LOTIN-КИРИЛЛ
Hokimiyat matbuot xizmati

Hokimiyat matbuot xizmati

13 Apr 2022

   Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

    Ўлкамизга ойларнинг султони, Аллоҳнинг муборак китоби — Қуръони карим нозил бўлган ой моҳи Рамазон ташриф буюрди. Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират ойидир. Шу боис, бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиради.

    Рамазон ойи гуноҳлардан ювилиб, дўзахдан паноҳ бўладиган ой. Ҳақ таоло барчамизни мана шундай муборак ойга насиб этиб турибди. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: “Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Имом Бухорий). Шу боис, ҳар йили юртдошларимиз ушбу ойни кўтаринки кайфият, ўзгача шукуҳ, алоҳида тайёргарлик ва катта хурсандлик ила кутиб олади.

   Аллоҳга шукрки, масжидларда мўмин-мусулмонлар билан таровеҳ намозларини адо этамиз, хатми Қуръон ўқиймиз, юртимизга қут-барака ёғилишини Ҳақ таолодан сўраймиз. 

   Бунинг учун барча шароитлар яратилган, имкониятлар етарли. Энг муҳими, икки бебаҳо неъмат ҳаётимизни, турмушимизни файзиёб қилиб турибди. Булар – юртимиз тинчлиги ва халқимиз саломатлиги. Расулимиз Муҳаммад (с.а.в) “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”, дедилар.

Тинчлик бўлмайса, тўй татимайди, дейди доно халқимиз. Шукрки, мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик ҳукм сурмоқда. Рамазон рўзасини тутиш, ибодатларда собит бўлиш учун давлатимиз томонидан барча шароит ва имкониятлар яратилган.

   Рамазон фазилати ҳақида Салмон (розияллоҳу анҳу) қилган ривоятда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “У аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлиш фурсати бўлган ойдир”, деганлар.

   Моҳи Рамазонда адо этиладиган солиҳ амаллар эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришади. Рамазон ойида Аллоҳ таоло фарз қилган рўза тутилади, масжидларда таровеҳ намозлари адо этилади, хатми Қуръон ўқилади.

   Рамазон – Қуръон ойи. Аллоҳ таолонинг каломи айнан шу ойда нозил бўлган. Ҳақ таоло бундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят манбаи ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185).

   Тафсир китобларида келишича, Қуръони карим Рамазон ойининг Қадр кечасида Лавҳи маҳфуздан дунё осмонига туширилган. Сўнгра йигирма уч йил давомида воқеа ҳодисалар ривожига мувофиқ равишда бўлиб-бўлиб Пайғамбаримизга индирилган.

   Рамазон — хайр-саховат ойи. Пайғамбаримиз бу ойда бошқа ойларга қараганда янада сахийроқ бўлиб кетардилар. Рамазон инсонларни ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга, кексалар ва беморлар, яқинлар ҳолидан хабар олишга, муҳтожларга хайр-саховат қилишга чақиради. Шу орқали шахсда меҳрибонлик, хокисорлик, бағрикенглик фазилатларини тарбиялайди.

    Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “...Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (“Саба” сураси, 39-оят). Бинобарин, карамли инсон ҳеч қачон зиён кўрмайди, мол хайр-эҳсон қилиш билан камаймайди, балки савоб кўпаяди, Рамазон баракотидан исломий шахсият тўкис бўлади.

   Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг бир ҳадиси шарифида рўзадорнинг сифатлари зикр этилиб, рўзадорнинг дуоси мақбулдир, дейилди. Чунки инсон Аллоҳ таоло учун нафсининг орзуларини тарк этгани боисидан дуоси ижобат бўлади. Шунинг учун ҳам бу қутлуғ ойда чин қалбдан, ич-ичдан, дунё ва охират саодатини астойдил сўраб дуолар қилишимиз керак.

    Рамазони шариф ҳар бир хонадонга, жонажон юртимизга қут-барака, соғлик-омонлик ва бахту саодат ҳамда файзу шукуҳ олиб келсин!

    Барчамизга фазилатли Рамазон ойи муборак бўлсин!

Абдижалол ТУРДИЕВ,

“Қизилқум” жомеъ-масжиди имом-хатиби.

12 Apr 2022

   Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ҳар ҳафтанинг чоршанба кунида Шимолий кон бошқармаси объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда.

   Тасдиқланган режага асосан ўтказилаётган ўрганиш тадбирларида корхона-ташкилот ва бўлинмаларнинг баҳорги ёзги мавсумга тайёргарлик жараёни текширувлардан ўтказилмоқда. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш, ис газидан сақланиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича тарғибот ишлари ҳам қўшиб олиб борилаётир.

