LOTIN-КИРИЛЛ

ШИМОЛИЙ КОН БОШҚАРМАСИ САБАБ "ДАФТАРЛАР" НИ ТАРК ЭТГАН УЧҚУДУҚЛИК АЁЛЛАР

    Атрофимизда содир бўлаётган кундалик воқеа-ҳодисаларни кузатаётган оддий инсон, бандлик, ишсизлик билан боғлиқ муаммолар ва кон бошқарма раҳбарияти кўмагида уларни ҳал этишда иштирок этган ходим сифатида халқимизни рози қилиш йўлидаги хайрли ишлар тўғрисидаги мулоҳазаларимни ушбу мақолага жамладим.

    Tуманимизда қолаверса, қўшни Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Жиззах ва ҳаттоки узоқ водий вилоятларидаги туманлардан ҳам Қизилқумнинг юрагида жойлашган Шимолий кон бошқармасида ишлаш истагида бўлганлар талайгина. Ҳа, бугун Шимолий кон бошқармаси Учқудуқ туманининг белидаги белбоғи! 

    Аҳолининг кўпчилигини қамраб олган ушбу ташкилотда айни вақтда 8000 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар меҳнат қилишаётир. Кадрлар бўлими ана шу кўпмиллатли, аҳил жамоа ишчи-ходимларини ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ёки ишдан бўшатиш, меҳнат ёки ўқув таътили, мукофотлаш, касаллик варақалари, хизмат сафари, архив, пенсия таъминотига алоқадор ҳужжатларни аниқ, адолатли, шаффоф ва ўз вақтида юритилишини таъминлайди ва назорат қилади, маънавий-маърифий тарғибот ишларини амалга оширади. Бошқарманинг “кириш йўлаги” ҳисобланган кадрлар бўлимида меҳнат қилиш ҳам фахр, ҳам жуда катта масъулият, ҳалоллик, адолат, қонун ҳужжатларига суянган ҳолда виждонан ишлаш демакдир. 

     Юқорида бежизга “кириш йўлаги” атамасини келтирмадим. “Уйнинг аҳволи остонадан маълум” деганларидек, кадрлар бўлимига ташриф буюрган фуқаро борки, мазкур бўлим негизида йирик корхона ҳақида тасаввурга эга бўлади. Шу боисдан раҳбариятнинг ходимлардан мурожаат қилувчи фуқаролар билан мулоқотда самимийлик ва сабр тушунчаларига суяниб меҳнат қилиш тўғрисидаги қатъий талаблари ўринлидир.

    “Танаси бошқа дард билмас”, дейдилару аммо турмуш муаммолари, рўзғор ташвишларидан чарчаган кишига “буғдой сўзи” билан муомала қилиш ҳам одамийликнинг нишонаси. Бу борада кадрлар бўлими бошлиғи Умиджон Рахматовнинг фуқаролар билан мулоқотда ўзини тутиши, маданияти, самимийлиги кўпчиликка ўрнак. 

    Мавзудан узоқлашмай, кадрлар бўлимига бир неча марта қилган мурожаатлари сабаб таниб қолганим, ташвишлари кўзларида кўриниб турган оналар, аёллар ҳақида ёзсам.

    ...Сабоҳат опа “Айтим” МФЙда истиқомат қилади. Йиллар давомида иш излаб елиб-югурган, болаликдан 2-гуруҳ ногирони бўлган фарзандини ёнига олиб ёзнинг жазирамасию, қишнинг аёзли заҳрини тотиб писта-қурт сотган. Опанинг яшаш шароити билан танишганимиздаёқ кўнглимда шу аёлнинг тезроқ ишга жойлашишини сўраб дуо қилдим. Кўп ўтмай раҳбариятнинг эътибори туфайли Сабоҳат опанинг муаммоси ҳал бўлди – у иш билан таъминланди.

   Агар рассом бўлганимда ёлғиз аёлнинг кўзларида жо бўлган дарднинг суратини чизган бўлардим. Меҳнат фаолиятим давомида шундай муштипар аёлларнинг прототипини учратдим. Суяниб турган тоғидан ажралиб қолиш ҳар қандай кучли аёлни эсанкиратиб қўяди. “Йўлчилар”, “Абай”, “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинларида боқувчисини йўқотган оилалар рўйхатида турувчи Гулжон опа 2 нафар фарзанди билан, Янгилжон опа 3 нафар фарзанди билан, Шахноза ва Бахтигуллар 2 нафар фарзандлари билан ёлғиз қолишган. 

