Ер участкалари ва кўчмас мулк объектларига солиқ солишни янада такомиллаштириш мақсадида президентнинг “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатда бир қатор янгиликларни жорий этиш назарда тутилган, деб хабар бермоқда ДСҚ матбуот хизмати.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ер солиғи ставкаларини (қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ташқари) белгилаш ҳуқуқини бериш мўлжалланган.
Кўчмас мулк (бинолар, иншоотлар ва ер участкалари) объектларини бозор қийматига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблаш тизими жорий этилади.
Бу икки босқичда амалга оширилади:
2021-2023 йилларда кўчмас мулк бўлган турар жой фонди объектлари (квартиралар, якка тартибдаги уй-жойлар, дала ҳовлилар), шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига;
2022-2024 йилларда яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаб турган ер участкаларига.
Қуйидагилар орқали ер ва сув ресурсларидан, ер қаъри қазилмаларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади:
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун солиқ солишнинг ягона тартиби жорий этилади;
коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналарга сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш қисми ва балиқ етиштириш, шу жумладан деҳқон хўжаликлари сув ҳажми бўйича 1 куб метр учун 40 сўм миқдорида ягона солиқ ставкаси белгиланади.
Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг 2018 йилда белгиланган кадастр қиймати асосида ҳисобланган суммаси 2020 йил учун ҳисобланган солиқ суммасининг 1,3 баробаридан ошмаслиги керак.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича йиллик ҳисоботни тақдим этиш билан бир вақтда ер қаъридан фойдаланувчилар солиқ органларига фойдали қазилмалар захираси ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон шаклда тақдим этиш тартиби белгиланади.
Фармонда Солиқ кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган (2021 йил 1 январдан кучга кирадиган нормалар бўйича). Кўчмас мулк объектларини солиққа тортишнинг янги тизимини жорий этиш бозор қийматидан келиб чиққан ҳолда вазирлик ва идоралар ўртасида, халқаро молия институтлари ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда (ўзаро чоралар кўриш, маълумот тўплаш ва бошқалар) ҳамкорликда амалга оширилади.