    Ана шундай тарғибот тадбирлари Геотехнология кони ва участкалари, 3-сонли гидрометаллургия заводи, «Шарқий» кон масканининг участкалари ва тоғ-кон механизмлари, Автомобиль транспорт бошқармаси, Марказий физика ва кимё лабораториясида ўтказилди. Видеороликлар тайёрланиб, намойиш этилди. 

   Жорий йил биринчи чорагида тезкор текширишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан объектлар раҳбарлари номига 13 та тақдимнома киритилди. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида берилган 48 та назорат таклифларининг ижроси таъмиланди.  

    Юқорида қайд этилган корхона ва масканларда 32 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилиб, унда 598 нафар ишчи-ходимлар иштирок этди. 64 нафар янгидан ишга қабул қилинувчи фуқаролар билан 7 маротаба бирламчи йўриқномалар ўтказилди. 38 та носоз ҳолатда бўлган электр қурилмаларининг фаолияти вақтинчалик таъқиқланди.

    Шунингдек, баҳорги-ёзги мавсум даврида амалдаги ёнғин хавфсизлиги қоида талабларига риоя қилмаган 29 нафар раҳбар ва ходимларга нисбатан 6 миллион 48 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди. 

    Бундан ташқари, жойларда баҳорги ёзги мавсумда хавфсизлик талаблари ва ис газидан захарланишнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бунда ШКБ объектларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлимининг барча ҳарбий хизматчилари жалб қилинган. 

    Фуқаролар билан ўтказилаётган тадбирлар ва давра суҳбатларида электр қурилмалари ва газ мосламаларидан хавфсиз фойдаланиш, таъмирлаш ишлари вақтида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 

Санжар БАҲОДИРОВ, 

ШКБ ОЁХТТEБ ходими, капитан,

Даврон АСАДОВ, 

ШКБ ОЁХТТEБ ходими, сержант.

 

12 Apr 2022

   Аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилган.

   Шу жумладан Учқудуқ туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди қошида “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, жамғармага ўтган 2020-2021 йиллар мобайнида 1 млрд. 330 млн. сўм миқдорида хайрия ва ҳомийлик маблағлари келиб тушган. Ушбу маблағлар Халқ депутатлари Учқудуқ туман Кенгаши қарорлари асосида 887 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож вақтинча ўз даромадини йўқотган ишсиз оилаларга 1 млрд.235 млн. сўмлик кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари, пул маблағлари ва бошқа маҳсулотлар кўринишида берилган.

   Жорий йилнинг биринчи чорагида эса кам таъминланган тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож 59 та оилага 107 млн. 980 минг сўм нақд пул кўринишида бир марталик моддий ёрдам берилди. Уларнинг 13 нафарига соғлигини тиклаш учун 32 млн. 500 сўм, 46 нафар фуқарога оилавий шароитини яхшилиш учун 75 млн. 480 минг сўм кўмак кўрсатилди.

    Меҳр-мурувват, хайр-саховат каби эзгу амаллар халқимизнинг азалий қадрияти ҳисобланади. Бу каби саховат кўмаклари бундан кейин ҳам тизимли амалга оширилади.

Икром РАХИМОВ, 

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди 

Учқудуқ туман бўлинмаси бошқарувчи раиси в.б.

 

12 Apr 2022

    “Ер - ақлнинг бешиги, лекин инсон бешикда абадий яшай олмайди”.

    12 апрель куни бутун дунё Авиация ва космонавтика кунини нишонлайди. Бу унутилмас сана инсоннинг коинотга биринчи парвози, илм-фаннинг мислсиз ғалабаси билан боғлиқ.

    Космонавтика куни байрам сифатида собиқ Совет Иттифоқида 1962 йил 9 апрель куни СССР олий кенгаши президиуми фармони билан ташкил этилган ва 1968 йил Халқаро авиация федерацияси конференциясида халқаро мақом олган.

   Айтганча, 2011 йилдан буён бу сана бошқа ном билан, яъни Бутунжаҳон авиация ва космонавтика куни сифатида нишонланади.

    2011 йил 7 апрелда БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдан ташқари ялпи мажлисида Россия ташаббуси билан космосга илк қадамнинг 50 йиллиги муносабати билан фазони тадқиқ қилиш резолюцияси қабул қилинган.  

    1961 йил 12 апрелда Совет Иттифоқи фуқароси, катта лейтенант Юрий Гагарин дунёда биринчи марта “Восток” космик кемаси саҳнида Ер атрофида орбитал парвозни амалга ошириб, одамнинг космик парвози даврини бошлаб берди.  

    Атиги 108 дақиқа давом этган парвоз коинотни тадқиқ этишда улкан ютуқ сифатида эътироф этилди. Юрий Гагариннинг номи дунёга машҳур бўлди ва биринчи космонавт муддатидан олдин майор ҳарбий даражасини олди, Совет Иттифоқи Қаҳрамони олий унвони ва Олтин Юлдуз кўкрак нишони билан тақдирланди.

    Маълумки, инсон космик кемага чиқишдан олдин унинг тўрт оёқли дўстлари парвозга жўнатилган. 1960 йил август ойида экипажи таркибида “Белка” ва “Стрелка” лақабли икки ит бўлган совет фазовий кемаси кўкка учган.

   Космонавтика тарихидаги дастлабки халқаро парвоз 1975 йил ёзда СССРнинг “Союз-19” ва Американинг “Аполлон” ракеталари орқали амалга оширилган.

      Инсоният XXI асрга космик технологияларнинг ақл бовар қилмайдиган муваффақиятлари билан бирга кириб келди — ўн минглаб сунъий йўлдошлар Ер атрофида айланиб юрибди. Ҳатто, одамзот қадами Ойга-да етди, у ердан тупроқ намунасини олиб қайтди. 

   Кейинчалик автоматик зондлар Марс ва Венерага қўнди, бир неча фазо кемаси Қуёш тизими чегараларини ҳам тарк этди.

    Шундай қилиб, БМТ Бош Ассамблеяси ушбу байрамни Халқаро космик парвозлар куни сифатида эълон қиларкан, бутун инсоният мулки бўлган коинотни тинч мақсадларда тадқиқ этиш, фазодан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, бу борада барча давлатларга тенг имконият, имтиёз берилишини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатни давом эттирмоқда.

   Ҳар йили мазкур санани инсоният учун космик аср бошланиши (12 апрель)ни халқаро миқёсда нишонлаш таклиф қилинган. Бу фан ва технологиянинг барқарор ривожланишига, фазодан тинч мақсадда фойдаланишга хизмат қилади.  

    Космонавтларнинг касб байрами 12 апрель космик дастурларда иштирок этадиган муҳандис, олим, техник ва бошқа мутахассислар учун ҳам қадрли кун. Космонавтика куни мамлакатимизда ҳам ўзига ҳос тарзда нишонланади, чунки Ўзбекистон ушбу соҳани ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшган. Қозоғистондаги Бойқўнғир космодроми қурилишида ўзбеклар, хусусан, алоқачиларимиз, қурувчиларимиз ва бошқа мутахассисларимиз фаол иштирок этган.   

   Ўзбекистон фазогирлари дастлабки кунларданоқ самони тадқиқ этишга муносиб ҳисса қўшдилар. Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани фарзанди, бутун дунёга маълум ва машҳур Владимир Жонибеков фазога беш марта чиққан илк ўзбекистонлик космонавт, икки карра Қаҳрамон, авиация генерал-майори унвони соҳибидир. Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилиб ўсган ўзбек миллатига мансуб Солижон Шарипов фазода 203 кунни ўтказган, авиация полковниги, “Амир Темур” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган. 

Асарлари халқаро миқёсда тан олинган олимлар орасида Шавкат Аҳадович Воҳидовнинг исмини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳамюртимиз фазовий муҳандислик соҳасини шакллантириш ва ривожлантириш борасида улкан ютуқларга эришган.

   Бугунги сана муносабати билан турли мамлакатларда тадбир, кўргазма, конференция, семинарлар бўлиб ўтмоқда, илмий-маърифий маърузалар ўқиляпти, фильмлар намойиш этилмоқда.

    2001 йилдан буён Америка космик ишлаб чиқариш бўйича маслаҳат кенгаши ташаббуси билан 12 апрель куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида “Юрий кечаси” тадбири ўтказилади.

    Ушбу сана икки воқеага бағишланган: одамнинг коинотга илк парвози - 1961 йил 12 апрель, СССР ва “Space Shuttle” дастури бўйича биринчи одам парвози - 1981 йил 12 апрель, АҚШ.

    Ушбу акциядан мақсад коинотни ўрганишга жамоатчилик қизиқишини ошириш, ёш авлодни коинот сирларини ўрганишга илҳомлантиришдан иборат. 


 

11 Apr 2022

   Тадқиқотларга кўра, зам-зам сувининг ер юзига илк чиққан жойидаги ҳарорати 37 даража. Қандай ният билан ичилса, шу дардга даво бўладиган ва 66 номи бўлган зам-зам суви атрофдан келган турли овозлар қаршисида фарқли шаклларга айланмоқда. Буни исботлаган эса япон олими доктор Масура Ямотодир. 

    Зам-зам кристалларини илк бор микроскоп остида тадқиқ этган олим сувни турли овоз частоталарида синаб кўради. Сувнинг молекуляр (кристал) структурасининг турли частоталарга кўра ўзгаришини кузатган япон мутахассиси черков қўнғироғи овозида замзам кристалларининг қорайишини, Қуръони карим ва азон овозларида эса порлашини аниқлади. 

   Тадқиқотда ҳар бир кристаллнинг худди Каъбаи муаззамага ўхшайдиган бир тўқима ташкил қилиши аниқланди. Японияда энг кўп сотилган китоблар қаторидан жой олган доктор Ямотонинг зам-зам бўйича ёзилган китобида бу табаррук сув физикавий ва кимёвий хоссалари жиҳатидан ер юзидаги барча сувлардан фарқланишини айтиб ўтган.

   Ёшлигидан ҳаётини зам-зам тадқиқотларига бағишлаган турк насабли саудиялик муҳандис Яҳё Ҳамза Кочак Каъбанинг томчиларда яширинган ҳайратда қолдирувчи сирни япон мутахассисидан қандай ўрганганини шундай айтади: “12 йил аввал Лос Анжелесда бир конференцияда япон олими Масура Ямото билан танишдим. У сувнинг ўзига хос эсда сақлаб қолиш хоссаси, яъни хотираси борлигидан гапирар, бир овоздан бошқасига ўтганида сувнинг қандай ўзгаришини тушунтирарди. 

    Конференция тугагандан кейин у билан гаплашдим. Биз мусулмонлар бир пиёла сувга Қуръони карим ўқиб, уни хастага ичирамиз. Бундан ташқари зам-зам сувимиз ҳам бор. Қандай ниятда ичилса, фойдасини беради. Шуларни тадқиқ эта оласизми, деб сўрадим. Мендан Қуръони Каримни ким ўқийди, деб сўради. Лос Анжелес ва Токиодаги Ислом марказларидан илтимос қилиши мумкинлигини айтдим. 

    10 йил сўнгра менга устида азон ўқилган сув ва кристаллар бўйича тажрибалари ёзилган бир китобни юбориб, ҳайратга солди. Тадқиқотни ўтказган ва бу бўйича мустақил бир китоб ёзган экан. Сув кристаллари бисмиллоҳ, Қуръони Карим ва азон ўқилганида шаклини ўзгартиради. Кристалларнинг кўриниши айнан Ҳарамнинг спутникдан олинган расмидай. Замзам кристали дунёдаги сув кристалларининг барчасидан фарқли. Баъзи фан олимлари бунинг сабабини ҳалиям тушуна олмаяпти”.

 

11 Apr 2022

 

   1.Ислом тақвимидаги тўққизинчи ой бўлмиш Рамазон бундан бир минг тўрт юз йил аввал муқаддас Қуръони Каримнинг илк оятлари Муҳаммад Алайҳиссаломга нозил бўлган вақтга тўғри келади. Бу улуғ ой шамсий тақвимга асосланганлиги боис ҳар йили икки ҳафта илгари келади.  

   2. Рўза араб тилида “сиём” деб аталиб, бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Ҳадисда хабар берилганидек, жаннатнинг Раййон деб аталувчи дарвозасидан фақат рўзадорлар киради ва мукофот тариқасида Аллоҳни кўришади. Шунингдек, жаннатнинг эзгу амалларга кўра тақсимланган: намоз эшиги, закот эшиги, садақа эшиги, жиҳод эшиги, силаи раҳм эшиги ва умра эшиги. Кўпгина манбаларда жаннат эшиклари саккизта дея таърифланади.   

   3.Рамазон ойини, шунингдек, шаҳрул мувосат ойи деб ҳам аташади. Мувосот — одамларга моддий ва маънавий кўмак бериш демакдир. Бу ойда закотлар, садоқат берганларга катта савоблар ёзилади.

    4. Австралияда ўртача 9 соат, Швеция ва Исландияда 20 соатдан узоқроқ рўза тутилади. Бунинг сабаби куннинг қанчалик узоқ давом этишига боғлиқ.  

   5. Ой мусулмон олами хронологиясининг асосий ҳисоблаш воситаси, беш қиррали юлдуз эса ислом таълимотининг асосий беш устунини ифодалайди. Лекин бу ислом динининг рамзи ҳисобланмайди. Чунки, Қуръони Каримда ислом динининг ҳеч қандай рамзи ҳақида сўз юритилмаган.

 

 

09 Apr 2022

    Атрофимизда содир бўлаётган кундалик воқеа-ҳодисаларни кузатаётган оддий инсон, бандлик, ишсизлик билан боғлиқ муаммолар ва кон бошқарма раҳбарияти кўмагида уларни ҳал этишда иштирок этган ходим сифатида халқимизни рози қилиш йўлидаги хайрли ишлар тўғрисидаги мулоҳазаларимни ушбу мақолага жамладим.

    Tуманимизда қолаверса, қўшни Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва ҳаттоки узоқ водий вилоятларидаги туманлардан ҳам Қизилқумнинг юрагида жойлашган Шимолий кон бошқармасида ишлаш истагида бўлганлар талайгина. Ҳа, бугун Шимолий кон бошқармаси Учқудуқ туманининг белидаги белбоғи! 

    Аҳолининг кўпчилигини қамраб олган ушбу ташкилотда айни вақтда 8000 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилишаётир. Кадрлар бўлими ана шу кўпмиллатли, аҳил жамоа ишчи-ходимларини ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш, меҳнат ёки ўқув таътили, мукофотлаш, касаллик варақалари, хизмат сафари, архив, пенсия таъминотига алоқадор ҳужжатларни аниқ, адолатли, шаффоф ва ўз вақтида юритилишини таъминлайди ва назорат қилади, маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга оширади. Бошқарманинг “кириш йўлаги” ҳисобланган кадрлар бўлимида меҳнат қилиш ҳам фахр, ҳам жуда катта масъулият, ҳалоллик, адолат, қонун ҳужжатларига суянган ҳолда виждонан ишлаш демакдир. 

     Юқорида бежизга “кириш йўлаги” атамасини келтирмадим. “Уйнинг аҳволи остонадан маълум” деганларидек, кадрлар бўлимига ташриф буюрган фуқаро борки, мазкур бўлим негизида йирик корхона ҳақида тасаввурга эга бўлади. Шу боисдан раҳбариятнинг ходимлардан мурожаат қилувчи фуқаролар билан мулоқотда самимийлик ва сабр тушунчаларига суяниб меҳнат қилиш тўғрисидаги қатъий талаблари ўринлидир.

    “Танаси бошқа дард билмас”, дейдилару аммо турмуш муаммолари, рўзғор ташвишларидан чарчаган кишига “буғдой сўзи” билан муомала қилиш ҳам одамийликнинг нишонаси. Бу борада кадрлар бўлими бошлиғи Умиджон Рахматовнинг фуқаролар билан мулоқотда ўзини тутиши, маданияти, самимийлиги кўпчиликка ўрнак. 

    Мавзудан узоқлашмай, кадрлар бўлимига бир неча марта қилган мурожаатлари сабаб таниб қолганим, ташвишлари кўзларида кўриниб турган оналар, аёллар ҳақида ёзсам.

    ...Сабоҳат опа “Айтим” МФЙда истиқомат қилади. Йиллар давомида иш излаб елиб-югурган, болаликдан 2-гуруҳ ногирони бўлган фарзандини ёнига олиб ёзнинг жазирамасию, қишнинг аёзли заҳрини тотиб писта-қурт сотган. Опанинг яшаш шароити билан танишганимиздаёқ кўнглимда шу аёлнинг тезроқ ишга жойлашишини сўраб дуо қилдим. Кўп ўтмай раҳбариятнинг эътибори туфайли Сабоҳат опанинг муаммоси ҳал бўлди – у иш билан таъминланди.

   Агар рассом бўлганимда ёлғиз аёлнинг кўзларида жо бўлган дарднинг суратини чизган бўлардим. Меҳнат фаолиятим давомида шундай муштипар аёлларнинг прототипини учратдим. Суяниб турган тоғидан ажралиб қолиш ҳар қандай кучли аёлни эсанкиратиб қўяди. “Йўлчилар”, “Абай”, “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинларида боқувчисини йўқотган оилалар рўйхатида турувчи Гулжон опа 2 нафар фарзанди билан, Янгилжон опа 3 нафар фарзанди билан, Шахноза ва Бахтигуллар 2 нафар фарзандлари билан ёлғиз қолишган. 

   Турмуш ўртоғи – суянчиғи вафотидан кейин рўзғорнинг барча юки гарданига тушган аёллар нажот излаб кон бошқармасига мурожаат қилдилар. Шукурки, уларнинг ҳам оғири енгил бўлди. 

    Жуда яқин дугонам ижарада туриш заҳмати ҳақида гапирганди. Пишиб улгурмаган овқатини қозони билан кўтариб ижара уйидан қувилгани, ижара ҳақини тўлиқ бермаганига яқин қариндоши пулни тўлиқ қилиб келиши учун уни совуқда изига қайтаргани, кўзида ёши билан ёмғирда қолгани ҳақидаги сўзлари менга гўёки эртакдек туюлганди. Ишга қабул қилиш борасида мурожаат қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш асносида улардан айримларининг ижарада яшаши аниқланди, бу масалада ҳам яхшилик ғолиб келди! 

    Ўзбекистон халқи тарихида катта бурилиш ясаган Халқ қабулхоналари номига монанд тарзда Шимолий кон бошқармасида ташкил этилган Жисмоний ва юридик шахслар мурожаати хизмати фуқароларнинг турли мазмундаги муаммоларига ечим топишда шаффофлик, очиқлик, холисликка ёндошиб, кадрлар бўлими билан ҳамкорликда иш олиб борадилар. Юқорида келтирилган мисолларда ушбу хизмат ходимлари фуқароларнинг яшаб турган маҳалласи, турмуш шароити, яшаш муҳити тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш ва масаланинг адолатли ҳал этилишида кадрлар бўлими билан ҳамнафас ишлайди. 

   Мазкур хизматга келган мурожаатлардан бирини ўрганиш жараёнида Эътиборнинг оиласига зудлик билан ёрдам, руҳий далда кераклиги аниқланди. Аёлнинг турмуш ўртоғи ногирон, 2 нафар фарзанди мактаб ўқувчиси, оила моддий таъминотга жуда эҳтиёжманд. Бундай шароитда Эътиборнинг ишлаши нақадар зарурлигини гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, юртимизда яна бир хонадон аъзолари ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришилди. 

   Эркакнинг қаддини ишсизлик букмасин экан. Нафақат опа-сингилларимиз, балки рўзғорининг камини бутлаш, қозонини қайнатиш умидида кўплаб эркаклар ҳам иш сўраб кон бошқармасига мурожаат қилганлар. Бир пайтлар шамолдек елган ва айни пайтда ишга кириш илинжида бўлган йигитларнинг ҳорғин чеҳраларини кўриб, “Эр бошига иш тушса...” сўзининг ҳикматини англагандек бўламан. 

  Сир эмаски, ишсизлик бутун дунёдаги оғриқли мавзу, турли кўнгилсиз воқеаларни келтириб чиқараётган, оилаларни пароканда қилаётган оғир иллатлардан бири. Кўпдан бери ишсизлиги оқибатида турмушида муаммолар туғилган Бобурнинг ишга жойлашиши эндиликда оиласининг бутун бўлиши, бағри тўлиб, хонадонига қувонч олиб киришига умидвормиз. 

   Инсон қалбига яхшилик билан қувонч олиб киришдан-да улуғроқ иш бормикан? Шу савобли ишларни қоғозга туширишга муяссар қилганига беҳад шукур! Ота-онасидан эрта ажралган Ерланнинг, оиласи учун қайғураётган ёш Муҳаммаднинг, отаси вафотидан кейин оила каттаси бўлиб қолган Жаҳонгирнинг, қатъиятли ва масъулиятли Зарифжоннинг ишга йўлланма олишгани улар каби мени ҳам бахтиёр қилди. Набираси Русланнинг ичкиликбозликка берилиб кетишидан қўрққан кекса “бабушка”ни неварасининг ишга йўлланма олгани ёшига ёш қўшгани аниқ! 

   “Абай” маҳалла фуқаролар йиғинидан Салтанат, Айтумар, Фарида, Манат, Нодирбек, Иброҳим, Лутфия опа, Дилдора, Маҳфуза, “Йўлчилар”да яшовчи Дилбар, Фотима, Амина, Элмира, “Дўстлик”дан Сарвиноз, Алишер, Гульнур, Нафиса, Шаҳодат, Саида, Севара, “Мустақиллик”дан Гулсара, Рўзимурод, Отабек, Дилдора, Шамсиддин, “Шалхар”, “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинидан Асем, Балзия, Муборак, Асемгул, “Навоий”дан Гуласал, Малоҳат, Беҳруза, Ижобат... 

    Юқоридаги исм эгалари бугун Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида ўз ўрнини топган ишчи-ходимлар.

   Компьютеримдаги миннатдорлик хатларини кўздан кечирараканман, расмлар жилдидаги беғубор кўзчали болажоннинг сурати диққатимни тортди. Чордеворда яшаётган болакай. Уй деб аталса нотўғрироқ бўладиган ушбу жой ҳақиқатан ҳам оғир аҳволда эди. Бир неча йиллар аввал отаси Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб бедарак йўқолган икки болажон гул умрини қийинчиликда бўлса-да, ҳалол яшаётган Дилбарнинг кўз қорачиқлари.

