
Hokimiyat matbuot xizmati
Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизматига янги раис тайинланди.
Алишер Аброрович Усмонов Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимида иш бошлади.
Kun.uz’га маълум бўлишича, ушбу тайинлов жорий йил октябр ойи охирларида амалга оширилган.
Алишер Усмонов бундан олдин Давлат хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари сифатида ишлаган. 2007 йилда II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирларида Ўзбекистон президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Тошматов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашига ишга ўтказилганди.
Баҳодир Тошматов Хавфсизлик кенгаши котибининг Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Жорий пахта мавсумида мажбурий меҳнат бўйича энг кўп ҳолат Наманган вилоятида аниқланган.Жорий йилнинг 4 декабр куни Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2020 йилги пахта мавсумида кузатилган мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича ахборот берилди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, пахта мавсуми билан боғлиқ энг кўп мажбурий меҳнат ҳолати Наманган вилоятида аниқланган. Республика бўйича қайд этилган ҳолатларнинг 42,2 фоизи ушбу ҳудуд ҳисобига тўғри келади. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай, пахта масалаларига туман ҳокимлари аралашуви ҳам вилоятда қайд этилган.
Шунингдек, мавсум давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш бошқа ҳудудларда ҳам, хусусан, Жиззах вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Сурхондарё вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 3 та, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Фарғона вилоятларида биттадан кузатилган. Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифасини бажармаганлиги, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги аниқланган.
“Мажбурий меҳнатга шароит яратиб берилганлиги учун 5 та туман ҳокимига чора кўриш бўйича киритилган таклифларимиз қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан Чортоқ (А.Отахўжаев), Учқўрғон (А.Ваҳобов), Оҳангарон (А.Абдуллаев), Ўрта Чирчиқ (О.Нурматов), Урганч (Ф.Шарипов) туман ҳокимларига “ҳайфсан” берилди ва ушбу ҳолат яна такрорланадиган бўлса, эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилди”, – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.
Йиғилишда 2020 йил давомида мҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 652 млн сўмдан зиёд миқдорда маъмурий жарима тайинлангани, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилгани айтиб ўтилди.
Комиссия йиғилиши хулосасига асосан, 2021 йилдан бошлаб нафақат пахтачилик, балки бошқа соҳаларда ҳам йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингини юритиш бўйича кўрсатма берилди.
Ҳар яхшининг бир аммоси, ҳар ёмоннинг бир лекини бўлганидек Учқудуқ тумани марказидаги ички йўлларида ҳам муаммолар етарлича эди. Бу эса қатор йиллар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди.
Ўтган йилдан бошлаб, туман ички йўллари Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфига ўтказилганидан кейингина туман ҳокимлиги кўмагида масаланинг ечими хусусида аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, амалий саъй-ҳаркатлар бошланди.
Биргина, жорий йилда ички хўжалик йўлларини таъмирлаш дастури ва дастурга қўшимча равишда 7 та хўжалик йўлларида жами 5329 метр узунликда асфальтобетон қопламаси ётқизилиб, фойдаланишга топширилган. “Х.Дўстлиги” кўчасида 71 метр масофада пиёдалар йўлаги қурилган.
Жумладан: “Чўл гули” кўчасида 3,5 километр, “Наврўз” кўчасида 160 метр, “Х.Дўстлиги” кўчасида 218 метр, “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида 207 метр, “И.Бухорий” кўчасида 588 метр, “Бўстон” кўчасида 90 метр асфальт қопламаси ётқизилди.
Куни кеча туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасига элтувчи яна бир хўжалик йўли фойдаланишга топширилди. Мазкур 340 метр узунликдаги асвальт йўл ва пиёдалар учун махсус йўлак 837 млн. сўм маблағ эвазига бунёд этилди.
Йўлни фойдаланишга топширишга бағишланган маросимда туман фаоллари ва нуроний оқсоқоллар ҳам иштирок этди.
Эндиликда, тиббиёт муассасасига йўл олаётган Учқудуқ фуқаролари кечаси ҳам ёруғ бўлган равон йўлдан юриб ўтишади.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган вакцинани республикага олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди ва Ўзбекистон учинчи босқич синовларида ижобий натижа кўрсатган вакцинанигина харид қилишини маълум қилди.«Юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича энг самарали йўл бу – иммунизация тадбирлари, яъни соғлом инсонларни ушбу касалликка қарши эмлашдир. Дунёда бу йўналишда қатор илмий текшириш институтлари ҳамда фармацевтика корхоналари томонидан коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда Covid-19’га қарши Хитойнинг «Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical» компаниясининг вакцинаси ва Россия Федерациянинг «Спутник-V» вакцинасининг 3-босқич клиник тадқиқотлари юртимизда ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Бунда вакциналарнинг хавфсизлик кўрсаткичларини баҳолаш, уларнинг инфекцияни олдини олишдаги самарадорлигини аниқлаш асосий вазифа қилиб белгиланган. Шунингдек, «Sinopharm group» компанияси билан ҳам ушбу йўналишда иш олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган вакцинани республикага олиб келиш ва аҳолига етказиш ваколати ягона хусусий ширкатга берилгани ҳақида билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳақиқатга зид. Чунки Covid-19 инфекциясига қарши вакцина харид қилиш ва ундан фойдаланиш масалалари бутун жаҳонда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам клиник тадқиқотларнинг 3-босқичи натижаларига кўра белгиланади.
Бирор мамлакатнинг вакцинаси ижобий кўрсаткичлар қайд этгани илмий исботлансагина, уни харид қилиш, сотиб олинган вакцинани сақлаш ва ташиш билан боғлиқ масалалар тегишли мезонлар асосида кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ҳозирда БМТ билан ҳамкорликда COVAX’га аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонга жаҳонда олиб борилаётган клиник тадқиқотлар асосида самараси ижобий баҳоланган коронавирусга қарши вакциналарни етказиб бериш бўйича музокаралар ҳам олиб борилмоқда», дейилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Бугун, 4 декабр куни Россия Федерациясининг саноат ва савдо вазири Денис Мантуровнинг шахсан ўзи коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини Тошкентга олиб келди.Вазирлик хабарига кўра, вакциналарни Санитария эпидемиология хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Холмамат Норбоев қабул қилиб олган.
«Мамлакатга намуналар синовдан ўтказиш, рўйхатга олиш ва Ўзбекистон ҳудудида саноат услубида ишлаб чиқариш учун тақдим қилинди», – дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, айни вақтда Россия вакцинасининг синовлари Беларус, Венесуэла, БАА ва Ҳиндистон каби давлатларда ўтказилмоқда. Хориждан туриб вакцина синовларида қатнашаётганларнинг умумий сони 5 минг кишидан, мамлакат ичидаги кўнгиллилар эса 40 минг кишидан ошиб кетган.
Шунингдек, ҳозирги кунда Ҳиндистон, Бразилия, Хитой, Жанубий Корея ва яна 4 та мамлакатдаги заводларда «Спутник V» вакцинасини ишлаб чиқариш ҳажмини йилига 500 миллион дозага чиқариш борасида келишувга эришилган.
Маълумот учун, Россияда август ойида «Спутник В» воситаси коронавирусга қарши вакцина сифатида рўйхатдан ўтказилган.
Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасининг 1 дозаси нархи хориж бозори учун $10дан ошмайди. Шунингдек, вакцина самарадорлиги дастлабки эмлашдан 42 кун ўтиб, 95 фоиздан ошгани маълум қилинганди.
Айни дамда дунёда АҚШ, Британия, Хитой, Франция ва Германияда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқариш ишлари давом этмоқда. Олдинроқ Британияда ҳам кейинги ҳафтадан коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланиши маълум қилинган эди.
“Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори эълон қилинди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги хабарига кўра, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни академик лицейларга саралаб олиш, чуқурлаштирилган таълим дастурлари асосида ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Академик лицей ўқувчиларининг камида битта хорижий тилни пухта ўзлаштириб чиқиши учун дарс машғулотларига юқори малакали педагоглар жалб қилинади, зарурий шароитлар яратилади.
Шунингдек, академик лицейларда умумтаълим фанлар соати ҳисобига чуқурлаштирилган фанлар соати оширилади ҳамда уларнинг улуши камида 50 фоизга етказилади.
Таълим босқичлари узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ОТМларнинг турдош таълим йўналишларида такроран ўқитиладиган фанлар академик лицейлар ўқув дастуридаги тегишли фанлар билан унификация қилинади.
Академик лицейларда ўқиш даврида унификация қилинган фанларни ўзлаштирган, олий таълим муассасаларида талабаликка қабул қилинган таълим олувчилар учун ушбу фанларни ўзлаштириш ихтиёрий ҳисобланади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, академик лицейларга ҳужжат топширувчиларни рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайти орқали амалга оширилади.
Келгуси ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олишда Давлат тест маркази томонидан танланган йўналишга мос 2 та фан бўйича ҳамда интеллектуал қобилият даражасини (IQ) аниқлаб берувчи тест синовлари ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги арафасида Учқудуқ тумани марказида янги, замонавий ва барча шарт - шароитларга эга бўлган прокуратура биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Навоий вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Р.Махамов, Шимолий кон бошқармаси директори Я.Шакаров ҳамда туман ташкилот раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
7 млрд. 500 млн. сўм маблағ сарфланган ушбу бино Ғ.Йўлдошев раҳбарлигидаги “Навоий савдо экспорт” ХК томонидан бунёд этилди. Қисқа муддатларда қуриб битказилган бинода қонун ҳимоячиларини тўлақонли фаолият олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Маросимда сўз олган вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Р.Махамов, туман нуронийлари А.Керуенбаев, М.Муратовлар Учқудуқ туман прокуратураси янги бинода фаолиятини давом эттирар экан, бу маскан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилувчи адолат қўрғони бўлиб узоқ йиллар халқимизга хизмат қилсин, дея тилак билдирдилар.
