рўзғордан барака қочаркан. Устига-устак катта қизини унаштириб қўйишган. Қудалари тўйни тезлаштиришяпти. Кам-кўсти ҳали жуда кўп. Тўйлар ихчамлашгани билан ҳали мебелларини олиши керак. “Бугун тоғасини чақиртирсам, сигирни сотиб келсин, оқликсиз қолсак ҳам ҳарна бир ташвишдан қутилиб турамиз-ку. Қани, дадаси билан маслаҳаташайчи, нима деркинлар...”, деган ўйда ошхонадан чиқаётган маҳали қўшниси Рисолат буви катта ўғли Самандар билан эшикдан кириб келишди.

   Нафиса меҳмонларга пешвоз юрди. Рисолат холани анчадан бери кўрмаганди. Илгариги муштипар қиёфаси ўрнини қатъиятли бир ифода эгаллабди. Самандар эса тумандаги энг обрўли шифокорлардан бири. Уларни Шермирза ётган хонага бошлади. Дастурхон ёзиб, чой қўйди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, ошхонага чиқиб, иссиқ овқатга уннади. Шу асно кўз олдига қайнонаси раҳматли Ҳайринисо буви келди. Рисолат хола билан жуда иноқ эдилар. Қайнонасидан кейин Нафиса қўшничилик ришталарини бутунлай узиб юборганди. “Ўшанда ёш эканман-да, одамларнинг қадрини билмаганман”, деган ўйда хотираларга берилди...

... Қайнонаси Ҳайринисо буви жуда болажон эди, бутун маҳалланинг ўғил-қизини ҳовлига йиғиб оларди. Янги келинчаклик пайтида Нафиса кечгача ҳовлини йиғиштириш билан овора бўлар, бир тарафни тозалагунича болалар ҳовлининг бошқа тарафини тўзитиб юборишарди. Устига-устак ҳар куни қайнонаси қўни-қўшниларига бир-икки коса овқат илинмаса кўнгли жойига тушмасди. “Бунақада уйимизда барака бўладими?” дерди Нафиса эрига. “Қўявер, ярим коса овқат билан камбағал бўлиб қолармидинг”, деган жавобни эшитиб, тағин хуноби ошарди. Ҳайринисо буви эса: “Болам сиз оғринманг, баракани Худо беради. Қўшниларига оқибатли одам кам бўлмайди”, деб насиҳат қиларди.

   Унга сира ёқмайдиган нарса шу эдики, қўшни аёллар тап тортмай бостириб кириб келаверишарди. Уларга чой қўйиб, дастурхон ёзмаса бўлмайди. “Оқибатли бўлиш ҳам қурибгина кетсин, — деб ўйларди у. — Бу уйда сира тинчлик йўқ”.

   Ҳовли этагидан каттагина ариқ оқиб ўтган бўлиб, нариги тарафи қўшни Рисолат холанинг ҳовлисига туташганди. Ўша кезларда икки ҳовли ўртасини боғлаб турадиган тахта кўприк Нафисанинг кўзига балодек кўринарди. Қайнонаси уйда бўлмаган пайтларда дарвозани ичидан тамбалаб, кўчадан келадиган қўшнилардан дам оларди-ю, аммо тахта кўприк қурмагурга тўсиқ қўйиб бўлмасди, Рисолат хола истаган пайти: “Келин нима қиляпсиз?” деб кириб келаверарди. Ўша пайтлар унинг иккала ўғли ҳам институтда ўқирди. Пулга қийналаётганидан тез-тез нолинар, Ҳайринисо буви эса пенсиясини олган куни шу қўнисиникига йўрғалаб қоларди. Нафиса эса: “Жуда текиндан пул берадиган одамни топиб олишган. Қанонамнинг пенсиясига кун кўриб юришибди”, деган ўйда Рисолат холани ҳам, унинг ўғил-қизларини ҳам ёқтирмасди.

 — Ана қаранг, тағин пулларини Рисолат холага олиб кетдилар, шунинг ўрнига: “Хизматимни қиляпсан, барака топ”, деб менга бир жуфт пайпоқ олиб берсалар бўлмайдими, — дерди Нафиса ёзғириб.

   Шермирза мийиғида кулиб сўрарди:

— Нима, пайпоғинг йўқми?

— Бор, яқинда бирамас ўн жуфтини олиб бердингиз-у...

— Яна нимага нолийсан?

— Энди йўлига бўлсаям кўнглимга қарасалар, дейман-да...

— Ношукур бўлма, ойим энг аввал иккаламиз билан болаларни ўйлайдилар. Худога шукур маошим яхши, шундан кўнгиллари тўқ.

