Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир.
Ш.Мирзиёев.
Куни-кеча туманимиздаги “Учқудуқ” маданият уйида “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.
Фестивал ишини туман ҳокимининг биринчи ўринбосара Ф.Бафоев кириш сўзи билан очиб берди.
Унда таъкидланганидек, давлат раҳбарининг 2019 йил 15 ноябрдаги “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида юртимизда ҳар йили 16 ноябрь –Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Ўзбекистон – кўп миллатли мамлакат. “Бағрикенглик ҳафталиги”ни ўтказишдан мақсад 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантиришдан иборат.
Учқудуқ туманида ҳам “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида ташкил этилган тадбирларнинг якуний қисми “Ўзбекистон – бағрикенг диёр!” мавзусидаги фестивал бўлиб, унда рус миллий - маданий марказ, 7,9,10 – умумий ўрта таълим мактаби ҳамда “Қизилқум” маданият уйи жамоалари иштирок этди.
Тадбирни 9-умумий ўрта таълим мактаби ижодий-маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси Қ.Ахметов олиб борди.
Дўстлик фестивалида иштирокчилар томонидан рус, қозоқ, тожик, қорақалпоқ ва ўзбек халқлари урф-одат ва анъаналари намойиш этилди. Турли миллат вакилларининг куй-қўшиқлари ижро этилди.
Айниқса, 9-умумий ўрта таълим мактаби вакиллари томонидан қозоқ миллий урф-одат ва анъаналарининг намойиши, “Қиз узатиш” саҳна кўринишини йиғилганлар олқишлар билан қаршиладилар.
10-умумий ўрта таълим мактаби жамоасининг ўзбекона чиқишлари, “Келин танлаш” урф-одатини ҳазил-мутойиба тарзида жуда моҳирлик билан саҳнага олиб чиққанликлари барчага бирдек манзур бўлди.
Шунингдек, рус миллий - маданий марказ жамоаси томонидан куйланган қўшиқ ва рақслар, 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари ижросида тожик тилида ижро этилган қўшиқ ва рақслар барчада катта таассурот қолдирди.
Мазкур фестивални ўтказишдан асосий мақсад ёш авлодни турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Тадбир якунида барча иштирокчи жамоалар туман ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
Учқудуқ туман ҳокимлигида халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги ўттиз тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, кун тартибида муҳокама қилинаётган масалалар бўйича масъул мутасаддилар иштирок этди.
Сессия ишини Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаш котибият мудири Ш.Сатторов бошқариб борди.
Дастлаб депутатлар “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни уй-жойни таъмирлашга маблағ ажратиш тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар.
Туман “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 нафар оилаларнинг уй-жойини жорий таъмирлаш учун қурилиш моллари олишга жами 30 млн. маблағ ажратиш таклифини депутатлар бир овоздан маъқулладилар.
Мазкур маблағ эвазига Мингбулоқ ОФЙдаги “Янги ЎЗбекистон” кўчаси 2-уйда истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Тинимкул Нуртаева, “Адолат” кўчаси 18-уйда яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оила Сейлбек Қулмишов яшаб турган хонадонлари таъмирланадиган бўлди.
Мажлис кун тартибидаги иккинчи масала ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича эришиладиган амалий чора-тадбирлар дастури муҳокама қилинди.
Сессия кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан туман ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Бафоев, туман ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ф.Шокиров ва бошқалар сўзга чиқдилар.
Йиғилиш кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ва ижрога қаратилди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
ЎзХДП ҳукуматга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича давлат томонидан кафолатланган нафақа тўлашни жорий этиш таклифини киритди. Партия нодавлат сектордаги иш берувчилар ҳар доим ҳам бундай мажбуриятни бажармаслигини, ишсиз аёллар эса умуман олмаслигини таъкидлади. Буни халқаро ташкилотлар ҳам қайд этган.Халқ демократик партияси барча хотин-қизларга туғруқ ва туғиш бўйича давлат томонидан кафолатланган нафақа тўлашни жорий этиш бўйича ҳукуматга таклиф киритди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Улуғбек Вафоев муаллифлигида партия сайтида эълон қилинган мақолада айтилмоқда.
«Бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти», — деб ёзмоқда у.
Фракция фикрига кўра, бу нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Ишламайдиган аёллар бу нафақани олмайдилар. «Бу ҳолат аҳолида саволлар туғдирмоқда», — қайд этди депутат.
«Барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли — нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди», — таъкидлади Улуғбек Вафоев.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСEФ ва Жаҳон банкининг ўтган йили чоп этилган қўшма ҳисоботида иш берувчининг нафақани молиялаши халқаро амалиётга зид экани айтилган. Ҳужжатда бу ҳолат «ёш аёлларни расмий секторда иш билан таъминлашда потенциал тўхтатувчи омил мавжудлигидан далолат бериши, бу эса уларни иш ўринлари учун жиддий рақобат шароитида ноқулай аҳволга солиб қўйиши» ҳақида айтилган.
«Ўзбекистон Республикаси ҳукумати оналикни муҳофаза қилиш бўйича халқаро ҳужжатга (ILO, 2019a) қўшилганини инобатга олиб, оналик ва туғиш бўйича барча нафақаларни ижтимоий суғурта тизимига ўтказиш тавсия этилади», — тавсия этилмоқда ҳисоботда.
2022–2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги президент фармойиши қабул қилинди.
Адлия вазирлиги хабарига кўра, давлат бошқаруви органлари ва ҳокимликлар самарадорлигини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш мақсад қилинган.
Фармойишга кўра, Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилишида қатор жиҳатлар устувор йўналиш ҳисобланади.
Улар орасида давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, такрорланувчи вазифа ва функцияларини қисқартириш, раҳбар ўринбосарларининг йўналишлар кесимидаги жавобгарлик чегараларини аниқ белгилаш, вазирлик ва идоралар штат бирликларини мақбуллаштириш, бошқарув жараёнини автоматлаштириш, иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш, “Очиқ идора” лойиҳасини амалга ошириш, давлат хизматларини тўлиқ рақамлаштириш ва фуқароларнинг сансалорлигига барҳам бериш, вазирлик ва идораларнинг айрим функцияларини нодавлат секторига ўтказиш бор.
Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмаларини битта маъмурий бинога жойлаштириш орқали аҳолига “Ягона дарча” тизими асосида хизмат кўрсатиш, кадрларни танлов асосида ва кенг рақобат муҳитида ишга қабул қилишни тўлиқ жорий қилиш, ўз устида ишламайдиган ва масъулияти бўлмаган кадрларга нисбатан “жамоавий таъсир”ни амалга ошириш, вазирлик ва идораларда ягона кадрлар рейтингини юритиш, давлат хизматчилари томонидан олинадиган кафолатланган бепул хизматлар ва воситалар пакетини ишлаб чиқиш, тендер ва танловларни очиқ ва шаффоф ҳолда ўтказиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, халқ депутатлари кенгашларининг маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, маҳаллий вакиллик органларида доимий асосда фаолият юритувчи депутатлар корпусини шакллантириш ҳамда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегарасини аниқ белгилаш мўлжалланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тиббиёт соҳасининг фаол ва ташаббускор ёш вакилларини бирлаштириш мақсадида «Янги Ўзбекистон шифокорлари» платформаси яратилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, янги платформа Ўзбекистонда ва хорижда фаолият юритаётган 45 ёшгача бўлган шифокор ватандошларимиз учун мўлжалланган. Платформада ўзбек тиббиёти олдида турган долзарб масалалар ва уларнинг ечимлари бўйича янги ғоя, таклиф ҳамда ташаббуслар қабул қилиниб, соғлиқни сақлаш тизими ривожига бағишланган илмий-амалий конференцияда муҳокама этилади. Шунингдек, энг яхши ғоя ва таклифлар берган ёш шифокорлар вазирлик истиқболли кадрлар захирасига киритилади.
Бунинг учун шифокорлар https://ssv.uz/uz/vacancy?vaca... манзили орқали рўйхатдан ўтиб, ғоя ва таклифларини қолдиришлари мумкин.
Bundan tashqari, har yili 50 nafargacha nogironligi bor shaxslarning chetda o‘qish xarajatlarini qoplash, nogironligi bor shaxslarni ishga olgan tadbirkorlarni rag‘batlantirish ko‘zda tutilmoqda.
23 noyabr kuni “SHAROIT PLYUS” nogironlar jamoat birlashmasi tomonidan tegishli tashkilotlar bilan hamkorlikda nogironligi bor shaxslarni ish bilan ta'minlash mavzusida inklyuziv biznes-forum tashkillashtirildi. Bu haqda Kun.uz muxbiri xabar bermoqda.
Forumda ma'lum qilinishicha, 2020 yilda O‘zbekistonda 781,3 ming nafar nogironligi bo‘lgan shaxs rasman ro‘yxatga olingan bo‘lib, ularning 300 ming nafari ishga layoqatli. Ishga layoqatli nogironlarning faqatgina 2 foizga yaqini rasman ish bilan ta'minlangan.
Bandlik va mehnat munosabatlari vaziri o‘rinbosari Bahodir Umrzoqov forumda nogironligi bor shaxslar bandligi darajasi pastligi qanday sabablarga bog‘liq ekanini sanadi.
“Nogironlar o‘rtasida bandlik ko‘rsatkichi juda past. Bir tomondan qarasa, ularning ishlashi uchun davlat sezilarli harakat qilmaganday ko‘rinadi. Haqiqatan ham, biz bu borada juda ko‘p kvotalar, o‘quvlar qilyapmiz, lekin ularning ko‘pchiligi, asosan, rasmiyatchilik bilan bog‘liq.
Nogironlar bilan davlat tashkilotlari emas, balki nodavlat va xalqaro tashkilotlar ko‘proq shug‘ullanyapti. Bu bizning kamchiligimiz”, dedi vazir o‘rinbosari.
Umrzoqovga ko‘ra, jamiyatdagi stereotiplar, ishonchsizlik, ish beruvchilarning nogironlarni ishga qabul qilish bo‘yicha korporativ madaniyatga ega emasligi ham nogironlar ishga joylashishiga salbiy ta'sir qilyapti.
“Nogironlarni ishga olgan ish beruvchilarni qo‘llab-quvvatlash mexanizmi mavjud emas. Shuningdek, mehnatga layoqatli nogironligi bor shaxslarning elektron reyestri ham yo‘q.
Mavjud muammolar hisobga olingan holda, “Nogironligi bo‘lgan shaxslarni har tomonlama qo‘llab-quvvatlash, ularning bandligiga ko‘maklashish, ijtimoiy faolligini oshirish bo‘yicha qo‘shimcha chora-tadbirlar to‘g‘risida” qaror loyihasi ishlab chiqilib, ko‘rib chiqish uchun vazirliklarga yuborildi. Bu qaror nogironlar bandligini ta'minlash uchun yangi imkoniyatlar beradi”, dedi Mehnat vazirligi rasmiysi.
Vazir o‘rinbosariga ko‘ra, qaror loyihasida:
Nogironligi bo‘lgan shaxslarni ishga qabul qilgan ish beruvchiga har bir xodimi uchun 6 oy davomida BHMning 1,5 baravari miqdorida subsidiya ajratish;
Kasb-hunar kollejlari va texnikumlarda nogironlarni kasbga o‘qitishga mo‘ljallangan qisqa muddatli o‘quv kurslari tashkillashtirish;
Har yili 50 nafargacha nogironligi bor iqtidorli yoshlarni chet elda o‘qitish xarajatlarini davlat tomonidan qoplab berish;
2022 yildan boshlab “Ishga marhamat” monomarkazlarida nogironligi bo‘lgan shaxslar uchun moslashtirilgan va mehnat bozorida talab yuqori bo‘lgan kasblar, shuningdek, xorijiy til va tadbirkorlik bo‘yicha ham kurslar tashkil etish;
Nogironligi bor shaxslar ishlayotgan korxonalar ishlab chiqargan mahsulotlarni xarid qilish bo‘yicha to‘g‘ridan to‘g‘ri shartnomalar tuzishga ruxsat beriladi.
O‘zbekiston Nogironlar assotsiatsiyasi raisi Oybek Isoqovning qo‘shimcha qilishicha, qaror loyihasida nogironlarni daromad solig‘idan ozod qilish ham ko‘zda tutilgan.
Fermer xo‘jaliklariga o‘z viloyatidagi istalgan paxta-to‘qimachilik klasterlari bilan paxta xomashyosini yetkazib berish bo‘yicha ixtiyoriy ravishda fyuchers shartnomalarini tuzish huquqi berildi.
Paxta-to‘qimachilik klasterlari faoliyatini tartibga solish chora-tadbirlari to‘g‘risidagi Prezident Farmoni (PF-14-son, 16.11.2021 y.) qabul qilindi.
Farmon bilan Paxta-to‘qimachilik klasterlari faoliyatini muvofiqlashtirish respublika komissiyasi tasdiqlandi.
Komissiya paxta-to‘qimachilik klasterlarini tashkil etish uchun arizalarni ko‘rib chiqadi.
Klasterlar komissiyasi xulosasiga asosan Hukumat qarori bilan tashkil qilinadi va talabgor bilan o‘ttiz yilga bitim tuziladi.
Bitim quyidagi holatlarda faqatgina sud tartibida bekor qilinadi:
- tomonlarning biri qarshi bo‘lganida;
- bitimdagi majburiyatlar o‘z vaqtida bajarilmaganida;
- qishloq xo‘jaligi mahsulotlarini yetishtiruvchilarning uchdan ikki qismi klasterlar tomonidan shartnoma shartlari 3 yil bajarilmaganligiga oid murojaatlari bo‘lganda.
Klaster tashkil qilishda yetishtiriladigan yoki sotib olinadigan paxtaning kamida 50 foizini o‘zida qayta ishlash quvvati bo‘lgan talabgorga ustunlik beriladi.
Klasterlarning yillik paxta hajmi 30 ming tonnadan ko‘p bo‘lganda audit o‘tkazishga xalqaro auditorlar jalb qilinadi.
Farmonga ko‘ra, fermer xo‘jaliklariga o‘z viloyatidagi istalgan paxta-to‘qimachilik klasterlari bilan paxta xomashyosini yetkazib berish bo‘yicha ixtiyoriy ravishda fyuchers shartnomalarini tuzish huquqi berildi.
Ilgari faqat o‘z tumanidagi klasterlar bilan shartnoma tuzilgan.
Shu o‘rinda ta’kidlash joizki, Fyuchers shartnomasi – tovarni oldindan belgilangan narx asosida kelgusida sotib olishga oid kelishuvdir.
Uchquduq tuman adliya
bo‘limi boshlig‘i
Maʼruf Umerzakov
Дам олиш куни мириқиб қизиқарли кўрсатув ёки кино кўришга нима етсин! Балки сиз ҳам ҳозир вақтингизни телевизор қаршисида ўтказаётгандирсиз?! Аммо, бугун телевидениенинг туғилган куни ва унинг ватани айнан бизнинг мамлакатимиз эканини биласизми?
Сайёрамизда инсоният яратган мўъжиза — телевидение Ўзбекистон пойтахти Тошкентда яратилган.
1928 йил ўзбекистонлик ихтирочилар Борис Павлович Грабовский ва Иван Филлипович Белянскийлар электрон-нур ёрдамида ҳаракатдаги тасвирни бир жойдан иккинчи жойга узатадиган ва қабул қиладиган “Радиотелефот”ни кашф этганлар.
Борис Грабовский 1901 йил 26 майда Тоболскда, сургун қилинган украин инқилобий шоир Павел Арсениевич Грабовский оиласида туғилган. 1902 йилда отасининг вафотидан сўнг онаси ўғли Борис билан бирга Одессага кейин Харьковга, сўнг Ўрта Осиёга кўчиб келишган. Гимназияда ўқиб юрган чоғидаёқ Борис физика, кимё фани ва турли нарсалар ясашга жуда қизиққан.
У дастлаб Тоштрампда сим ўровчи, кейинроқ эса собиқ Марказий Осиё университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультети лабораториясида ишлаган. Бу ерда у биринчи бўлиб масофадан туриб тасвирларни узатиш ғоялари билан танишиб, электрон телевизион аппаратни яратиш устида иш бошлаган.
Маълумотларга кўра, телевидениенинг илк кўрсатувлари 1936 йилда Буюк Британия ва Германияда, 1938 йилда тажриба синов тариқасида Москва ва Санкт-Петербургда, 1941 йилда эса АҚШда эфирга узатила бошланган. Тошкентда телевизион кўрсатувларни мунтазам эфирга узатиш 1956 йилнинг 5 ноябрида амалга оширилган.
Ҳар йили 21 ноябрьда нишонланадиган Бутунжаҳон телевидение куни 1996 йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан белгиланган бўлиб, бу сана биринчи жаҳон телевизион форуми ўтказилган кун билан боғлиқдир.
Навоий вилояти ҳокими в.б. Н.Турсунов Учқудуқ туманидаги “Мингбулоқ” овулида бўлиб, 11-умумий ўрта таълим мактаби, 4-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти, оила шифокорлик пункти ҳамда овул фуқаролар йиғини қошида фаолият юритаётган “Қыз жасау” тикувчилик цехи фаолияти билан яқиндан танишди.
Ташриф аввалида ижтимоий – тиббий кўмакка муҳтож бўлган 10 нафар мингбулоқлик оилага озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга рўзғор учун зарур бўлган иситиш мосламалари берилди.
Вилоят ҳокими в.б. Н.Турсунов овул хонадонларига бирма-бир кириб, одамларнинг дарду ташвишларини эшитди. Улар орасида биринчи гуруҳ ногирони Турсинкул Қалбаева, Сағира Нурасилова ҳам бор. Ҳар иккала онахон ўзлари яшаб турган хонадоннинг том қисми таъмирталаблигини айтиб, кўмак сўрадилар.
Халқ кўтараётган масалаларни жойида ўрганиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни шу ернинг ўзида бартараф этаётган вилоят раҳбари уларнинг ҳар бирига 15 млн. сўмдан жами 30 млн. сўм маблағ ажратилишини билдирди.
Шунингдек, “Қыз жасау” тикувчилик цехи раҳбари Рима Абдикаримова 100 млн. сўм кредит ажратилишида кўмак сўраб мурожаат қилди.
Бугунги кунда цехда ўнга яқин овул аёллари иш билан таъминланган. Цех фаолиятини кенгайтириш, қўшимча янги иш ўринлари яратишни мақсад қилган ҳунарманднинг мурожаати юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
Дарҳақиқат, муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса ўнлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам.
Шу жиҳатдан вилоят ҳокими в.б. Н.Турсуновнинг Учқудуқ тумани “Мингбулоқ” овулига ташрифи бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли учун ҳар томонлама фойдали бўлди.
Шу куни вилоят раҳбари Учқудуқ туманидаги 20 ва 3 -умумий ўрта таълим мактаби, 14 ва 15 – сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида ҳам бўлди.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ.
Навоий вилояти ҳокимлиги тантаналар уйида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йилнинг 22 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари томонидан ўтказиладиган кўрик-танловлар тўғрисида”ги қарорига кўра, “ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” ва “МАҲАЛЛА – БЕШ ТАШАББУС БЕШИГИ” кўрик-танловларининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлатимиз мадҳиясига эҳтиром кўрсатилганидан кейин вилоят ҳокими ўринбосари Яшин Душанов Навоий вилояти ҳокими в. б. Нормат Турсуновнинг ғолибларга табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва комиссияларнинг якуний хулосаларига кўра, “ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” кўрик-танловининг “Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқаруви органи”,“Энг яхши ижтимоий ташаббускор нодавлат нотижорат ташкилоти”, “Энг яхши ижтимоий ташаббускор тадбиркорлик субъекти”, “Энг яхши ижтимоий ташаббускор фуқаро” ва “Энг яхши ижтимоий ташаббускор ҳокимлик” номинацияларида фахрли биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни қўлга киритган совриндорлар тақдирландилар.
Улар орасида Учқудуқ туман мактабгача бўлими мудири Нигора Амонова ҳам бор. У “Энг яхши ижтимоий ташаббускор давлат бошқаруви органи” номинациясида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлди.
“ИЖТИМОИЙ ТАШАББУС” кўрик-танлови ғолиб ва совриндорлари вилоят ҳокимининг дипломи билан тақдирландилар.
УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИ АХБОРОТ ХИЗМАТИ
More...
O‘zbekiston oliy ta'lim muassasalari bitiruvchilarining yakuniy davlat attestatsiyasi to‘g‘risidagi nizomga o‘zgartirishlar kiritishni nazarda tutuvchi buyruq davlat ro‘yxatidan o‘tkazildi.
Unga ko‘ra, yakuniy davlat attestatsiya sinovidan o‘ta olmagan shaxs keyingi har bir o‘quv yilida (3 yil davomida) o‘z arizasiga muvofiq 2 martagacha imtihonni qayta topshirish huquqiga ega.
Oldingi tartib bo‘yicha bitiruvchi yakuniy davlat attestatsiyasi sinovidan o‘ta olmagan taqdirda keyingi yillarda qayta topshirish huquqiga ega edi. Ushbu holat talaba uchun birmuncha qiyinchiliklar, xususan uning bir yillik qimmatli vaqtini maqsadli sarflay olmasligiga sabab bo‘lib kelgan.
Endilikda talabalar tomonidan qayta topshirish to‘g‘risidagi arizalar yig‘ilishiga qarab bir o‘quv yilda ikki martagacha davlat imtihonlarini qayta topshirish imkoniyati yaratildi.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳарбий тарихни ўрганиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди.
Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Маданият вазирлиги, "Ватанпарвар" ташкилоти муассислигида:
"Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамияти - муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти;
"Аждодлар изидан" илмий-оммабоп журнали таъсис этилади.
"Аждодлар изидан" жамиятининг асосий вазифалари:
қадим ўтмишда, ўрта асрларда, яқин тарихда Ўзбекистон ҳудудида, шунингдек, унинг чегаралари ташқарисида бўлиб ўтган ҳарбий-тарихий аҳамиятга эга тарихий ҳужжатлар ва воқеалар тавсиф-баёнини тўплаш;
миллат озодлиги ва мустақиллиги учун босқинчиларга қарши курашиб, қаҳрамонлик кўрсатган ҳарбий саркардалар, раҳбарлар, қабила ва халқ етакчилари, йўлбошчиларининг фаолиятини ўрганиш;
юртимиздаги музей, кутубхона ва архивларда, шу жумладан, хорижий давлатлардаги шу каби муассасаларда илмий-тадқиқот ва қидирув ишларини олиб бориш;
таниқли олимлар, тарихчилар, археологлар, мутахассисларни жалб қилган ҳолда йиғилган маълумотларни тизимлаштириш;
Ўзбекистон тарихида юз берган ҳарбий-тарихий воқеалар харитасини тузиш ва бошқалар.
Жамиятни бошқариш мудофаа вазири раислик қиладиган Кузатув кенгаши томонидан амалга оширилади, у фаолиятини жамоатчилик асосида олиб боради. Кузатув кенгаши йиғилишлари ҳар йили камида икки маротаба ўтказилади.
Жамият фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида "Аждодлар изидан" ҳарбий-тарихий жамиятини ривожлантириш жамғармаси тузилади. Уни молиялаштириш манбалари:
ҳар йили 1 февралга қадар муассисларнинг ҳар бири томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 500 баробари эквиваленти миқдорида ажратиладиган маблағлар;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳарбий-маъмурий секторларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;
юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан амалга оширилган ҳомийлик хайриялари;
қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳукумат қарори (693-сон, 19.11.2021 й.) билан Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Маъмурий регламентга кўра, 2022 йил 1 июлдан кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар фақат ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади.
Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:
уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;
I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;
ёшга доир пенсия олувчилар.
Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.
Йўлланмалар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан 10 кун олдин (асосли сабабларга кўра қайтарилган йўлланмалар бундан мустасно) берилади.
Йўлланмалар фақат уларда кўрсатилган муддатларда ҳақиқий ҳисобланади.
Йўлланмада кўрсатилган муддатдан олдин санаторийга қабул қилинмайди, санаторийга кечикиб келинган кунлар тикланмайди.
Йўлланмадан факат унда кўрсатилган шахсгина фойдаланиши мумкин. Битта йўлланма билан биттадан ортиқ киши (жумладан, ёш болалар ҳам) қабул қилинмайди.
Қарорга кўра шунингдек, “Электрон санаторий” платформаси ишлаб чиқилади. Бунда:
санаторийларга йўлланма олиш учун мурожаат қилган аҳоли электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олинади;
йўлланмалар бўйича навбатни кузатиш имкониятини берувчи механизмлар жорий этилади.
Учқудуқ туман адлия бўлими бошлиғи М.Умерзаков
Ўзбекистон доимий аҳолисининг ёш жиҳатдан таркиби эълон қилинди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди. Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига доимий аҳолининг ёш таркиби бўйича тақсимланиши қуйидагича бўлган:
0–4 ёшлилар — 3 756 106 нафар;
5–9 ёшлилар — 3 341 346 нафар;
10–14 ёшлилар — 3 078 367 нафар;
15–19 ёшлилар — 2 569 705 нафар;
20–24 ёшлилар — 2 758 841 нафар;
25–29 ёшлилар — 3 218 218 нафар;
30–34 ёшлилар — 3 081 371 нафар;
35–39 ёшлилар — 2 617 689 нафар;
40–44 ёшлилар — 2 151 240 нафар;
45–49 ёшлилар — 1 910 995 нафар;
50–54 ёшлилар — 1 622 297 нафар;
55–59 ёшлилар — 1 528 091 нафар;
60–64 ёшлилар — 1 226 095 нафар;
65–69 ёшлилар — 762 473 нафар;
70–74 ёшлилар — 468 735 нафар;
75–79 ёшлилар — 246 064 нафар;
80–84 ёшлилар — 148 712 нафар;
85 ва ундан катталар — 72 546 нафар.