   ШКБ ахборот хизмати раҳбари Лайло Каримованинг ташаббускорлиги туманимиз аҳолисининг саховатга “лаббай” деб жавоб берадиган яхшиларини Дилбарга ёрдам беришга чорлади. Саховатпеша тадбиркорлар, 2-сонли Ҳарбийлаштирилган ёнғин отряди, ШКБнинг оддий ишчи-ходимлари оғир аҳволдаги чордеворни уйга айлантиришди. Лайло опанинг яхшиликка чорлов сигнали кадрлар бўлими бошлиғи Умиджон Раҳматовга ҳам тинчлик бермади. Бугун ногоҳон кўриб қолганим болажоннинг расми ҳам ўша оғир кунлардаги расм, бугун у қийин кунлар ундан йироқлашган, бугун унинг онаси ШКБнинг ишчиси! 

   Мақолани ёзиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига НКМК АЖ бўлинмаларига асосан ишга жойлаштириш тўғрисидаги мурожаатларнинг 2021 йил якунидаги 12 ойлик таҳлилий жадвали тушиб қолди. Жадвални кўздан кечирарканман, Шимолий кон бошқармаси томонидан ижобий ҳал этилган мурожаатлар кўрсаткичи Навоий кон-металлургия комбинатининг бошқа бўлимларига қараганда бир неча ўн-йигирма баробарга юқори эканини кўрсатиб турарди. Бу, Президентимиз айтганларидек, инсон қадри, халқ фаровонлиги учун амалга оширилган ишларнинг ойинаси, кўзгуси! 

   Шу ўринда яна бир маълумотни айтиб ўтишим лозим. Бугуннинг мутахассисларига ахборот технологиялари сир-асрорларини билиш жуда муҳим. Кадрлар бўлимида 2019 йил май ойидан бошлаб қабулнинг онлайн электрон тизими жорий этилган. Бу тизим орқали фуқаро уйидан чиқмаган ҳолда ўзининг шахсий ва касбий маълумотларини сайтга жойлаштиради, шу билан бирга, сайтни кузатиб боргани ҳолда ихтисослиги бўйича ўтказиладиган танлов санасини онлайн аниқлайди.

   Албатта, Шимолий кон бошқармасида ишлаш истагида бўлганлар нафақат туманимизда балки қўшни вилоятларда ҳам талайгина. Онлайн электрон қабул тизимининг афзалликлари инсон аралашуви омилининг, фуқаролар навбат кутишининг олдини олади, қоғозбозликни камайтиради, масофаларни яқинлаштиради, халқни сарсонгарчиликдан қутқаради. 

    Ортга қараб, халқчил раҳбарлар бошчилигида бажарган хайрли ишларимиздан кўнгилга қувонч инади. Бундай мисоллар талайгина. 4 та сектор раҳбарлари бўйсунувидаги овул ва маҳаллалардан тақдим этилган, сектор раҳбарлари тасдиқлаган жадвалга мувофиқ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги фуқаролар иш билан таъминланди. Шу ўринда бир муҳим фактни келтириб ўтиш лозим, ишга қабул қилинганларнинг 100 дан ортиғи хотин-қизлардир. 

   Хулоса шуки, Навоий кон-металлургия комбинати акционерлик жамиятида ҳар доимгидек ижтимоий муҳофаза, оилалар тотувлиги ва фаровонлиги, аёл бахти, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилиши, уларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши каби улуғ, савобли ишлар изчил амалга оширилмоқда. 

  

Нилуфар МУЙДИНОВА,

Шимолий кон бошқармаси кадрлар бўлими муҳандиси.

 

08 Apr 2022

   “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–198-сон, 07.04.2022 й.) қабул қилинди

   Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 майдан: 

   “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилганларга ва жазони ўтаб озодликка чиққан фуқароларга бериладиган тўловлар ҳар ойнинг 5-санасигача молиялаштирилади ҳамда АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан маҳаллаларга етказилади;

   АТ “Халқ банки” томонидан пенсия, нафақалар ва моддий ёрдамни фуқароларга нақд етказиш хизматлари учун Пенсия жамғармаси ва бюджетдан 1 фоиз банкка хизмат ҳақи тўлаб берилади; 

   Пенсия, нафақа, компенсациялар ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади;

    2022 йил 1 сентябргача ҳарбийлаштирилган пенсиялар тизими автоматлаштирилади ва пенсия варақаларини юритиш амалиёти бекор қилинади.  

   2022 йил 1 октябргача хориждан 1 800 та банкомат олиб келиб олис ҳудудларга ўрнатилади.

   2022 йил якунигача пенсия ва нафақа олувчилар маблағларини масофадан бошқариш имконини берувчи банкнинг янги мобил иловаси ишлаб чиқилади.