Қизлари катта бўлишгач уларга ўзича тарбия берди: “Бувинг эски замоннинг одами, эскича ўйлайди, ҳозиргиларга яхшилик қилиш шарт эмас. Барибир ҳеч ким миннатдор бўлмайди. Ҳаммаям иши битгунча: “Сиз яхшисиз, деб кўзингга мўлтирайди. Кейин қилган яхшилигингни эслаб ҳам ўтирмайди. Замон шунақа”.

 Ўша кезлар ўғилчаси жуда шўх эди. Бувисининг ортидан бир қадам қолмасди. Қишми, ёзми демай кўприкдан ўтиб, Рисолат холаникига югурарди. “Болам бирор кун сувга тушиб кетмасайди”, деб Нафисанинг еган ичганидан ҳаловат бўлмасди. Ўртадаги кўприкни олдириб ташлаш учун баҳона изларди.

Бир йили баҳорда ариқ сувга тўлган паллада қайнонаси бетобланиб ётиб қолди. Рўзғор бекалигини бутунлай ўз қўлига олган Нафиса дарҳол тахта кўприкни ўрнидан жилдириб, сувга оқизиб юборди-да: “Сув қирғоққача кўтарилиб кўприкни оқизиб кетибди-я”, деб қутилди. Эридан: “Майли, бошқа тахта топиб қўярмиз”, деган жавобни эшитиб, ранги оқарди. Ўша куниёқ укасини чақиртириб: “Жиянинг сув билан ўйнашяпти, ариққа тушиб кетса нима қиламан. Тезда бирор тўсиқ қўйиб бер”, деди. Унинг: “Поччам билан маслаҳатлашайлик”, деганига ҳам қарамай, қўшни тарафга сим тўсиқ ўрнаттирди. Кўнгли жойига тушди.

    Қайнонаси эса икки-уч ҳафта ҳолсизланиб ётди-ю, омонатини топширди. Шундан кейин Рисолат хола билан борди-келди, кирди-чиқдилар ҳам барҳам топди. Тахта кўприк ҳам унутилди...

   Нафиса иссиқ овқат олиб кирганида гурунг авжига чиққан, Рисолат хола билан Самандар Ҳайринисо бувининг хайрли ишларини эслашаётганди.

— Шундай одамлар борлиги учун ҳам кўнгилларимиз обод-да, — деди Самандар. — Ҳайринисо холам раҳматли бизга кўп яхшилик қилганлар. Агар у киши ёрдам бермаганида укам иккаламиз ўқишни ташлаб, тирикчиликнинг ташвишига тушиб кетардик. Сизларга билдириб, билдирмай ҳар ойда бизга пул юбориб турардилар. “Бу қарзларни қачон узамиз”, десак, “Вақти соати келар”, дегандилар...

— Мана, Ҳайринисо опам айтган кунларга ҳам етдик, — дея ўғлининг гапини давом эттирди Рисолат хола. — Қўшним берган пулларни тийин-тийинигача ҳисоб-китоб қилиб ёзиб юргандик. Аввалроқ қайтармаганимизга сабаб эса Ҳайринисо опам раҳматли: “Ўз ташвишларингдан қутилиб олгунингларча невараларим катта бўлишади. Уларни уйлаб-жойлашда, узатишда Шермирзамга суянчиқ бўлинглар”, деб васият қилган эдилар. Азизахоннинг тўйини бошлаб қўйибсизлар. Шунга Самандарим йиққан-терганларини ўртага олди. Насиб этса, тўйда нима хизмат бўлса, барига туриб беради. Ҳозирча манавини олиб, кам-кўстига ишлатинглар...

   Рисолат хола қоғозга ўралган пулни Шермирзага узатди.

— Буни фақат Азизахонга атаганмиз. Наргиза билан Умиджоннинг тегишини ҳам вақти-соати билан берармиз.

Нафиса нима деярини билмасди. Кўзига қуйилиб келаётган ёшни яшириш учун чойни янгилаш баҳонасида ошхонага чиқди. Шу тобда қайнонасининг илиқ-иссиқ меҳрини ҳис этиб тургандек, кўнгли юмшаб кетган, кўз ёшларини эса сира тия олмасди.

— Ойижон тинчликми? — деди Азиза.

Нафиса уни бағрига босди:

— Қизим, бувинг раҳматли: “Оқибатли одам кам бўлмайди”, дерди. У ҳақ экан. Мен бўлсам шундай оқила онанинг қадрига етмабман-а, болам...

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА.

 

O'qilgan: 570 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 07 Jul 2022

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: