Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 8-июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармони билан бошланган ер муносабатлари соҳасидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида:
2024 йил 6 сентябр куни “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер ресурсларининг инвестициявий имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-135-сонли Фармони қабул қилинди ва унда қуйидагилар белгиланди.
а) қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижара ҳуқуқи асосида сотиб олиш қийматини қуйидаги шартларда ҳар ойда тенг улушларда, қолдиқ суммага Марказий банкнинг асосий ставкасида фоиз ҳисоблаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди, бунда:
- Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида — 3 йил давомида камида 35 фоиз миқдорида дастлабки тўловни ўн беш иш кунида амалга ошириш шарти билан;
- бошқа аҳоли пунктларида — 5 йил давомида камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни ўн беш иш кунида амалга ошириш шарти билан;
- 4- ва 5-тоифалардаги туманларда эса 10 йил давомида камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни ўн беш иш кунида амалга ошириш шарти билан бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
б) барча турдаги ер участкаларининг қиймати ўн беш иш кунида тўлиқ тўланган тақдирда, жами суммага нисбатан 20 фоиз чегирма берилиши белгиланди. (бундан бошланғич нархи 50 фоиздан ортиққа пасайтирилган ер участкалари мустасно).
Жойлардаги ҳокимликларга саноат зоналари, аҳоли пунктлари ҳудудларининг қисмлари, хусусан, янги барпо этиладиган кўп квартирали ва якка тартибдаги уй-жой массивлари, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳудудларини шаҳарсозлик жиҳатидан режалаштириш ишларига белгиланган шартларга мувофиқ лойиҳа ташкилотларини энг яхши таклифларни танлаш асосида жалб қилиш ҳуқуқи берилади.
Бугунги кунда Навоий вилоятида ушбу Қарорга асосан 2280 та тадбиркорлик учун ер участкалари савдода мавжуд бўлиб, шундан Томди, Конимех ва Хатирчи туманларидаги савдода турган ер участкалари 120 ой муддатга, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Учқудуқ туманлари хамда Зарафшон шаҳридан савдога чиқарилган ер участкаларини 60 ой муддатга булиб тўлаш имконияти билан аукцион савдоларидан олиш мумкин.
Шунингдек Фармонга кўра, хусусий инвесторлар ташаббуси билан янги массивларни барпо этишда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар белгиланган асосий шартларга мувофиқ расмийлаштирилади.
Бунда, хусусий инвесторга тегишли ер участкалари ҳамда улар оралиғида жойлашган кўп квартирали уйларга туташ ерлар ва умумий фойдаланишдаги ерлар Кўчмас мулкни бирлаштириш ва унинг янги чегараларини белгилаш далолатномаси асосида ягона ер участкасига бирлаштирилади.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини мулк ҳуқуқи, ижара ҳуқуқи ва доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан янгидан ажратишда белгиланган асосий шартлар асосида мазкур ер участкасида бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қурилишни бошлаш ва якунлаш ҳамда объектни фойдаланишга топшириш муддатлари мажбурий равишда кўрсатилади.
Янги реализация қилинган ер участкаларига нисбатан объектни фойдаланишга топшириш даврига тенг бўлган, бироқ 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда ер солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси
“Электрон онлайн аукционларни ташкил этиш” АЖ
Навоий вилояти вакили Агзамов Акмал