   Турмуш ўртоғи – суянчиғи вафотидан кейин рўзғорнинг барча юки гарданига тушган аёллар нажот излаб кон бошқармасига мурожаат қилдилар. Шукурки, уларнинг ҳам оғири енгил бўлди. 

    Жуда яқин дугонам ижарада туриш заҳмати ҳақида гапирганди. Пишиб улгурмаган овқатини қозони билан кўтариб ижара уйидан қувилгани, ижара ҳақини тўлиқ бермаганига яқин қариндоши пулни тўлиқ қилиб келиши учун уни совуқда изига қайтаргани, кўзида ёши билан ёмғирда қолгани ҳақидаги сўзлари менга гўёки эртакдек туюлганди. Ишга қабул қилиш борасида мурожаат қилган фуқароларнинг ижтимоий ҳолатини ўрганиш асносида улардан айримларининг ижарада яшаши аниқланди, бу масалада ҳам яхшилик ғолиб келди! 

    Ўзбекистон халқи тарихида катта бурилиш ясаган Халқ қабулхоналари номига монанд тарзда Шимолий кон бошқармасида ташкил этилган Жисмоний ва юридик шахслар мурожаати хизмати фуқароларнинг турли мазмундаги муаммоларига ечим топишда шаффофлик, очиқлик, холисликка ёндошиб, кадрлар бўлими билан ҳамкорликда иш олиб борадилар. Юқорида келтирилган мисолларда ушбу хизмат ходимлари фуқароларнинг яшаб турган маҳалласи, турмуш шароити, яшаш муҳити тўғрисидаги маълумотларни аниқлаш ва масаланинг адолатли ҳал этилишида кадрлар бўлими билан ҳамнафас ишлайди. 

   Мазкур хизматга келган мурожаатлардан бирини ўрганиш жараёнида Эътиборнинг оиласига зудлик билан ёрдам, руҳий далда кераклиги аниқланди. Аёлнинг турмуш ўртоғи ногирон, 2 нафар фарзанди мактаб ўқувчиси, оила моддий таъминотга жуда эҳтиёжманд. Бундай шароитда Эътиборнинг ишлаши нақадар зарурлигини гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, юртимизда яна бир хонадон аъзолари ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришилди. 

   Эркакнинг қаддини ишсизлик букмасин экан. Нафақат опа-сингилларимиз, балки рўзғорининг камини бутлаш, қозонини қайнатиш умидида кўплаб эркаклар ҳам иш сўраб кон бошқармасига мурожаат қилганлар. Бир пайтлар шамолдек елган ва айни пайтда ишга кириш илинжида бўлган йигитларнинг ҳорғин чеҳраларини кўриб, “Эр бошига иш тушса...” сўзининг ҳикматини англагандек бўламан. 

  Сир эмаски, ишсизлик бутун дунёдаги оғриқли мавзу, турли кўнгилсиз воқеаларни келтириб чиқараётган, оилаларни пароканда қилаётган оғир иллатлардан бири. Кўпдан бери ишсизлиги оқибатида турмушида муаммолар туғилган Бобурнинг ишга жойлашиши эндиликда оиласининг бутун бўлиши, бағри тўлиб, хонадонига қувонч олиб киришига умидвормиз. 

   Инсон қалбига яхшилик билан қувонч олиб киришдан-да улуғроқ иш бормикан? Шу савобли ишларни қоғозга туширишга муяссар қилганига беҳад шукур! Ота-онасидан эрта ажралган Ерланнинг, оиласи учун қайғураётган ёш Муҳаммаднинг, отаси вафотидан кейин оила каттаси бўлиб қолган Жаҳонгирнинг, қатъиятли ва масъулиятли Зарифжоннинг ишга йўлланма олишгани улар каби мени ҳам бахтиёр қилди. Набираси Русланнинг ичкиликбозликка берилиб кетишидан қўрққан кекса “бабушка”ни неварасининг ишга йўлланма олгани ёшига ёш қўшгани аниқ! 

   “Абай” маҳалла фуқаролар йиғинидан Салтанат, Айтумар, Фарида, Манат, Нодирбек, Иброҳим, Лутфия опа, Дилдора, Маҳфуза, “Йўлчилар”да яшовчи Дилбар, Фотима, Амина, Элмира, “Дўстлик”дан Сарвиноз, Алишер, Гульнур, Нафиса, Шаҳодат, Саида, Севара, “Мустақиллик”дан Гулсара, Рўзимурод, Отабек, Дилдора, Шамсиддин, “Шалхар”, “Алтинтау” овул фуқаролар йиғинидан Асем, Балзия, Муборак, Асемгул, “Навоий”дан Гуласал, Малоҳат, Беҳруза, Ижобат... 

