Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ижтимоий муҳофазага муҳтож аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимларини жорий қилиш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилганди.
Мазкур вазифаларни Учқудуқ туманида амалга оширишга қаратилган масалалар муҳокамасига бағишланган туман штаби йиғилиши ўтказилди. Туман ҳокими С.Хамроев раислигида бўлиб ўтган ташкилий йиғилишда 13 нафардан иборат туман штаби аъзолари тасдиқланди.
Штаб аъзолари олдига “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, уларнинг мавжуд муаммоларини ҳал этиш, иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатиш, бандлигини таъминлаш асосий вазифаларидан бири этиб белгилаб берилди.
Таъкидландики, биринчи босқичда, сектор раҳбарлари ва мутасадди идоралар вакиллари ҳар бир маҳаллада уйма-уй юриб, аёллар билан мулоқот қилиб, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган хотин-қизлар аниқлаши ҳамда шу асосида “Аёллар дафтари” шакллантирилиши, иккинчи босқичда, аёллар дафтарига киритилган хотин-қизларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмалар шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш бўйича амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгиланиши, учинчи босқичда, белгиланган чора-тадбирларга асосан “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир хотин-қизларнинг фаолияти доимий мониторинг қилиниши, мониторинг натижаларига кўра амалга оширилган ишлар ҳар ойда муҳокама қилиб борилиши қайд этилди.
Гулбаҳор АЛЛАНОВА,
туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.