 

07 Apr 2022

     Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликлардан бири бўлган Қрим-Конго геморрагик иситма касалигини эндемик ҳудудлардан кириб келиши, тарқалишини олдини олиш мақсадида Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими томонидан санитария тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Жумладан туман Халқ таълими бўлимига қарашли 10-сонли умумтаълим мактаби педагогик жамоаси ўртасида санитария тарғибот учрашуви бўлиб ўтди.

    Санитария тарғибот давомида юқумли паразитар касалликлар, Республика аҳоли ўртасида ўта хавфли зооантропоноз юқумли касалликлардан бири бўлган геморрагик иситма касаллиги ва касаллик олдини олиш тўғрисида маълумотлар берилди. Қрим-Конго геморрагик касаллиги ўткир юқумли касаллик бўлиб, уни вируслар юзага келтиради. Вируслар майда қон томирлар капиллярларни шикастлайди, оқибатда ҳужайра тўқима ва тана аъзоларида қон айланиш жараёни, уларнинг озиқланиши ҳамда кислород билан таъминланиши ишдан чиқади.Тана аъзоларининг, айниқса ҳаётий муҳим аъзолар фаолиятининг бузилиши эса инсон ҳаётини хавф остига қўяди.Вируснинг асосий манбаи каналар ҳисобланади, улар вирусларни умри давомида ташийди. Улар асосий хўжайини қишлоқ хўжалик ҳайвонлари мол, қўй, эчки, от ва туялар ҳисобланади. Касаллик каналар чақиши ёки эзиб ўлдирилиши орқали юқади. Вирус организмга тушиши билан касалликнинг яширин даври бошланиб, бир неча соатдан бошлаб 2-7-кунгача давом этиб беморда қуйидаги аломатлар сезилади:

-ҳароратнинг кўтарилиши (39-40C0),

-баданнинг совуқ қотиб, қалтираши,

-мушакларнинг оғриши,

-кўриш қобилятининг бузилиши ва кўздаги қон томирларнинг ёрилиши оқибатида қизариши,

-баданга қизил майда тошмалар тошиши,

-қон тупуриш, қоринда оғриқ, баъзан қон қусиш, нажаснинг қорайиши,

-бурундан қон кетиши каби ҳолатлар намоён бўлиши мумкин. 

    Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигини олдини олиш учун уй ҳайвонларини боқиш, молхона ва хўжалик ҳайвонлари сақланадиган жойларни тозалашда махсус ҳимоя кийими ва қўлқопда бўлиши зарур. Уй ҳайвонларини мунтазам каналарга текшириб турилиши, қирқим мавсумида қирқим жараёнига болалар ва ҳомиладор аёлларни жалб қилмаслик, сичқон,каламушларни кўпайишига йўл қўймаслик, тозаликка эътибор бериш ва зарарсизлантириш ишларини амалга ошириш талаб этилади.

     Шунингдек, ботулизм касаллиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди. Учрашув давомида уй хўжалиги ҳайвонларини сақлаш бўйича тавсиялар берилди.

   Учқудуқ туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими энтомологи: Гулшода Назарова.   

 

07 Apr 2022

    Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2022 йил 7 март кунидаги 94-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида “Шимолий” кон бошқармаси объектлари ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлими томонидан ёнғин хавфсизлиги таъминланаётган объектларда ҳамда Учқудуқ туман ҳудудида сув тошқинлари, сел, қор кўчкилари оқибатларида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида, жорий йилнинг 1 апрель кунидан 1 май кунига қадар Республикамизда “Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” ўтказилаётганлиги муносабати билан бўлим ва унинг тасарруфидаги офицерлар таркибидан Тезкор ишчи гуруҳи тузилди.

    Тезкор ишчи гуруҳи томонидан объектларда ва Учқудуқ тумани ҳудудида Баҳор мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва Фуқаро муҳофазасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар Режаси ишлаб чиқилиб, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, ёнғин-қутқарув автомобиллари ва улардаги мавжуд асбоб-анжомларнинг созлиги таъминланиб, кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилмоқда. Бундан ташқари объектлардаги маъмурий ва маиший ҳамда ишлаб чиқариш бинолари, омборхоналарда сув тошқинлари, сел оқибатларида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида бириктирилган ходимлар томонидан яна бир бор текширилиб, сувларни хавфсиз ҳудудга чиқариш учун мўлжалланган барча мосламалар, дренажлар, латоклар ва ариқларга алоҳида эътибор берилди. Аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилиб, алоҳида назорат остига олинган. 

                                                                                                                Тоир Рўзиев   

“ШКБ” ОЁХТТЭ Бўлим 

бошлиғи ўринбосари майор 

 

 

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: