Маълумки НКМК нафақат Ўзбекистонда балки дунёда энг йирик олтин ва уран ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади. Ана шундай гигант корхонанинг асосий қанотларидан бири Қизилқум кенгликларининг гавҳари Учқудуқдир.
Чўлнинг нақд юрагида жойлашган, Навоий кон металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган - Учқудуқ айниқса мустақиллик йилларида ўзгача кўрк очди. Ишлаб чиқаришда дунёни ҳайратга соладиган улкан кўрсаткичларга, ютуқларга эришди. Айниқса, маҳаллий ёшлар учун шарт-шароитлар қатори кўплаб иш ўринлари яратилди.
1995 йилда Учқудуқда 3-сонли гидрометаллургия заводи қурилиши нафақат қизилқумлик балки Ўзбекистон кончиларининг мустақиллик йилларидаги биринчи катта ютуғи бўлди. Натижада, Шимолий кон бошқармаси ва бутун Зарафшон минтақаси ҳаётида янги саҳифа очилди.
3- сонли гидрометаллургия заводи мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган биринчи йирик саноат объектларидандир.
Эндигина мустақилликка эришган, олдинлари доимо марказ билан ҳисоблашиб келган, ускуналар бор-у, мутахассислар ёппасига олиб кетилган бир пайтда ёш мамлакат учун бундай корхонани ишга тушириш оғир масала эди. Аммо қанчалик машаққатли бўлмасин, истиқлолнинг биринчи йирик заводи фойдаланишга топширилди.
3- сонли гидрометаллургия заводи бугун салоҳиятли муҳандис-техник кадрларга эга, ривожланган инфратузилмали замонавий корхонага айланди.
3- сонли гидрометаллургия заводининг тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш динамикасида технологик жараёнларни такомиллаштириш, замонавий-инновацион лойиҳаларни жорий қилиш ва илғор муҳандислик-техник ечимларини қўллаш муҳим роль ўйнади.
Ҳаёт бир жойда туриб қолмайди ва давр талабидан келиб чиқиб, янги инновацион технологияларни ишлаб чиқаришда дадил қўлланилиши заводни ривожланишига имкон берди.
25 йиллик тажриба заводнинг янада мукамаллашуви учун бир босқич бўлди. Кечаги маҳаллий мутахассислар ишчиликдан бошқага ярамайди, деган фикр ўзгарди. Энди бу ерда ишлаётган мутахассислар ҳар қандай лойиҳаларни қўрқмай амалга ошириши мумкин эди.
Ана шундай ишончни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган “Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача ривожлантириш дастури” доирасида “Кокпатас” ва “Дауғизтау” конларининг ишлаши қийин бўлган маъданларидан олтин ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш лойиҳаси белгилаб берди. Бу энг энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири ҳисобланарди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун заводда сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш бўйича янги мажмуани барпо этиш режалаштирилди.
Ушбу лойиҳанининг ноёблиги нимада эди? Мазкур мажмуа ўзининг илғор муҳандислик-техник ечимлари, технологик жиҳозланиш даражаси билан ноёбдир. Бу жараёнда албатта комбинат муҳандислари ва олимларининг олиб борган илмий-тадқиқотларидан кенг фойдаланилди.
Ҳамкорлар – дунёнинг етакчи компаниялари, жумладан “Инжиниринг Доберсек” фирмаси билан биргаликда мазкур ноёб корхона ишга туширилди. Замонавий мажмуанинг ишга туширилиши мамлакатимиз кон-металлургия саноати тарихида янги босқични бошлаб берди, десак, муболаға бўлмайди. Мазкур ноёб мажмуа 3- сонли Гидрометаллургия заводига келтирилаётган хомашёдан фойдаланиш самарадорлигини 8,5 фоизгача, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни 11 фоизга оширди.
Қувонарлиси шундаки, дунёда ягоналиги ва ўзбекистонликларники бўлган бу мажмуа илмий лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон металлургия саноати тарихида биринчи марта Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг (ЖИМТ) "Ихтиро учун" Олтин медалига тавсия этилди.
Навоий КМКнинг бош директори Қувондиқ Санақулов бошчилигидаги ходимлар орасида 3 - сонли Гидрометаллургия заводининг мутахассислари Махмуд Жумаев, Шуҳрат Нарбадаловларнинг борлиги одамга қувонч ҳисссини беради.
Оддий завод муҳандисларининг билими дунё даражасида эътироф этилиши ҳам мустақиллигимизнинг айниқса, кейинги йилларда илм-фанга қаратилаётган эътиборнинг эътирофи десак муболаға бўлмайди.
Айни пайтда 3-ГМЗ йилига 8 миллион тонна рудани қайта ишлаб, олтин ҳажмини 3 баробардан зиёд ишлаб чиқарган ҳолда, барқарор ишламоқда.
Кон комплекси эса завод ишга туширилган дастлабки даврга таққослаганда, кон жинслари ҳажмини 8,5 баробардан ортиқ ҳажмда ишлаб чиқармоқда. Мустақиллик йилларида 3-ГМЗда 136 миллион тоннадан ортиқ руда қайта ишланди, 192 тоннадан ортиқ олтин ишлаб чиқарилди.
Қуввати ва аҳамияти бўйича НКМК бўлинмалари ўртасида иккинчи ўринда турувчи Шимолий кон бошқармаси ривожланган замонавий инфратузилмага эга бўлиб, олтин ва таркибида уран мавжуд рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича етакчи ташкилотдир.
Ўзбекистон бугун дунёда уран ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларни эгаллаётгани бу - олис Учқудуқ кончиларининг ҳам заҳматли меҳнати маҳсулидир. Мустақилликнинг кейинги йилларда ишлаб чиқаришга инновацион ғояларни татбиқ этишилиши соҳага янгиликлар олиб кирмоқда.
Кончилик ишларида уюм-уюм тупроқ ва тоғ-кон чиқиндилари ҳосил бўлиши табиий ҳол.
Учқудуққа келган киши шаҳар остонасидаёқ бунга амин бўлади. Комбинат ва Шимолий кон бошқармаси мутахассисларининг саноат чиқиндиларини қайта ишлаб, тайёр маҳсулот олиш мақсадида олиб бораётган изланишлари ўз самарасини бермоқда.
2016 йил Навоий кон-металлургия комбинати бир гуруҳ олим ва мутахассисларининг “Радиоактив кон ағдармаларни рекультивация қилиш усуллари” ихтирочилик ишига патент олинди. Натижада, ҳудуддаги Геотехнологик конда таркибида уран металли мавжуд чиқиндиларни рекультивация қилиш участкаси ташкил этилди.
Ҳар куни 600-800 тонна ағдармани қайта ишлаш қувватига эга бу участкада 44 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Эндиликда чиқиндилардан маҳсулот олиш билан бирга улар эгаллаб турган майдон рекультивация қилиниб, фойдаланишга мақбуллиги таъминланмоқда.
Корхонада маҳаллийлаштириш дастури доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехида иккиламчи ресурслардан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш ва маҳсулот таннархини пасайтириш мақсадида 2016 йил июнь ойида Ҳиндистоннинг “ТРИВЕН ТРУБИНС” ЛТД компанияси томонидан СКИЧЦда иссиқлик қозонидан чиқадиган ортиқча буғ ёрдамида ишлайдиган, 6 мегаватт қувватга эга бyғ турбинаси қурилмаси ишга туширилди.
Қурилма сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 85 фоизгача таъминламоқда. Ҳозирга қадар буғ турбинасида бир миллиард 160 миллион киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилди.
Цехда марказий илмий-тадқиқот лабораторияси мутахассислари томонидан ишлаб чиқариш чиқиндиларидан қимматли элементларни комплекс қайта тиклаш дастури доирасида лаборатория шароитида ишлатилган ванадий катализаторидан ванадий пентоксидини олиш технологияси самарали синовдан ўтказилди.
2017 йилдан буён 1500 килограмм ванадий пентоксиди ишлаб чиқарилди. Маҳсулот Навоий машинасозлик заводига юборилмоқда. Корхонада йилига 505 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқарилмоқда.
Кон бошқармаси кўплаб тармоқлар ва бўлинмаларга бўлинади. Ҳар бир тармоқ ва бўлимларнинг ўзига хос вазифалари мавжуд. Улар турли ишларни бажарсалар-да, ягона мақсадга - кон-металлургия саноатининг барқарор фаолият кўрсатишига хизмат қилади.
Истиқлол йилларидаги шу ва бошқа улкан яратувчанлик ишларидан ҳақли равишда фахрланар эканмиз, бундан атиги 30 йил илгари дунё харитасида мустақил Ўзбекистон давлати, дея тан олинган мамлакатда яшаётганимиз, ишлаётганимиз чексиз фахр-ифтихор уйғотади.
Кечаги кунимизга ҳаёлан назар ташласак, тарихан қисқа даврда қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимиз, бу марраларга эришиш нақадар оғир ва машаққатли кечганлиги ойдинлашади.
Бугун эса Ўзбекистон иқтисодиёти ҳатто ҳали-ҳануз давом этаётган глобал молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам барқарор юқори суръатларда ўсиб бораётганини бутун дунё тан оляпти. Мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори эса кун сайин ортиб бораяпти.
Мухтасар айтганда, ҳозирги ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турли хавф-хатарлар кучайиб бораётган мураккаб шароитда юртимизда иқтисодиётнинг барча тармоқлари жадал ва барқарор ривожланаётгани, энг муҳими, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётганлиги, миллатлар ҳамда фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ҳамда меҳр-оқибат муҳити тобора мустаҳкамланаётганлиги кўпчиликнинг ҳавасини уйғотмоқда.
Буларнинг бари мамлакатимизда мустақилликни кўз қорачиғидек асраш йўлида изчил амалга оширилаётгани тўғри ва оқилона ислоҳотлар самарасидир.
Ёрқин ШАКАРОВ,
Шимолий кон бошқармаси директори