Тадбир қатнашчилари ва оқсоқллар янги бинода прокуратура ходимлари учун яратилган қулайлик ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Учқудуқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати.
O‘zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev raisligida 3-dekabr kuni ilm-fan va innovatsiyani rivojlantirish borasida oliy ta’lim muassasalari, ilmiy tashkilotlar, tarmoq va hududlar oldidagi ustuvor vazifalar muhokamasi yuzasidan videoselektor yig‘ilishi o‘tkazildi. Bu haqda Prezident matbuot xizmati xabar berdi.
Yig‘ilishda ilm-fan natijalari kimyo sanoati va neft-gaz tarmoqlari uchun ham juda zarurligi ta’kidlandi. Qayd etilishicha, O‘zbekiston ko‘p miqdorda kimyoviy reagentlar, polimerlar va boshqa mahsulotlarni import qilayotgani bu boradagi ahvolni yaqqol ko‘rsatadi
Shu munosabat bilan, xorijiy tajriba asosida neft va tabiiy gazni chuqur qayta ishlab, yuqori qo‘shilgan qiymatli mahsulotlar tayyorlaydigan markaz tashkil etish vazifasi qo‘yildi. Kimyo sanoatiga zarur reagentlar uchun ilmiy institutlarga buyurtmalar berish va ularni ishlab chiqarishga grant ajratish muhimligi ta’kidlandi.Yana bir masala — bugungi kunda Navoiy va Olmaliq kon-metallurgiya kombinatlarida 3 milliard tonnaga yaqin texnogen chiqindilar yig‘ilib qolgan. Yiliga ularning 20 million tonnasi qayta ishlansa, 2 tonna oltin, 8 tonna kumush, 10 ming tonna mis hamda volfram, molibden kabi nodir metallar olish mumkin. Mutasaddilarga bu borada aniq ko‘rsatmalar berildi.
«Таълим тўғрисида»ги янгиланган қонунга асосан, ота-оналар ва педагоглар ўртасида болани мактабга бериш ёши тўғрисидаги тушунмовчиликларга барҳам берилиши айтилди.
Ўзбекистонда эндиликда бола 7 ёшга тўладиган йилда 1-синфга қабул қилинади. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Шу пайтгача болани неча ёшдан мактабга бериш масаласи ота-оналар томонидан турлича талқин қилинарди. Норматив ҳужжатларда 6–7 ёш деб белгиланган. Бошқа тартибда эса психолог хулосасига кўра, бола мактабга тайёр бўлса, муддатидан олдин 6 ёшда қабул қилиниши мумкин, деган талқинлар ҳам бўлган ва бу кўплаб эътирозларга сабаб бўлди.
Бу вазиятдан кимдир ўз моддий манфаати йўлида фойдаланиши ҳам мумкин. Шу сабабли халқаро тажрибадан келиб чиқиб, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов мажбурий равишда қонунга киритилди.
Жорий йил 23 сентябрда кучга кирган «Таълим тўғрисида»ги қонунга асосан, 2021/22 ўқув йилидан бошлаб бола 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилиш тизими амал қилади. Бу эса ота-оналар ва педагоглар ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликларга барҳам беради», – деди Шарифхўжаев 3 декабр куни халқ таълими тизимидаги коррупция мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида.
Ер участкалари ва кўчмас мулк объектларига солиқ солишни янада такомиллаштириш мақсадида президентнинг “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатда бир қатор янгиликларни жорий этиш назарда тутилган, деб хабар бермоқда ДСҚ матбуот хизмати.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ер солиғи ставкаларини (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) белгилаш ҳуқуқини бериш мўлжалланган.
Кўчмас мулк (бинолар, иншоотлар ва ер участкалари) объектларини бозор қийматига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблаш тизими жорий этилади.
Бу икки босқичда амалга оширилади:
2021-2023 йилларда кўчмас мулк бўлган турар жой фонди объектлари (квартиралар, якка тартибдаги уй-жойлар, дала ҳовлилар), шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига;
2022-2024 йилларда яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига.
Қуйидагилар орқали ер ва сув ресурсларидан, ер қаъри қазилмаларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ солишнинг ягона тартиби жорий этилади;
коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналарга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш қисми ва балиқ етиштириш, шу жумладан деҳқон хўжаликлари сув ҳажми бўйича 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида ягона солиқ ставкаси белгиланади.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 баробаридан ошмаслиги керак.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этиш билан бир вақтда ер қаъридан фойдаланувчилар солиқ органларига фойдали қазилмалар захираси ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этиш тартиби белгиланади.
Фармонда Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган (2021 йил 1 январдан кучга кирадиган нормалар бўйича). Кўчмас мулк объектларини солиққа тортишнинг янги тизимини жорий этиш бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда вазирлик ва идоралар ўртасида, халқаро молия институтлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда (ўзаро чоралар кўриш, маълумот тўплаш ва бошқалар) ҳамкорликда амалга оширилади.