    Юқоридаги исм эгалари бугун Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида ўз ўрнини топган ишчи-ходимлар.

   Компьютеримдаги миннатдорлик хатларини кўздан кечирараканман, расмлар жилдидаги беғубор кўзчали болажоннинг сурати диққатимни тортди. Чордеворда яшаётган болакай. Уй деб аталса нотўғрироқ бўладиган ушбу жой ҳақиқатан ҳам оғир аҳволда эди. Бир неча йиллар аввал отаси Россия Федерациясига ишлаш учун кетиб бедарак йўқолган икки болажон гул умрини қийинчиликда бўлса-да, ҳалол яшаётган Дилбарнинг кўз қорачиқлари.

   ШКБ ахборот хизмати раҳбари Лайло Каримованинг ташаббускорлиги туманимиз аҳолисининг саховатга “лаббай” деб жавоб берадиган яхшиларини Дилбарга ёрдам беришга чорлади. Саховатпеша тадбиркорлар, 2-сонли Ҳарбийлаштирилган ёнғин отряди, ШКБнинг оддий ишчи-ходимлари оғир аҳволдаги чордеворни уйга айлантиришди. Лайло опанинг яхшиликка чорлов сигнали кадрлар бўлими бошлиғи Умиджон Раҳматовга ҳам тинчлик бермади. Бугун ногоҳон кўриб қолганим болажоннинг расми ҳам ўша оғир кунлардаги расм, бугун у қийин кунлар ундан йироқлашган, бугун унинг онаси ШКБнинг ишчиси! 

   Мақолани ёзиш асносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига НКМК АЖ бўлинмаларига асосан ишга жойлаштириш тўғрисидаги мурожаатларнинг 2021 йил якунидаги 12 ойлик таҳлилий жадвали тушиб қолди. Жадвални кўздан кечирарканман, Шимолий кон бошқармаси томонидан ижобий ҳал этилган мурожаатлар кўрсаткичи Навоий кон-металлургия комбинатининг бошқа бўлимларига қараганда бир неча ўн-йигирма баробарга юқори эканини кўрсатиб турарди. Бу, Президентимиз айтганларидек, инсон қадри, халқ фаровонлиги учун амалга оширилган ишларнинг ойинаси, кўзгуси! 

   Шу ўринда яна бир маълумотни айтиб ўтишим лозим. Бугуннинг мутахассисларига ахборот технологиялари сир-асрорларини билиш жуда муҳим. Кадрлар бўлимида 2019 йил май ойидан бошлаб қабулнинг онлайн электрон тизими жорий этилган. Бу тизим орқали фуқаро уйидан чиқмаган ҳолда ўзининг шахсий ва касбий маълумотларини сайтга жойлаштиради, шу билан бирга, сайтни кузатиб боргани ҳолда ихтисослиги бўйича ўтказиладиган танлов санасини онлайн аниқлайди.

   Албатта, Шимолий кон бошқармасида ишлаш истагида бўлганлар нафақат туманимизда балки қўшни вилоятларда ҳам талайгина. Онлайн электрон қабул тизимининг афзалликлари инсон аралашуви омилининг, фуқаролар навбат кутишининг олдини олади, қоғозбозликни камайтиради, масофаларни яқинлаштиради, халқни сарсонгарчиликдан қутқаради. 

    Ортга қараб, халқчил раҳбарлар бошчилигида бажарган хайрли ишларимиздан кўнгилга қувонч инади. Бундай мисоллар талайгина. 4 та сектор раҳбарлари бўйсунувидаги овул ва маҳаллалардан тақдим этилган, сектор раҳбарлари тасдиқлаган жадвалга мувофиқ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”даги фуқаролар иш билан таъминланди. Шу ўринда бир муҳим фактни келтириб ўтиш лозим, ишга қабул қилинганларнинг 100 дан ортиғи хотин-қизлардир. 

   Хулоса шуки, Навоий кон-металлургия комбинати акционерлик жамиятида ҳар доимгидек ижтимоий муҳофаза, оилалар тотувлиги ва фаровонлиги, аёл бахти, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилиши, уларнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшаши каби улуғ, савобли ишлар изчил амалга оширилмоқда. 

  

Нилуфар МУЙДИНОВА,

Шимолий кон бошқармаси кадрлар бўлими муҳандиси.

 

O'qilgan: 852 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: